Рақобатбардош муҳандислар билан барқарор иқтисодиёт сари

    Мамлакатимизда таълим тизимини такомиллаштириш, сифат даражасини ошириш, илм-фанни равнақ топиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди.

    Бунинг натижасида, юртимиздаги таълим даргоҳлари ўзининг янги қиёфасини шакллантирди, таълим-тарбия беришнинг замонавий усуллари амалиётга жорий қилинди. Умумтаълим мактаблари, профессионал ва олий таълим ўртасидаги узвийлик мустаҳкамланди.

    Қайд этиш лозимки, бугунги кунда жаҳонда фан-техника кундан-кунга тараққий этиши натижасида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида рақамли ва автоматлаштирилган дастурларнинг, smart (ақлли) қурилмаларнинг салмоғи ортиб, меҳнат ресурсларига бўлган талабни тобора камайтириб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида шу каби мураккаб дастур ва қурилмаларни самарали ишлата оладиган, уларни такомиллаштириш орқали ишлаб чиқариш унумдорлигини оширадиган юқори малакали муҳандис-технолог кадрларга бўлган талабни оширмоқда.

    Шу боис, жорий йилнинг 20 июнь куни Давлатимиз раҳбари бошчилигида «Инно» инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркида муҳандислик соҳасига алоқадор бўлган тармоқ раҳбарлари, академик ва олимлар, ректор ва етакчи профессор-ўқитувчилар, шунингдек юқори вакиллик органлари ва ҳукумат раҳбарлари ҳамда аъзолари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда юртбошимиз томонидан соҳага оид кўплаб салбий ҳолатлар, тизимда йиғилиб қолган муаммо ва камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

    Жумладан, бугунги кунда юртимизда техника йўналишида тайёрланаётган битирувчиларнинг билим ва мутахассисликлари ишлаб чиқарувчилар талабига мос эмаслиги, олий таълим муассасаларда иқтисодиёт учун амалий ишланмалар жуда камлиги, муҳандислик йўналишидаги юзлаб стартап ва инновацион лойиҳалар «қоғоз»да қолиб кетаётганлиги, «таннарх муҳандислиги» «қиёслаш муҳандислиги» ва «қайта муҳандислик» каби замонавий ихтисосликлар бўйича кадрлар тайёрлаш ҳали-ҳануз йўлга қўйилмаганлиги, ёшларнинг муҳандислик-техника соҳаларига қизиқишининг жуда пастлиги, кўп профессор-ўқитувчиларнинг амалиётдан узилиб қолганлиги, илмий ишланмалар натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш жуда пастлиги қаттиқ танқид остига олинди.

    Муҳтарам Президентимиз муҳандис-технологлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш, замонавий билимларни эгаллашлари ва амалий кўникмаларни оширишлари учун барча шароитларни яратиш, бу борада муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрловчи олийгоҳларнинг фаолиятларини такомиллаштириш, уларда тайёрланаётган кадрлар рақобатбардошлигини ошириш юзасидан олийгоҳларга, шу билан бирга иш берувчи ташкилот ва корхоналарга бир қатор вазифаларни белгилаб бердилар.

    Муҳтарам Президентимиз «Иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш учун бизга юқори малакали муҳандис-технологлар сув билан ҳаводек зарур. Ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари, ректор ва профессор-ўқитувчи масъулиятни чуқур ҳис қилиб, қаттиқ ишласа, изланса, бунга албатта эришамиз», — дея мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишга хизмат қиладиган бир қатор ташаббус ва таклифларни илгари сурдирлар.

    Хусусан, меҳнат бозорида талаб йўқ мутахассисликлар қисқартирилиб, талабаларга хизмат кўрсатиш функциялари тўлиқ рақамлаштириладиган, Германия, Япония, Хитой, Россия, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Сингапур каби ривожланган давлатларнинг нуфузли техника университетлари билан ҳамкорлик алоқалари кенгайтириладиган бўлди. «Тармоқ – корхона – олийгоҳ» занжири асосида, ҳар бир олийгоҳга йирик саноат корхоналар ҳамкор сифатида бириктирилиб, уларда кафедралар очиш ҳамда дуал таълимни йўлга қўйиш белгиланди.

    Шу ўринда таъкидлаш лозимки, илгари талабаларимиз ўқув йили давомида назарий билимларни олиб, ўқув йили охирида 2 ёки 3 ҳафталик амалиёт ўтар эдилар. Олинган назарий билимларни йил бўйи ишлаб чиқариш корхоналарида мустаҳкамлаб бориш амалиёти мавжуд эмасди. Бу эса, технологиялар кундан кунга ривожланиб, мутахассисларга қўйилган талаблар ортиб бораётган бир вақтда таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлашга, бўлажак муҳандисларнинг амалий билим ва кўникмаларини оширишга, назарий ва амалий билимлар ўртасидаги бўшлиқни тўлдиришга тўсқинлик қилаётганди. Юртбошим таклиф этган дуал таълим ва «тармоқ – корхона – олийгоҳ» занжири эса, бу муаммоларга ҳал этишнинг ўзига хос амалий ечими бўлиб хизмат қилади.

    Мухтасар қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур учрашувлари, илгари сурган таклиф ва ташаббуслари олий таълим тизимида муҳандис-технологлар тайёрлаш соҳасида янги даврни бошлаб берди. Бу тарихий учрашув соҳа вакилларига шараф бўлиш билан бир қаторда, катта масъулият ва вазифа юклайди. Юртбошимиз томонидан қўйилган вазифаларни тўғри англаб, давр талабига мос, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, бу борада жаҳон тажрибасини ўрганиш, ишлаб чиқариш корхоналарининг моддий-техник салоҳиятидан унумли фойдаланиш, янги технологиялар асосида профессор-ўқитувчи ва талабаларимизнинг амалий билим ва кўникмаларини ошириш иқтисодиётимизни жадал ривожлантиришга ҳисса қўшадиган замонавий муҳандис-технологлар тайёрлашга ёрдам беради.

    Одилжон Маматкаримов,

    Наманган муҳандислик-технология институти ректори,

    Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates