Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг хабар беришича, шу йилнинг 7 апрель куни вояга етмаган бола оила аъзоларига моддий кўмак кўрсатиш мақсадида ўқишни ташлаб, амакиси ҳамроҳлигида Қозоғистон Республикасига жўнаб кетган.
Бироқ, 2025 йил 2 май куни Қозоғистон Республикасида ушбу вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси ота-она қарамоғисиз қолган ҳолатда аниқланиб, махсус ижтимоий хизматлар муассасасига жойлаштирилган. Гарчи бола Қозоғистонга ишончнома асосида олиб ўтилган бўлсада, мамлакат амалдаги қонунчилигига мувофиқ, бундай муассасалардан вояга етмаган шахсни фақат унинг ота-онаси олиб чиқиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан кўрилган тезкор чоралар натижасида бола 2025 йил 20 май куни Ўзбекистонга олиб келинди.
Маълумот учун: жорий йил бошидан буён Қозоғистондан жами 12 нафар ота-она қарамоғисиз қолган вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. Ҳозирда яна 5 нафар бола давлат ёрдами асосида қайтарилишини кутмоқда.








