Рақамли ирригация: оммалашаётган тажриба

    Шербек Рустамов ўн йилдирки далада меҳнат қилади. “Холиқов Сардор Сайдалиевич” фермер хўжалиги ташкил этиб, иш бошлаганидан буён Миришкор туманида илғорликни қўлдан бергани йўқ. Бу йил ҳам 50 гектар майдонга ғалла экиб, шартномавий режани ортиғи билан бажарди. 44 гектарга экилган пахта аллақачон гулга кирган.

    Доимо янгиликка интилиб ишлашни ўрганган Шербек ака қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ўтган йилдан бошлаб томчилатиб суғоришдан фойдаланишни ўз даласида жорий эта бошлади. Натижа анча яхшилигини амалда кўргач, бу усулдан жорий йил ҳам фойдаланишни мақсад қилиб, ишни бошлаб юборди.

    — Ўтган йили банкдан 575 миллион сўм имтиёзли кредит ҳамда давлатдан 92 миллион сўмлик субсидия берилиши натижасида 23 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатгандик, — дейди Ш. Рустамов. — Натижа биз кутганимиздан ҳам анча яхши бўлди. Вақт ҳам, маблағ ҳам тежалишини англадик. Шу сабаб, жорий йилда пахта даламизга янада кўпроқ томчилатиб суғоришни ташкил қилишни режалаштиряпмиз.

    Фермер томчилатиб суғориш усули орқали ўтган йили пахта ҳосилидан яхшигина даромад топди. Бу йил эккан 44 гектар пахтасининг деярли саксон фоизини томчилатиш усулида суғоришни йўлга қўймоқда. Ҳозирданоқ ҳеч иккиланмасдан пахта шартномавий режасини ортиғи билан бажаришини таъкидлаяпти. Ҳосил унумдорлиги учун бу яхши усул эканлигини қўшни фермерларга ҳам тавсия этиб келмоқда.

    Кейинги йилларда глобал муаммога айланиб бораётган сув танқислиги дунёнинг кўпгина давлатларида қайд этилаётгани сир эмас. Бу эса бевосита сувни тежаш, ундан унумли фойдаланишни талаб этмоқда. Шу боисдан сўнгги йилларда, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун сув тежовчи технологиялар амалиётга кириб келди. Натижада томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш, лазерли текислаш каби самарали усуллардан фойдаланиш бошлаб юборилди.

    Маълумки, Қашқадарё мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда етакчи вилоятлардан бири ҳисобланди. Бугунги кунда воҳада қишлоқ хўжалиги экинлари учун 75 фоиз сув Амударё дарёсидан Қарши магистрал каналидаги 7 та кўтармали насос станциялар каскадидаги 45 та насос станциясидан, 5 фоиз сув Зарафшон дарёси орқали транзит тарзда ва қолган 20 фоизи Қашқадарё ва унинг ирмоқлари, тик суғориш қудуқлари, насос станциялари ва энергетика бошқармаси ҳисобидаги 62 та насос станцияси ҳамда 2,5 миллиард куб метр сув йиғадиган 13 та сув омборидан олинади.

    Аму–Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси маъмурияти маълумотларига кўра, ўтган йилнинг баҳор ойларида ёғингарчилик кам бўлгани, ёзнинг ўта иссиқ келиши, сув ресурслари ҳар йилгидан 25–30 фоизга танқис бўлиши вилоятда мураккаб сув танқислиги шароитини келтириб чиқарган. Жумладан, сув таъминотида асосий ҳисобланган 9 та катта-кичик сув омбори суғориш мавсумининг ўзидаёқ қуриб қолганига қарамасдан, иқтисодиёт тармоқлари суғориш ишлари, саноат эҳтиёжлари учун йил давомида 4,34 миллиард метр куб сув етказиб берилган.

    Шундан қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун 4,36 миллиард метр куб сув лимити ажратилиб, амалда 4,07 миллиард метр куб сув етказиб берилган. Сувни самарали бошқариш, сув тежайдиган технологияларни, ирригация-мелиорация тадбирларини ўз вақтида ўтказилиши натижасида эса 286 миллион метр куб сувни иқтисод қилишга эришилган.

    Шунингдек, сув танқислигини юмшатиш мақсадида каналлар тозаланиб, 45 километр канал бетонлаштирилган. Гидротехник иншоот ва гидропостлар таъмирланиб, тик қудуқларга ҳамда коллекторларга дизель насослари ўрнатилиб, ер ости, коллектор-зовурлардан 141 миллион метр куб қўшимча сув олинган.

    — Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Тошбўри Эгамназаров. — Хусусан, вилоятда шу вақтга қадар 21249 гектар майдонларда сув тежовчи технология жорий этилди. Энг асосийси, амалга оширилган ишлар ва сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш натижасида 146 миллион метр куб сувнинг тежалашига эришилди.

    Шунингдек, марказлаштирилган капитал маблағлари ҳисобидан 35 та ирригация-мелиорация лойиҳасига 126 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, 24 километр лоток, 17 километр канал, 11 дона гидротехник иншоот, 6 километр қувур реконструкция қилинди, Деҳқонобод сел-сув омборининг сув йиғиш ҳажми 20 миллион метр кубга оширилди, коллектор ҳамда ёпиқ-ётиқ дренажларда таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди. Йигирмадан ортиқ ирригация-мелиорация объектларида қурилиш-таъмирлаш тадбирлари якунланиб, фойдаланишга топширилди. Бунинг натижасида 82 минг гектар майдоннинг сув таъминоти ва 31 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланди.

    Амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ, шўрланган майдонларнинг улуши анча қисқарди. Ер ости сув сатҳи 2 метргача, муаммоли бўлган суғориладиган ер майдонлари 5,1 минг гектардан 2,3 минг гектарга камайтирилди.

    Кейинги йилларда вилоятда сув хўжалигида янги йўналиш – давлат-хусусий шерикликни жорий этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, 2021–2022 йилларда давлат-хусусий шерикликни жорий этиш бўйича қиймати 28 миллиард сўм бўлган ўндан ортиқ лойиҳа юзасидан битимлар имзоланиб, реестрга киритилган бўлса, бунинг натижасида жами 228 миллион сўмлик маблағ иқтисод қилинди.

    Давлат-хусусий шерикликка олинган объектларнинг модернизацияси учун хусусий шериклар томонидан 1,12 миллиард сўмлик инвестиция киритилди.

    Жорий йилда эса иккита лойиҳа асосида Қарши туманидаги “Қўнғиртоғ” насос станцияси ва Касби туманидаги “17-36-сонли” мелиоратив қудуқ хусусий секторга бошқарувга берилди.

    — Соҳадаги устувор йўналишлардан яна бири сув хўжалигини рақамлаштиришдир, — дейди Аму–Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг бўлим мутахассиси Феруз Тошмуродов. — Ўтган йилда сув хўжалиги объектларига олти юзга яқин замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилди. Суғориш тармоқларида уч юзга яқин “Smart Water”, насос станцияларида электр энергияси сарфини ўлчовчи ҳисоблагич ва мелиоратив кузатув қудуқларида сизот сувлари сатҳи, сувларнинг минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилиш учун уч юз дона “Diver” қурилмаси ўрнатилиб, тўрт юздан ортиқ қурилма вазирлик серверлари билан интеграция қилинди.

    Касби тумани “Миришкор-Қамаши” каналларидаги 26 та сув ажратиш нуқтасини бошқарув жараёни Австралиянинг “Rubicon water” компанияси технологияси асосида автоматлаштирилди.

    Дарҳақиқат, ўтган уч-тўрт йилда сув ресурсларини самарали бошқариш, уларнинг ҳисобини замонавий технологиялар асосида юритиш ҳамда сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқаришга хусусий сектор даромадининг бир қисмини ажратишда воҳада катта ўзгаришлар амалга оширилди. Натижада бу тажрибани мамлакатимизда оммалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 декабрдаги “Қашқадарё вилояти тажрибаси асосида сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

    Шундан сўнг сув хўжалиги объектларини кластерлар бошқарувига бериш янада жадаллашди. Шу йил бошидан ҳозирга қадар кластерларга боғлиқ майдонга хизмат қиладиган 7,2 минг километр ички суғориш тармоқлари, 5,1 минг километр коллекторлар далолатнома асосида кластерлар бошқарувига берилди. Мисол учун, жорий йилда “Косон бахт текстил” кластерига Косон туманидаги барча сув хўжалиги объектлари, “Индорама агро” кластерига Касби ва Нишон туманидаги сув хўжалиги объектларини 30 йилга бошқарувга бериш бўйича лойиҳа ҳужжатлари тайёрланмоқда.

    Саудия тараққиёт жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси иштирокида лойиҳа қиймати 105,3 миллион доллар бўлган “Қарши насос станциялари каскадини капитал қайта тиклаш (ФАЗА-III)” хорижий инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётган бўлиб, жорий йил Саудия тараққиёт жамғармасининг 11,9 миллион долларлик маблағлари ўзлаштирилди.

    Лойиҳа доирасида 9 дона насос агрегат, 200 комплект юқори кучланишли бошқарув қурилмаси, 4 дона земснаряд, 12 дона махсус техника харид қилинди, 2017–2023 йилларда амалга ошириладиган тадбирлар натижасида Амударёга боғлиқ 402 минг гектар суғориладиган майдонларнинг сув таъминоти яхшиланади.

    Ташаббускорларнинг маблағлари ҳисобидан қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиққан суғориладиган, лалми, адир майдонлардан 20,4 минг гектари ўзлаштирилиб, кам таъминланган, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”даги фуқароларга 50 сотихдан ер қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ажратилмоқда.

    Сувни ички тармоқлардан истеъмолчиларга тақсимлаш, унинг кундалик ҳисоботини юритиш мақсадида сув хўжалиги махсус хизмат бўлимлари томонидан йил давомида 3,4 миллиард метр куб сув истеъмолчиларга етказиб бериляпти.

    Энг муҳими, соҳага давлат-хусусий шериклик ҳамда рақамлаштириш ва сув тежовчи технологияларнинг жорий этилиши натижасида энг долзарб бўлган сув танқислигининг олди олинишига эришилмоқда. Сувнинг ҳар томчисидан унумли фойдаланиб, юқори ҳосилдорлик олинмоқда. Асосийси, ҳаракатлар ўз самарасини бериб, белгиланган вазифалар ўз вақтида бажарилмоқда.

    Акбар РАҲМОНОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates