Рақамлашаётган кадастр — ҳар бир қарич ерни ҳисобга олишда муҳим аҳамиятга эга

    Мамлакатимиздаги изчил ислоҳотларда инсонга бўлган эътибор ва халқ фаровонлигини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган. Ер майдонларини асраб-авайлаш борасида ҳамда фуқароларнинг мулк ҳуқуқи ва дахлсизлиги, уни ишончли ҳимоялашга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинган.

    Хусусан, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик учун ер участкаларини мулк ҳамда ижара ҳуқуқи асосида очиқ аукцион орқали сотиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни эса деҳқон хўжалигини юритиш учун ижара ҳуқуқи асосида очиқ электрон танлов орқали бериш, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли ер участкаларини хусусийлаштириш орқали ерни бозор активига айлантириш каби саъй-ҳаракатлар шиддатли суръатларда кечмоқда. Шу ўринда ер участкаларидан оқилона фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш, ер, айниқса, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер талон-тарож қилинишининг олдини олиш, жараёнларга ахборот технологияларини кенг қўллаган ҳолда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирларига алоҳида аҳамият бериляпти.

    Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янада ривожлантиришга туртки бўлди. Хўш, ушбу фармон ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш масаласи Наманган вилоятида қай даражада амалга оширилмоқда?

    — Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бошқармамиз ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳамкор ташкилотлар, ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда иш ташкил этилиб, ерга оид ҳуқуқбузарликлар мониторинги юритилмоқда, — дейди Кадастр агентлигининг Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Баҳромжон Фозилов. Хусусан, бошқарма ва унинг туман, шаҳар бўлимлари 2022 йилда ер ва кадастр назорати тадбирлари чоғида 1162 та ҳолатда 530 гектар ерни хўжасизларча эгаллаб олиш ҳолатларини аниқлади. Профилактик тушунтириш ҳамда кўрсатмалар туфайли 976 та ҳолатда 490 гектар ер қонунбузилишини фуқаролар ихтиёрий равишда бартараф этишди. 40,7 гектар ер билан содир этилган ҳуқуқбузарликни ўз хоҳиши билан бартараф қилмаган 186 шахсга нисбатан ноқонуний қурилмаларини мажбурий буздириш юзасидан судларга даъво аризалари киритилди. 70 та даъво ариза эса судларда қаноатлантирилиб, мажбурий ижрога йўналтирилди.

    Сен менга тегма, мен сенга тегмайман, дейдиган вақтлар ўтди. Қўшма назорат тадбирларига мувофиқ, Бош прокуратура ва Кадастр агентлиги ўртасида тасдиқланган “Ерлардан мақсадли фойдаланиш ҳамда давлат кадастрларини юритиш соҳасида қонунийликни таъминлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисида”ги шартномага биноан, 27 та ҳолатда жиноят аломатлари бўлган иш ҳужжатлари ЖПКнинг 329-330-моддалари талаблари асосида ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилди.

    Кадастр агентлиги Наманган вилояти бошқармаси ер ва кадастр назорати бўлими бошлиғи Дилшод Сотиболдиевнинг айтишича, Чортоқ туманида ўтказилган назорат тадбирида фуқаро Орифжон Султонов “Ойқирон миришкорлари” фермер хўжалиги ҳудудида тупроқ унумдорлиги 45 балл бонитетига тенг бўлган боғнинг 2,4 сотих ер майдонида молхона, фуқаро Ҳасанбой Султонов эса “Ҳазратишоҳ миришкорлари” агрофирмаси ҳудудида тупроқ унумдорлиги 81 балл бонитетига тенг боғнинг 2 сотих ер майдонида ўзбошимчалик билан уй-жой қуриб олгани аниқланди.

    Улар бу билан МЖтКнинг 60-моддаси 3-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган. Шунинг учун маъмурий баённома расмийлаштирилиб, уларнинг ҳар бири 40,5 миллион сўм миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилди.

    Уйчи туманида яшовчи Зокиржон Жўраев “Туман агропилла” МЧЖ тасарруфидаги тупроқ унумдорлиги 64 балл бонитетига тенг тутзорнинг 7 сотихида ҳеч қандай ҳужжатсиз қуртхона ва уй-жой қуриб олган. Бу факт аниқлангач, ноқонуний қурилмани ихтиёрий бузишга доир маъмурий баённома тузилди. З.Жўраев қонунга бўйсунмаганидан кейин унинг қилмишига ЖПКнинг 329-330-моддалари талаблари асосида ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратурага жўнатилди.

    2022 йилда 131 та ҳолатда ердан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, 119 та ҳолатда туман ҳокимликларига тақдимномалар киритилди. Натижада 818 гектар ер туман ҳокимликлари захирасига қайтарилиши таъминланди. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида ваколатли органларга мурожаат этмасликка оид жами 2 335 та ҳолат бўйича ҳам чоралар кўрилди.

    Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор. Президентимизнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси халқ билан мулоқот қилиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг замонавий тизимига айланди. Кадастр соҳасидаги мурожаатларни ҳам дарҳол кўриб чиқиш, такрорий мурожаатларга йўл қўймаслик учун мутасаддилар туманларнинг олис ва чегара манзилларида мунтазам сайёр қабуллар уюштирмоқда. Муаммоли масалалар ҳудудларга чиқиб, жойида ўрганилмоқда.

    Кадастр агентлиги Наманган вилояти бошқармасига 2022 йилда юридик ва жисмоний шахслардан 1079 та мурожаат тушган бўлиб, улар сони 2021 йилдагига нисбатан 204 тага кўпайган. Бу аҳоли ва тадбиркорларнинг ерга бўлган талаблари ортганини кўрсатмоқда. Уларнинг 842 таси ижобий ҳал қилинди ва 237 та мурожаат эгасига ҳуқуқий тушунча берилди.

    Кадастр соҳасидаги янгиликлардан аҳоли ва тадбиркорларни хабардор этиш учун ер майдонлари турлари, тоифалари, аукцион ва электрон танлов асосида ер майдонлари ажратиш тартиблари, кадастр ҳужжати тайёрлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур ҳуқуқий ҳужжатлар, уй-жой мероси ва бошқа кўпчиликни қизиқтирган масалалар бўйича оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишлари кучайтирилди.

    Рақамлаштириш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш – замон талаби. Кадастр маълумотлар базасини юритиш ҳамда вилоятда ер ва мол-мулк солиғини ҳисоблаш сиёсатини тизимлаштириш ҳамда маҳаллий бюджетни барқарорлаштириш мақсадида Давлат кадастрлари палатаси Наманган вилояти бошқармасининг туман, шаҳар филиаллари жисмоний ва юридик шахсларга тегишли турар ҳамда нотурар жойларнинг атрибутив маълумотлари базасини Кадастр агентлигининг “Кўчмас мулк-3” интеграциялашган ахборот тизими кўмагида юритмоқда. Ҳозир кадастр маълумотлари базасида вилоят бўйича қарийб 600 мингта кўчмас мулкнинг атрибутив маълумотлари ҳамда 611 мингдан ортиқ мулкдор ҳақидаги маълумотлар шакллантирилди. Натижада юридик ва жисмоний шахсларга тез ва сифатли кадастр хизмати кўрсатиш имконияти яратилди.

    — Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан, илгари узоқ вақтда бажарилган кадастр хизматлари энди хизмат турига қараб 2-7 кунда ҳал бўлмоқда, — дейди Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Қодир Ғаффоров. — Кадастр тизими ходимлари “хонадонбай” иш ташкил қилиши самарасида 2022 йил мобайнида кадастр маълумотлари базасига аввал ҳисобда бўлмаган 19 мингдан ортиқ кўчмас мулк ҳақидаги маълумот ҳисобга олиниб, давлат рўйхатидан ўтказилди. Мазкур кадастр йиғма жилдларининг мулк қиймати 1 триллион 492 миллиард сўмга етди. Натижада фуқароларга қулайлик яратилиб, банк кредити ва субсидия олиш, ипотека расмийлаштиришлари учун имкониятлар кенгайди.

    Президентимизнинг 2022 йил 10 сентябрдаги “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан 2022 йилда фермер хўжаликлари ва кластерлардан захирага олинган 8 541 гектар ер вилоят ҳокимининг тегишли қарорига ҳамда туман ҳокимликларининг буюртма хатларига асосан, давлат мулки сифатида туман ҳокимликлари номига рўйхатдан ўтказилди. Бу ер майдонлари 61 минг 555 та лотга бўлиниб, очиқ электрон савдога чиқарилди. Танлов ғолиблари бўлган 58 минг 628 фуқарога 30 йилгача ердан фойдаланиш учун ижарага берилди. Натижада 150 мингдан зиёд иш ўрни яратиш имкони туғилди. Бу шунча оилада моддий аҳвол яхшиланади, шунча оилага қувонч, шодлик киради, деганидир.

    Турар ва нотурар жойларга кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш масаласида мурожаат этган юридик ва жисмоний шахсларнинг буюртмалари ижроси “Davreestr Pro2” дастури орқали электрон тарзда тез ва сифатли бажарилмоқда.

    Вилоят бўйича 2022 йилда электрон тарзда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун жами 60 минг 323 та мурожаат келиб тушган. Шундан 41 минг 180 таси ижобий ҳал қилинди, 1 минг 313 таси ижро этилиб, тўлови кутилмоқда, қолган 17 минг 96 та мурожаатчи билан ҳужжатларни расмийлаштириш учун иш ташкиллаштирилди.

    Президентимиз раҳбарлигида 2022 йил 18 июль куни аҳолига бўлиб берилган экин ерлари ва томорқа участкаларидан самарали фойдаланиш бўйича устувор вазифалар тўғрисида ўтказилган видеоселектор йиғилишида кадастр тизимига аҳоли хонадонларини “маҳаллабай” таҳлил қилиб, уй-жойга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи кадастр ҳужжатига эга бўлмаган хонадонларнинг электрон рўйхатини шакллантириш ва уй-жойга эгалик ҳуқуқини эътироф этишга асос бўлувчи ҳужжатларни тўплаб, электрон базага киритиш вазифаси юклатилган эди.

    Давлат кадастрлари палатаси Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аҳадхон Насриддиновнинг билдиришича, ўша топшириқ ижроси учун палата тасдиқлаган режа-жадвал асосида вилоятдаги давлат рўйхатидан ўтмаган 30877 та якка тартибдаги уй-жой рўйхати тасдиқланди. Ишни жадаллаштириш ва сифатли бажариш учун туман ва шаҳар филиалларига вакиллар бириктирилди. Хатловга жалб этилган мутахассислар иштирокида ўқув семинари ташкил этилиб, “UzKad” дастурида ишлаш ўргатилди. Жорий йилда 30877 та кўчмас мулк объекти, уй-жой юз фоиз хатловдан ўтказилди.

    Вилоят кадастр тизимида ҳозир 520 нафардан зиёд ходим меҳнат қилмоқда. Жамоанинг асосий қисми ёш мутахассислар. Бошқарма ва қуйи тизимда ишлаётганларнинг 175 нафари 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар. 2022 йилда вилоят бошқармаси туман ва шаҳар филиалларига мутахассислиги бўйича 43 ходим ишга қабул қилинди, 54 нафар раҳбар ва мутахассис ходим ўз йўналишлари бўйича малакасини оширди.

    Юртимиздаги иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар, ўзгаришлар ер ва унга боғлиқ ресурсларнинг аниқ ҳисобини юритишни, улардан оқилона фойдаланишни талаб этмоқда. Ўтган йиллар давомида вилоят кадастр тизимидаги шаҳар ва 11 та туман филиали ўз биноларига эга бўлди. Улар мебель, компьютер, оргтехника воситалари ва бошқа жиҳозлар ҳамда автомашиналар билан таъминланди. Тажрибали, фидойи мутахассислардан иборат жамоа соҳа истиқболи, қолаверса, ёш ва малакали мутахассислар тайёрлаш, уларни соҳа билимдони бўлиб етишишида устоз-шогирд анъанасига содиқ ҳолда ўз куч ва билимларини аямаяптилар. Энг муҳими, соҳада олиб борилаётган ишлардан одамлар рози.

    Орифжон ЖЎРАЕВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates