Рақамлаштириш ишлари талаб даражасида олиб бориляптими?

    Рақамлаштириш 6 март 2023 2316

    Давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ҳужжатларни қоғоз шаклидан электрон шаклига тўлиқ ўтказиш мақсадида давлат органлари фаолияти ва улар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларини рақамлаштиришнинг қамровини янада кенгайтириш масаласи муҳим аҳамият касб этади.

    Жорий йил 22 февралда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳам айнан рақамлаштириш ишларини жадаллаштиришга бағишланган эди. Унда рақамлаштириш йўналишида мавжуд камчиликлар санаб ўтилиб, галдаги вазифалар белгилаб берилди.

    Рақамлаштириш соҳасида давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган кучли ижтимоий-иқтисодий сиёсатни қўллаб-қувватлаш ҳамда мазкур йўналишида қабул қилинган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш мақсадида 2023 йил 3 мартда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан эшитув ўтказилди.

    Тадбирда Рақамли технологиялар вазирлигининг давлат органлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини ҳамда давлат органлари фаолиятини рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, аҳолини сифатли оптик толали интернет билан таъминлаш ҳамда рақамли инфратузилмани ривожлантириш борасида амалга ошираётган ишлари муҳокама этилди.

    Қайд этилганидек, Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан 2022 йилда Ягона порталда жорий этилган давлат хизматлари сони 370 тага етказилган ва 2023 йилда яна қўшимча 200 та электрон хизматлар жорий этилиши режалаштириляпти. Бундан ташқари, «Электрон ҳукумат»нинг асосий принципларидан бири электрон хизматларни «бир дарча» таомили асосида, яъни электрон ҳамкорлик асосида кўрсатиши белгиланган бўлиб, ушбу йўналишда фуқаролардан 70 дан ортиқ ҳужжат ҳамда маълумотномаларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинди. 38 турдаги хизматлардан фойдаланишда электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаби бекор қилинди.

    Қолаверса, аҳолини сифатли оптик толали интернет билан таъминлаш доирасида Халқаро Интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 2,6 баробар оширилиб, 3 200 Гбит/с.га етказилган. Республика бўйлаб магистраль телекоммуникация тармоқлари ўтказувчанлик қобилияти вилоятлараро даражада 600 Гбит/с.га, туманлараро даражада эса 60 Гбит/с.га етказилган. Натижада республикада интернет тезлигини оширишга, оператор ва провайдерларга Интернет хизматлари учун тарифнинг 2021 йил бошига нисбатан 25 фоизга арзонлаштиришга эришилган.

    Тадбирда рақамлаштириш йўналишида эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда айрим муаммо ва камчиликларга тўхталиб ўтилди.

    Хусусан, ҳозирда вазирликларнинг 5 мингта функциясидан фақат 30 фоизи рақамлаштирилган. Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган Ички ишлар идораларида 34 та, Адлия идораларида 32 та, «Ўзстандарт»да 29 та, соғлиқни сақлашда 11 та хизмат рақамлаштирилмаган. Ишга ёки ўқишга кириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда керак бўладиган «086-шакл»даги тиббий маълумотномани олиш учун одамлар ҳар сафар поликлиникаларга мурожаат қилишга мажбур.

    Яна бир ҳолат. Ерларни хусусийлаштириш учун мурожаат онлайн берилади. Лекин коммунал соҳадаги маълумотлар рақамлаштирилмагани боис, кейинги босқичлар барибир «қўлда» бажариляпти. Ёки йилига 300 мингдан ортиқ фуқароларимиз янги автомобиль сотиб олади. Аммо рўйхатдан ўтиш ва давлат рақами олиш учун ҳалигача йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига боришга мажбур бўляпти.

    Бундан ташқари аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари порталлари ва (ёки) турли хил иловалар уларнинг интерфейсидан тортиб то алоҳида операцияларни амалга ошириш тизимларигача жуда мураккаб ишлаб чиқилган. Бу эса ўз навбатида аҳолига яратилган имкониятлардан самарасиз фойдаланишига олиб келади. Депутатлар шунингдек электрон хизматларда қулайликларни яратиш бўйича хусусий сектор нисбатан олдинлаб бораётганини ҳам қайд этди, деб хабар беради Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates