Бу халқона диалог тарғибот учун мўлжалланган ижтимоий видеороликдан бир парча. Мана, бир ярим ойдан буён 30 апрель куни бўладиган Референдумга бағишланган тарғибот-ташвиқот тадбирлари қизғин ва кўтаринки руҳда ўтказилди.
Куни кеча пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида ўтказилган иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ялпи мажлисида Президент Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаганидек: «Ҳеч шубҳасиз, янги Конституция – биз бошлаган ислоҳотларни изчил давом эттириб, энг муҳими, уларга ортга қайтмайдиган тус бериши муқаррар». Янги таҳрирдаги Конституциянинг 9-моддасида «Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумхалқ муҳокамасига - референдумга қўйилади», дея белгиланган.
Шиддатли замон зайли ва тезкор давр талабларига, одамларнинг қизиқиш ва истакларига биноан, тарғиботнинг турли усулларидан самарали фойдаланилди, креатив ғоялар қўлланилди. Очиғи, асосан маданий тадбирларга кенг урғу қаратилди. «Конституция - сеники, меники, бизники, ўзимизники!» шиори остида ҳар куни вилоятлар ва туманлар марказларидаги йирик майдону саҳналар безатилиб, эл суйган санъаткорлар, машҳур актёрлар ва бошловчилар иштирокида концертлар уюштирилди.
Тажрибали вазирдан тортиб, фидойи ҳокиму турли соҳа раҳбарлари, фаол ёшлар ва аёллар, тадбиркорлар, шифокору ўқитувчилар, ҳатто моҳир гулчилар ортда қолган синовли йиллар сабоқлари, ҳозирги имконияту имтиёзлар, яхши шароитлар хусусида таққослаш орқали таъсирчан тарзда сўзлаб беришди. Маънавият фестивалларига эса номдор ижодкорлар, олимлар, фахрийлар жалб этилдики, қалби ўксик, имконияти чекланган кишилар ҳузурига бориб, кўнглини кўтаришди, қайсидир масалада қийналаётганларга кўмак қўлини чўзишди. Олис ҳудудлардаги маҳалла аҳлининг кайфиятини кузатишди. Хайрия лойиҳалари ва эзгу режалар, орзу-умидлар рўёбга чиқди.
Сенатор ва депутатлар, таниқли сиёсатчилар, социологлар ташкилот ва корхоналардаги меҳнат жамоаларида давра суҳбатлари, учрашувлар ташкиллаштиришди. Оммавий ахборот воситаларида янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси юзасидан, хусусан, қўшимча ва ўзгартишлар киритилган ҳамда янги акс этган моддаларни ҳаётий мисоллар асосида таҳлилий тушунтиришди, содда тилда шарҳлашди. Кўчалардаги афишаларга ноанъанавий чорловлар илинди. Мазкур янгиликлар ва жараёнлар туну кун журналист-блогерлар, ижтимоий тармоқлар фаолларининг диққат марказида турди. Баҳс-мунозаралар ва ҳамда эътирофли фикрлар тинмади.
Айни кунларда референдум мавзуси авжида. Фуқароларнинг сиёсий хабардорлиги, шахсий позицияси анча ўсган. Ошхона, сартарошхона, чевархона, савдо дўконлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, жамоат транспорти, одамлар гавжум манзилларда сиёсий жараёнлар атрофлича муҳокамада. Фарқли жиҳатларини солиштиришмоқда, батафсил ўрганишмоқда.
Ниҳоят, кутилган сана остонадасидамиз. Деярли барчамизнинг хонадонларимизга референдум таклифномаси кириб борган бўлса керак. Ҳа, инсон учун сайлаш ва сайланиш, референдумларда қатнашиш улкан бахт ҳамда Конституциявий ҳуқуқдир! Дунёда бу ҳуқуқдан мосуволар қанча. Шундай экан, шукроналик ва фаол фуқаролик, дахлдорлик ҳисси билан овоз беришга шай турайлик! Ахир овоз бериш ҳуқуқига эга эмаслар мавжуд. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган; оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар қаторида эмаслигингиз ва уйингизга референдумга чақирув қоғози етказилгани учун хурсанд бўлишингиз даркор.
Бюллетендаги референдумга қўйилган масала - «Сиз «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунини қабул қиласизми?» деган саволга «ҲА» ёки «ЙЎҚ» сўзлари рўпарасида, ўнг тарафда жойлашган бўш квадратга ➕ёки ✔️ ёхуд ✖️белгисини қўйинг.
Дарвоқе, бежиримгина таклифнома олдингидан такомиллашган ва ўзига хос эслатма-йўриқнома вазифасини ҳам бажаради. Унда «Референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир» ҳамда «Ҳар бир фуқаро шахсан ўзи овоз беради, бошқа кишилар учун овоз беришга йўл қўйилмайди», дея битилган. Шунингдек, овоз бериладиган участка рақами, манзили ва участка комиссияси телефон рақами, участкани аниқлаш учун QR-код, Марказий сайлов комиссияси ахборот марказининг қисқа телефон рақами (1200), ижтимоий тармоқдаги саҳифалари номи (saylov.uz; @electionsuz; fb.com/uzelections) ёзилган. Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳаси матни, AR ахборотнома билан танишиш ҳаволалари учун QR-кодлар келтирилган.
Хуллас, республикамиз миқёсидаги Референдумга беписанд ва бефарқ бўлмайлик. Унутманг, сизнинг овозингиз, бюллетенга қолдирган белгингиз кўп нарсани ҳал этади ва алоҳида аҳамиятга эга. Ривожланишга юз тутган юртнинг қадрли фуқароси экансиз, муносабатингизни ҳам чиройли билдириш вақти келди. Зеро, бу мамлакат ҳаётидаги энг долзарб сиёсий кампаниядир. Референдум куни халқимизга хос буюк қадриятларимиз – бирдамлик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик сингари юксак фазилатларимизни яна бир карра намоён қилиб, бу муҳим сиёсий жараённи уюшқоқлик билан ўтказайлик!
Энди бир мулоҳаза юритайлик. Дейлик, яшаш ҳудудингизда ҳурмат қилиб сизни тўйга таклиф этиш учун хат ташлаб кетишди, нима қиласиз, борасиз-да, тўғрими? Ахир «Чақирилган жойдан қолма!» деган гаплар бор халқимизда. Демак, 30 апрель, якшанба - дам олиш куни эрталаб соат 8.00 дан - 20.00 гача ўзингизга қулай вақтда сайлов участкангизга чиқишингиз учун давлатимиз байрамона тараддуд кўрмоқда. Шу куни Ўзбекистоннинг катта сиёсий тадбири! Қани, марҳамат, сиз учун махсус ёзилган сайлов таклифномасини ва паспортингизни рўпарангизга тахт қилиб қўйинг. Дарвоқе, ҳар ким ўзи овоз беради, жонажон юртимизнинг йирик расмий тўйида шахсан қатнашишга, оила аъзоларингиз иштирокини таъминлашга ҳозирланинг! Референдум халқ хоҳиш-иродасининг ифодасидир. Албатта, халқ манфаатлари кўзланади. Албатта, ёрқин истиқболингиз бугунги қарорингизга, амалга оширган танловингизга боғлиқ!
Орифжон ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси