Рақамли таълим ривожи қулайлик ва имкониятларга йўл очади

    Телекоммуникация ва ахборот­коммуникация технологиялари соҳасида сифатли мутахассислар тайёрлаш жараёнини жадаллаштириш мақсадида олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича кластер тизимига ўтиш учун илмий, услубий ва амалий ишлар ташкил этилди.

    Ахборот-коммуникация технологияларининг ривожи ҳаётимиздаги кўплаб соҳаларга таъсир кўрсатди. Барча жабҳага рақамлаштиришнинг кириб келиши, юқори суръатдаги тараққиёт саноатнинг жадал равнақида муҳим аҳамиятга эга. Зеро, дунё мамлакатлари тажрибасида илмий тадқиқотлар, ахборот технологиялари, стартап ғоялар, компьютер саводхонлигига катта эътибор берилади. Бизнинг олдимизда ҳам шу йўл турибди: фақат илм-фан ютуқлари ва янги технологиялар орқали юқори иқтисодий тараққиётга эришишимиз мумкин.

    Ўтган асрдаги оламшумул кашфиётлар кўп жиҳатдан инсоннинг интеллектуал салоҳиятига асосланиб амалга оширилган бўлса, бугун илм­фан замонавий ахборот­коммуникация технологиялари ёрдамида шаклланмоқда.

    Мамлакатимизда барча соҳада эришилаётган натижалар ахборот технологиялари ва телекоммуникация тизимининг ҳам ривожланишига асос бўлаётир. Мамлакатимизда рақамлаштиришга оид бир қатор қонунларнинг қабул қилиниши соҳадаги муайян ютуқларга эришишга асос бўлди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги, “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги ва “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунларини мисол сифатида келтириш мумкин.

    Муҳаммад ал­Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг бакалавриат босқичида қўшимча йўналишлар ташкил этилиши олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ўқув, илмий­услубий ишлар даражасининг юқори босқичга чиқишини таъминлади. Маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасалари билан келишув асосида имзоланган меморандумлар бўйича ҳамкорликда кўплаб илмий тадқиқот лойиҳалари амалга оширилди.

    Университетда телекоммуникация ва ахборот­коммуникация технологиялари йўналишида давлатимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий жабҳаларида иш юритиш, халқаро ҳамкорлик, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш, рақамли иқтисодиётни яратиш ва ривожлантириш йўналишида кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ўтган вақтда электрон кутубхоналарни ташкил этиш ва унга хизмат кўрсатиш, компьютер технологиялари, мультимедиали хизмат тизимлари ва бошқа йўналишларда етук кадрлар, соҳа бўйича малакали педагоглар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди.

    Шу билан бирга, университет фаолияти кенгайиб, Муҳаммад ал­Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети тасарруфидаги Нукус, Урганч, Қарши, Самарқанд, Фарғона ва Нурафшон филиаллари ташкил этилди. Бу даргоҳлар бакалавр, магистр, докторант ва мустақил изланувчиларни тайёрлаш, илмий изланишлар асосида диссертация ишларини ёқлаш бўйича фаолият юритмоқда.

    Телекоммуникация ва ахборот­коммуникация технологиялари соҳасида сифатли мутахассислар тайёрлаш жараёнини жадаллаштириш мақсадида олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича кластер тизимига ўтиш учун илмий, услубий ва амалий ишлар ташкил этилди. Телекоммуникация операторлари, провайдерлари, давлат ташкилотлари ва жамиятлар билан узлуксиз муносабатлар ривожлантирилди.

    Бу тизим давлатимизнинг телекоммуникация ва ахборот­коммуникация технологиялари асосида дунё миқёсида ривожланишига, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий­маърифий йўналишларда нуфузли ўринларни эгаллашига асос бўлди. Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида барча соҳа ва тармоқлардаги инновацион ривожланиш йўли орқали охирги 6 йилда янги ривожланиш босқичига ўтди. Айниқса, бу ислоҳотларнинг самараси ахборот технологиялари соҳасида ўз ифодасини топди.

    2023/2024 ўқув йилидан бошлаб, асосий мутахассисликларни кластер тизимига ўтказиш, ўқув жараёнини мукаммал шароитда олиб бориш, университетнинг ўқув корпусларини талаб даражасига келтириш, талабалар чуқур билим олиши учун замонавий ўқув­илмий лаборатория ташкил этиш, мутахассислик бўйича телекоммуникация ва ахборот­коммуникация технологиялари йўналишидаги асосий компаниялар, ташкилот ва корхоналарда амалиёт дарсларини сифатли ташкил этиш бўйича ишлар олиб бориляпти.

    Бу йўналишларда “Ўзбектелеком” АЖ, “Ўзбекистон почтаси” АЖ, “Uzmobile”, “Ucell”, “Bеeline”, “UMC” компаниялари, “Киберхавфсизлик маркази”, “Фан­техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази”, “Ўзинфоком” ва бошқа ташкилотлар билан узвий ҳамкорлик шартномалари имзоланмоқда.

    Президентимиз ўтган йили 20 декабрь куни Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном беришни таклиф этди. Таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни жадал ривожлантириш, ўқитиш сифатига янгича муносабатда бўлиш ҳақида сўз юритиб, жумладан, бундай деди: “... Соҳада бошлаган ислоҳотларимизни давом эттиришимиз, таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, ўқув­тарбия ишлари сифатини ошириш бўйича улар қўйган масалаларни биргаликда ҳал этишимиз керак”.

    Мамлакатимизда АКТ бўйича малакали кадрлар тайёрлаш борасида аниқ қадамлар қўйилмоқда. Бу эса келажакда соҳа ривожига катта ҳисса қўшади.

    Рихси ИСАЕВ,

    “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, профессор

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates