Биз ҳам тайёрмиз!

    Негаки, келаётган якшанба куни овоз беражагимиз Конституциямизнинг ишлаб кетишию, яна кўпдан-кўп ва эзгу режаларимиз, умуман, янги Ўзбекистонимиз тақдири пировардида, маҳалла ва туманларда ҳал бўлади!

    Ота-боболаримиз қиш-қишлигини, ёз-ёзлигини қилиши керак, деб бежиз айтмаган. Бу галги қиш қишлигини қилди...

    Ўхшатиш ўринли бўлса, сўнгги ўн йилликлардаги қишларимиз ҳам жамиятимиз сингари бўлиб қолган, яъни уларда ҳам жўшқинлик, янгиланиб туриш илинжи йўқолган эди. Атроф-муҳит, жумладан, одамларимиз табиатнинг ана шундай, бир маромли — турғун кечишига ўрганиб қолгани ҳам сир эмас. Неча йиллардан буён илиқ келаётган қиш бу йил ҳам нари борса, уч-тўрт кунлик совуқ билан ўтиб кетадигандек туйилганди...

    Бироқ бу сафаргиси бошқача бўлди: қиш қаттиқ, аниқроғи, ўзига ўхшаб келди. 2016 йил кузида уйғонишни бошлаган ўзбек муҳитида кўз очиш, ўзлигини эслаш навбати табиатга ҳам тегди гўё. Аёзлари ҳовлимиздаги эллик йил ичида очиқда чиниқиб кетган токларимизни қуритиш даражасидаги қиш ҳаммамизни синади, аммо синдиролмади!

    Бундан атиги икки-уч йил бурун бутун очунни титратган, шу кунгача 763 миллион кишига юқиб, 7 миллион инсон умрига завол бўлган, бизни ҳам четлаб ўтмаган “тожли оғу” қутурган паллалар, одатдагидек, кўпчилигимизнинг эсимиздан чиқишга улгурди, десак адашмаймиз. Ўша ўта оғир ойларда Президентимиз, бугун биз миллатимизни асраш учун курашмоқдамиз, деб барчамизни сафарбарликка ундагани ҳали ҳам ёдимизда!

    Шу маънода, табиатнинг мазкур икки имтиҳони ва уларга қарши жамиятимиз муносабатини салкам етти йилдан буён давом этиб келаётган янгиланишлар жараёни орқали таҳлил этарканмиз, бир хулосадан ҳеч қочолмаймиз: янги Ўзбекистон тарихий босқичи ўз пайтида бошланган экан! Бўлмаса...

    Кўклам ҳам бошқача — яхши келди! Ижтимоий-сиёсий, иқтисодий турмушимизнинг бу йилги баҳори ҳам киши баҳри дилини очиб юборадиган, эндиги авлод хотирасида қоладиган воқеаларга бой бўлмоқда.

    2016 йил сўнгги чорагидан киришилган, давлатимиз раҳбари сўзлари билан айтганда, “чалакам-чатти эмас, балки ҳақиқий бозор иқтисодиёти ва миллий манфаатларимизга асосланган туб ўзгаришлар” натижаси саналмиш миллий рўзғоримизнинг бугунги сифати ва кучини чамалаш учун шу йил 18 март куни юз берган воқеага диққатни тортган бўлардик. Тарихга кирган ушбу санада миллий етакчимиз Шавкат Мирзиёев Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғидаги 20 минг гектар майдонга эга, 1 миллион аҳоли яшашига мўлжалланган янги Тошкентнинг биринчи ғиштини қўйиб берди.

    Қандай улкан ва серхаражат, ҳар қандай давлат ҳам журъат этолмайдиган ишга қўл урилганини кўз ўнгимизга келтириш учун кўпчиликка яхши таниш, яқин-узоқдаги донгдор шаҳарларнинг бу борадаги кўрсаткичларини келтириш етарли, деб ўйлаймиз: Бишкек — 16 минг гектар ва 1 миллион 100 минг аҳоли, Душанбе — 20 минг 310 гектар ва 1 миллион 200 минг аҳоли, Бонн — 14 минг 100 гектар ва 335 минг аҳоли, Берн — 516 гектар ва 140 минг аҳоли, Амстердам — 24 минг 365 гектар ва 900 минг аҳоли, Брюссель — 3261 гектар ва 190 минг аҳоли, Франкфурт 24 минг 831 гектар ва 765 минг аҳоли, Барселона — 10 минг 130 гектар ва 1 миллион 640 минг аҳоли, Хельсинки 21 минг 380 гектар ва 656 минг 611 аҳоли, Милан 18 минг 167 гектар ва 1 миллион 400 минг аҳоли.

    Янги Тошкентнинг ҳар жиҳатдан “ақлли” бўлиши омилини ҳам кўздан қочиролмаймиз. Демак, биз бунга ҳам қодирмиз! Ушбуга урғу бераётганимиз сабабсиз эмас, албатта.

    Гап шундаки, шаҳарсозлик маданияти 4000, давлатчилиги 3000 йилга тенг миллатимиз ўтмишда жуда кўп шаҳарларга асос солганини бутун дунё билади. Улардан бугун ҳам “тирик”, яъни узлуксиз яшаб келаётган Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Қарши, Шаҳрисабз, Тошкент, Жиззах, Қўқон, Марғилон, Андижон сингариларнинг ёши камида 1000 йилга тақалиб, кўпчилиги 2000-2700 йиллик ўтмишга эга. Амир Темур пойтахти Самарқанд эса 2800 йил билан бўйлаша олади.

    Яқинда институтимизда ўтказилган илмий йиғинлардан бирида ўзбек шаҳарсозлик маданиятининг кишилик, хусусан, Иккидарё оралиғи (Яқин Шарқ) ва Ҳараппа (Покистон) сингари маданиятларга кучли таъсири ҳақида сўз кетди. Жумладан, Сурхондарёдаги Жарқўтон ёдгорлиги майдони (100 гектар) Иккидарё оралиғидаги 21 та қадимги шаҳар майдонидан устунлиги, хусусан, уларнинг энг каттаси 32 гектардан ошмаслиги алоҳида урғуланди. Энг муҳими, бизнинг қадим Турон маданиятимиз инсоният шаҳарсозлигига икки омилни киритгани тасдиқланди: миллиметригача аниқликдаги ҳандасавий (geometry) меъморчилик ва боши берк кўчалар (laburinthos).

    Сополлитепа шаҳрининг тўғри тўртбурчак шаклда қад кўтаргани ва ҳар бир томони 84,2 метрга тенглиги 4000 йил бурунги аждодларимизнинг аниқ фанлар бўйича билимларидан далолат беради, албатта. Ҳолбуки, яқин-яқингача бунинг тескариси уқтириларди: гўё илм-фан ва маданият бизнинг ўлкага четдан — Яқин Шарқ ва Юнонистондан кириб келган.

    Юртимизнинг ҳар бир воҳасида бор ўнлаб ёдгорликларни тизимли равишда, мақсадга мувофиқ ва ақл билан ўрганишни уюштиролсак, боболаримиз яратиб кетган яна кўплаб, ўзимизни ҳам, очунни ҳам ҳайратга солажак янгиликлар юзага чиқишига қаттиқ ишонамиз.

    Шу билан бирга, шаҳарсозлик бобида тенгсиз билим, тажриба ва анъаналарга эга бўла туриб, жаҳон шаҳарсозлик тараққиёти саноатлашув инқилоби ўлароқ янги босқичга кириб, айни гуркираётган бир паллада бировларга қарамлик гирдобига тушиб қолганимиз оқибатида борлиғимизнинг барча масалалари, жумладан, шаҳарларимизни ривожлантириш, янгиларини қуриш мус­тамлакачилар манфаати ва қош-қовоғига боғлиқ бўлиб қолгани ҳам сир эмас.

    Навоий, Зарафшон, Учқудуқ каби шаҳарлар кимларнингдир марҳамати ёки буюк бобомиз номини абадийлаштириш учун эмас, балки улар қад кўтарган тегралардаги қимматли, нодир ва адоғи йўқдек қазилма бойликларимизни ўзлаштириш ва ташиб кетиш, яна камига ўлкани руслаштириш мақсадида яратилганини ким билмайди, дейсиз.

    Миллий давлатчилигимиз тиклангандан кейин оғир кечган илк йилларда янги шаҳар қуриш ҳақида оғиз очишнинг хонаси келмагани табиий. Бироқ замонавий ва илғор шаҳарсозлик масаласида давлат сиёсатини йўлга қўёлмаганимиз бор гап. Узоққа бориб нима қиламиз: пойтахтимизнинг бош режаси сўнгги бор 1966 йилги ер қимирлаши оқибатида туғилган шароитда тезда ишлаб чиқилиб, 1967 йили “СССР Министрлар Совети” томонидан тасдиқлаб берилганини бугун кўпчилик билмайди. Унинг йигирма-йигирма беш йилга — 1991 йилгача мўлжаллангани ўз даври учун табиий бўлгани ҳолда, давлат мустақиллигимизни тиклаганимиз айнан шу санага тўғри келиши тасодиф, албатта. Бироқ Тошкент салкам 60 йилдан буён ўша советча бош режа негизида яшаб, ўсиб, кенгайиб келгани ҳақиқатнинг ўзгинасидир. Мустамлака замони-ку, майли, лекин кейин бизга нима тўсқинлик қилгани сўроғига жавоб бериш энди биз тарихчиларнинг иши.

    Янги Тошкент ғоясининг туғилиши янги Ўзбекистон тарихий босқичимиз қонуниятлари билан боғлиқлиги шубҳасиз...

    1999 йили Вашингтонга уюштирилган расмий сафарда гуруҳимизнинг айрим аъзоларида уйдагиларга бирон совға олиш илинжи баробарида, у пайтларда биз учун ўта тансиқ саналмиш гипермаркетни ҳам ўз кўзимиз билан кўриш қизиқиши пайдо бўлди. Аммо элчилигимиздаги йигитларнинг, пойтахтда бундай марказ йўқ, қўшни Виржиния вилоятига ўтишга тўғри келади, тушунтиришлари ҳафсаламизни пир қиладиган ҳам эдики, йўл ўн беш-йигирма дақиқа олишини эшитиб, барчамизнинг чиройимиз очилганини яшириб ўтирмаймиз. Қисқаси, йўлга тушдик, шаҳар эса ҳеч тугамайди. Ваъда қилинган дақиқалар ҳам ўтиб бўлгач, хом сут эмган банданинг “Вашингтондан қачон чиқиб кетамиз” саволига, “Виржиниядамиз, гипермаркетга ҳам келиб қолдик ҳисоб” деган жавоби бугун ҳам худди кечагидек қулоқларимиз остида жаранглаб туради.

    Яқин-яқингача азим Тошкентдан бир қадам четга чиқилдими, “вилоят бошлангани” шундоқ сезилиб турарди. Уч-тўрт кун бурун уловни устага кўрсатиб олиш керак, бензин, ичимлик сув ғамлаб олиш керак... Хуллас, пойтахт шароитига кўниккан одам четга чиқишдан олдин у томонларда йўқлиги аниқ ёки борлиги даргумон барча нарсалар билан қуролланган бўлиши замона зайлига айланган эди.

    Шаҳар, қишлоқларимиз ўз меъморчилигию йўллари, хизматлар кўрсатишига кўра, пойтахтдагисидан яққол ажралиб тургани ҳам сир эмас. Тошкент ва вилоятлар марказлариаро кескин фарқ мутаносиблиги вилоятлар ва туманлар марказлари, туман марказлари ва қишлоқлар ўртасида ҳам худди қандайдир ёзилган-ёзилмаган қонуниятга ўхшаб давом этарди. Очиғини айтадиган бўлсак, вилоятларда нима сабабдан кўп қаватли, баланд иморатлар оммавий қурилмаслиги, йўлларнинг сифатсизлиги, ичимлик сув, оқова тизимининг ё йўқлиги, ё пойтахтдагидек эмаслиги кучли ҳайронлик уйғотарди. Мазкур қарама-қаршиликлар иқрори Тошкентимизнинг шундоқ ҳам чет элдаги илғор давлатлар пойтахти у ёқда турсин, вилоятлари марказларидан ортда қолаётгани туйғуси билан аралашиб, кишини қандайдир шахсий ва миллий ожизлик ҳолатига солган пайтлар ҳам бўлганини тан оламиз (масалан, Украинада пойтахт Киевдан ташқари Харьков шаҳрида 1975 йилдан, Днепр шаҳрида эса 1995 йилдан метро борлигини билганимиз учун ҳам).

    Янги Ўзбекистон сифатларидан бирини, ҳеч шубҳасиз, миллий шаҳарсозлигимизда очилган янги саҳифа билан боғлаш адолатдан бўлади. Вилоят, туман марказлари эски тушунчадаги “марказ”дан фарқли равишда чин маънодаги шаҳарларга айланиб бормоқда. Жойларда янги Ўзбекистон мавзелари замонавий тизими яратилаётгани эса, XXI аср шаҳарсозлик тараққиётимизда ўзига хос илғорлик касб этаётгани ҳам яққол кўриниб турибди.

    Метронинг “Ўзбекистон” бекатидаги чорраҳага Халқлар дўстлиги майдони, Алишер Навоий кўчасидан келаверишдаги йўл ёқасида қандайдир уч-тўрт йил ичида пайдо бўлган, чиндан ҳам осмонўпар иморатлар йиғиндисига ҳар сафар кўзимиз тушганда, бир савол, бир хулоса ва бир туйғу туғилади: “нега илгари қурмаганмиз, қурса бўлар экан-ку”.

    Trilliant-чи? Ўзига хос салобатли гўзалликка эга мазкур иморат, Nest One ва бошқа қатор маҳобатли бинолар яратилишини тарихий тафаккуримиздан ўтказар эканмиз, миллатимизнинг энг улуғи, кишиликнинг энг буюги Амир Темур бобомизнинг, кимки бизнинг куч-қудратимизни билмоқчи бўлса, биз қурдирган иморатларга боқсин, сўзлари эсга тушаверади. Тушибгина қолмай, яна бир хулосага ундайди: миллатнинг куч-қудратини юзага чиқариш учун унга, аввало, эркинлик бериш лозим экан. Янада чуқурлашсак, шу тариқа юзага чиқарилган куч-қудрат яратувчилик ва эзгуликка йўналиши учун эса, унга — миллатга тўғри ва оқилона йўл кўрсатиш керак экан!

    Шу маънода, олтмиш йил деганда, ниҳоят, Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳасининг ишлаб чиқилганини алоҳида урғулаш лозим. Давлатимиз раҳбари бошчилигидаги, Буюк Британия, Сингапур ва Туркия мутахассислари — дунёнинг соҳа бўйича энг салоҳиятли кучлари жалб этилган ушбу ташаббус Ўзбекистонгина эмас, балки биздан ташқаридаги жуда катта кенгликлар учун ақл-заковат, юксак сифат ва нозик дид ибрати бўлишига ишонамиз. Негаки, икки дарё оралиғида қурилган шаҳарлар тарихан ана шундай мақомга эга бўлиб келган.

    Мавзуга тегишли яна бир гап шуки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев янги Ўзбекистонимизнинг илк кунларидан Тошкентга алоҳида ва узлуксиз эътибор бериб келаётгани, пойтахтни жаҳон сиёсий, иқтисодий ва маданий марказларидан бирига айлантириш йўлида изчил ва узоқни кўзлаб, пишиқ ўйланган сиёсат олиб бораётганини сезиш қийинмас. Шу билан бирга, мазкур сиёсат авваллари бўлганидек ура-урачилик ва одамларни қийнаш орқали эмас, юқорида тилга олинган омил — миллий етакчимизнинг ўзи асос солган эркинлик муҳити ўлароқ юзага чиқарилган куч-қудратга суяниб олиб борилаётганини ҳам урғулаш даркор.

    1966 йилги ер қимирлаши баҳона Тошкентда яратилган янги мавзелардан бири “Октябрь массиви” экани, унинг ўзига хос маркази эса “Штаб” бекати бўлганини тошкентликлар яхши билади. Болалик, ўспиринлик кезларимизда, бу ер қачонлардир ҳарбийлар турган “штаб” бўлганмикан, деб ўйлардик. Бу сир талабалик йилларимизнинг биринчисида — пахтага чиққанимизда “очилди”: у ерда ҳам “штаб” борлиги ва унинг бирдан-бир вазифаси кунлик режа сўзсиз адо этилишини таъминлаш, мазкур “олий мақсад” йўлидаги ҳар қандай тўсиқ, керак бўлса, инсонни ҳам бартараф этиш экани маълум бўлди (“пахтадан қочган” талабани ўқишдан ҳайдаш даражасигача борилганини эслайлик).

    Мустамлака-совет даврида туман, шаҳар, вилоят, республика, “союз” миқёсида бажариладиган ҳар қандай каттароқ ишнинг бошида “штаб” турган ҳамда партия ва совет ҳокимиятининг энг юқори бўғинию энг қуйидагилари топшириқлари сўзсиз адо этилишига жавобгар бўлган. Қизиғи, бу “анъана” истиқлол йилларида ҳам — яқин-яқингача давом этган ва табиий саналган.

    Ўн беш-йигирма йиллар бурун ишимиз тушиб Олмазор туман ҳокимини қидириб ишхонасига борсак, ёрдамчиси, “йўқ, уч ойдан буён “Эски жува”да таъмирлаш ишлари кетмоқда, ҳоким “штаб” бошлиғи, бир-бир келиб кетяпти, зарур юмушингиз бўлса, ўша ердан топасиз”, деб қолди.

    Қаранг, битта бозорни тартибга келтириш учун бутун бир туман ҳокими бир неча ой ўша ерда “ётиб” ишласа ва бу нимадан далолат? Ишчанликданми ёки ишни ташкил этиш тизими тўғримаслигиданми? Шунга яраша сифат бўлса майли эди (бозор битаётган кунларда йўлимиз тушиб, унга кираверишдаги пештоққа катта ҳарфлар билан “DEXQON BOZORI” деб ёзиб қўйилганига кўзимиз тушдию, дарҳол ҳокимга қўнғироқ қилиб, “dexqon”даги учинчи ҳарф юмшоқ “h” билан ёзилиши кераклигини уқтирдик. Хато тез кунларда тўғриланди)...

    Масаланинг бу жиҳатига урғу бераётганимизнинг сабаби бор. Миллий етакчимиз илк пайтлардан қаттиқ уқтириб келаётган омиллардан бири — ҳар бир давлат хизматчиси ўз аравасини ўзи тортиши зарурлиги, бир юмушнинг бошига ўз ишининг устаси топиб қўйилса, унга назорат керакмаслигидир.

    Бутун юртимизда бўлгани каби Тошкентдаги барча йирик иншоотлар, мавзелар, корхоналар қурилишига Президентимиз шахсан бош-қош бўлаётганини кўриб келмоқдамиз. Ҳали замонавий ва илғор қурувчилик тизимимиз тўлиқ оёққа туролмагани, эндиги ёндашувлар мазкур тизим учун бутунлай янгилик экани шароитида бу жуда ҳам оқилона ва зарурий ишдир, албатта. Ўзига ташлаб қўйилса, эскича қараш ва одатлар панд бериб қўйиши ҳеч гап эмас...

    Шу билан бирга, юқорида тилга олинган, чиндан ҳам улкан қурилишлар — осмонўпар, чўққисига қараган кишининг дўпписи тушиб кетадиган, йирик иморатлар, марказлар “штаб”ларсиз, энг муҳими, ўзимизнинг қоракўз ишбилармонларимиз уринишлари билан қад кўтараётганини биз учун тарихий ютуқ, дея баҳолаган бўлардик. Негаки, бу — жамиятимизда ўз аравасини ўзи тортишга қодир авлод борлиги, яқин-яқингача фақат давлатнинг қўлидан келадигандек туюлган катта-катта ишларни бажаришга қодир хусусий ташаббускорлик тарбияланаётгани далили! Бу — юртдошларимизнинг сўнгги 150 йил ичида ўлдириб келинган “ички мени” тирилиб бораётганининг ёрқин тасдиғи!

    Сўнгги қадрият — “ички мен” ҳақида сўз кетганда, бу галги кўкламнинг эсда қоладиган, аниқроқ айтсак, тарихга кирадиган яна бир жиҳати бўйича алоҳида фикр юритиш жоиз кўринади. У ҳам бўлса, мана бир йилдирки, ижтимоий-сиёсий турмушимиз марказида бўлиб келаётган масала — 30 апрелда янги таҳрирда тайёрланган Конституциямиз бўйича референдум бўлиб ўтиши.

    Умумхалқ овозига олиб чиқилаётган Асосий қонунимизни бирма-бир таҳлил этар эканмиз, унда Президентимиз қўйган “бош мақсад — ҳар бир юртдошимиз ушбу ҳужжатни менинг Конституциям деб фахрланадиган мукаммал даражага олиб чиқиш” ўз ифодасини топганини кўрамиз. Юқоридаги фикрга ҳамоҳанг ўлароқ, янги таҳрирдаги Бош қонунимизда ростдан ҳам ҳар биримизнинг “мен”имиз бор.

    Ушбу ҳақиқат муқаддимадаёқ яққол кўринади: “давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига, шунингдек, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таяниб” сўзларида миллатимизнинг тарихий “мен”и тўлиқ мужассам, албатта. Яъни бизнинг узоқ-узоқ замонларга бориб тақаладиган, улкан салтанатлар қуриб, минтақаларни бирлаштирган, оламни бошқарган ўз сиёсий тафаккуримиз бўлган ва бугун ҳам бор, бизга давлатчилик бобида ақл ўргатишнинг кераги йўқ! Кишилик илмий-маданий тараққиёти, маънавий камолотининг тамал тошини қўйган буюк боболаримиз бор. Биз руҳий далда — ўзлигимиз кучини, энг аввало, улардан оламиз!

    19-моддадаги биз учун мутлақо янгилик саналмиш “Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлиши”нинг эътирофини ҳали кўп таҳлил қилишимизга тўғри келади, деб ўйлаймиз. Негаки, одамнинг ҳақлари ва эркинлиги аслида унинг “мен”идир.

    “Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга” деб бошланадиган 47-моддани 19-модда билан уйғун, аниқроғи, унинг мантиқий ва адолатли давоми ўлароқ қабул қилиш керак, деб ишонамиз. Бу дунёда тириклик борки, ўз уйи, теграси бор. Миллионлаб йилларни табиий бошпаналар — ғорлар, ўйиқларда ўтказиб келган инсон 10 минг — 12 минг йиллар бурун, жуда жўн бўлса-да, уй қуришни бошлагани маълум. Юрт, ўчоқ тушунчаларининг илдизлари ҳам камида ўша пайтларга бориб тақалиши шубҳасиз.

    Мустамлака даврида аждодларимизнинг ҳовли-жойи очиқчасига зўравонлик ва қўрқитиш, ўлдириш ва қамаш йўллари билан тортиб олингани ўз йўлига, лекин истиқлол йилларида ҳам мазкур “анъана” барчамизнинг кўз ўнгимизда моҳиятан давом эттирилганига ҳали жўяли баҳо берганимизча йўқ. Сўз кетаётган моддадаги “Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга номувофиқ ҳолда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас”лиги ҳам худди шу — бир аср давом этиб келган, энг сўнгги йиллардагина чек қўйилган воқелигимиз ҳамда миллий етакчимиз илк кунларданоқ қаттиқ киришган масала — мулк дахлсизлиги узил-кесил таъминланишини ўзида акс эттиради, албатта.

    68-моддага киритилаётган тарихий янгилик — ернинг, қонун доирасида албатта, хусусий мулк бўлиши мумкинлигини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди, деб санаймиз. Президентимиз ташаббуси билан икки йилча бурун деҳқончиликка мўлжалланмаган ер майдонларини хусусийлаштириш мумкинлигининг қонуний асоси яратилган эди ва бу ўша пайтдаёқ инқилобий воқеа саналганди. Бу тарихий иш қимматини совет ҳокимияти азобини тортган халқлар яхши тушунади. Минглаб йиллар давомида шаклланиб-сайқалланиб келган хусусий мулкчилик, айниқса, ерга эгалик ҳуқуқининг қандайдир икки-уч йилда бутунлай йўқ қилиб ташланишини тасаввур қилиш бугун ўта оғирдир. Бироқ бир асрча бурун бу миллатимиз учун фожиали воқелик эди. Оқибатда, аждодларимиз бир зумда дала-боғларидан ташқари, неча юз йиллардан буён туп қўйиб, палак ёзиб келаётган уй-жойи қад кўтарган ер майдонларидан ҳам умрбод мосуво этилиб, ёппасига “фойдаланувчилар”га айланган-қолган. Шу тариқа, миллионлаб кишилардаги эгалик туйғуси, унинг ортидан юрт қайғуси йўқотилган, яшаш ва интилиш қобилиятининг ўқ илдизи чопиб ташланган...

    Миллий етакчимиз янги Тошкентнинг биринчи ғиштини қўйиш муносабати билан йиғилганлар, айниқса, шаҳар кенгаши депутатлари диққатини пойтахтда олиб борилаётган каттадан-катта ишлар, хусусан, энергия тизимини тубдан ислоҳ этишга йўналтириладиган триллионлаб маблағ самарали бўлишини қатъий назорат қилишга қаратганига гувоҳмиз.

    Ҳақиқатни айтганда, мана олти ярим йилдирки, Президентимиз тегишли соҳалар, бошқарув раҳбарларини хотиржамликка берилмаслик, ура-урачилик, қарсакбозлик, хўжакўрсинчилик сингари асрий — эгалик туйғуси, юрт қайғуси, интилиш қобилияти йўқотилиши ўлароқ туғилиб, неча-неча авлодлар онги, қони ва феълига сингдириб юборилган иллатлардан сақланишга ундаб келмоқда. Ожиз фикримизча, миллатимиз ва давлатимиз етакчиси учун, бир томондан, энг оғриқли масала, иккинчи томондан, энг муқаддас вазифа ҳам, аслида, ўзбекнинг эндиги авлодини мазкур иллатлардан холи ва озод кўришдир!

    Бош тузугимизнинг янги таҳририда тубдан ўзгартирилаётган XXI боб (Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари) ҳам ана шу — тарихий заруратга айланган марра сари хизмат қилиши ва унинг конституциявий негизини яратиб беришига ҳеч шубҳа қилмаймиз.

    120-моддадаги “Вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас”лиги қоидаси маҳаллий бошқарувнинг Президентимиз жорий этиб келаётган замонавий тизимига узил-кесил ўтилганини Асосий қонун даражасида муҳрлаб қўймоқда. Агар маҳаллий ҳокимиятчилигимиз яқин-яқингача мустамлака-совет даври маъмурий-буйруқбозлик тизими анъана ва кўникмалари ўлароқ ишлаб келгани кўзда тутилса, мазкур янгиликни, ҳеч бир муболағасиз, инқилобий, деса бўлади. Негаки, келаётган якшанба куни овоз беражагимиз Конституциямизнинг ишлаб кетишию, яна кўпдан-кўп ва эзгу режаларимиз, умуман, янги Ўзбекистонимиз тақдири пировардида, маҳалла ва туманларда ҳал бўлади! Негаки, туриш-турмушимиз худди шу теграларда қайнайди — туғилиш, тарбияланиш, билим олиш, ижод қилиш, соғлиқни сақлаш, ишлаш, оила қуриш, дам олиш, қувониш, қариш, эҳтиёжманд бўлиш... Хуллас, инсон ва жамиятга хос ҳамда табиий саналмиш барча-барча яхши-ёмон ҳодисаю воқеалар шу доирада юз беради! Мавқе ва мартаба, иқтисодий имкони ва ижтимоий тоифасидан қатъи назар, ҳар ким шу ҳудудда яшайди!

    Агар узоқ йиллар ана шундай ҳал қилувчи омил атайин инкор этиб келингани, пойтахтдек маконда чорак аср туман кенгашлари йўқ бўлгани, демак, халқчиллик инкор этилгани жамиятимиз ва ҳар биримиз ҳаёти учун ўта қимматга тушгани инобатга олинса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил октябрда, ҳали бирон ким бу ҳақида сўз айтиш у ёқда турсин, ўйлаб кўришга ҳам чоғланмаган пайтда ўртага ташланган — “бир шахснинг ҳам ҳоким, ҳам маҳаллий кенгаш бошлиғи бўлиши амалиётидан воз кечиш”га оид ғоянинг Бош қонунимиздаги ифодасининг аҳамияти янада ошишига ишонамиз.

    Бу йилги кўкламни эсда қоларлик қилган, унинг чиройини янада очиб юборган, унга тағин-да инсонийлик бахш этган куч рамазоннинг айни шу ойларга тўғри келгани бўлди. Янги Тошкентга бағишланган йиғилишда миллий етакчимиз билдирган мана бу фикр эса, иймон-эътиқод, меҳр-оқибат, инсоф-адолат, ҳалоллик-поклик — маънавий юксалишимиз йўлида ҳар биримизга сабоқ, жамият учун катта далда бўлганига заррача иккиланмаймиз: “Имомларимиз ифторликка танланган эмас, танланмаган уйларга борсинлар, ўша уйларга файз кирсин. Негаки, биз битта миллат, битта давлатмиз!”.

    Рўза ойи ҳам тугаб, ҳайит намозлари ўқилди. Ким бўлишидан қатъи назар, барча мусулмонларни бирлаштирадиган синовли ой ҳам ортда қолди. Тайёрланиш, муҳокама қилиш жараёнида ҳар биримизники бўлишга улгурган Бош тузугимизга овоз берар эканмиз, ушбу тарихий ҳужжат орзу-ҳавасларимиз, режа-интилишларимизни ўзида акс эттириши, ўзимизга яраша имконларимиз юзага чиқиши учун тенг шароит яратиши баробарида биздан янги Ўзбекистонимизни қуриш йўлида ҳар қандай ҳолатда ортга чекинмаслик, ўз устимизда тинимсиз ишлаш, оғир меҳнатдан қочмаслик, тарихий зарурат бўлмиш янгиланишлар, ўзгаришлар учун курашдан тоймасликни ҳам тақозо этади. Бунинг учун бизга нима керак?

    Янги Ўзбекистонимиз асосчиси, янги Конституциямиз ташаббускори Шавкат Мирзиёевнинг март ойи Термиздаги чиқишида мана бу — чин юракдан ва онгли равишда айтган сўзини бутун дунё эшитди, тан берди: “Миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун жонимни беришга ҳам тайёрман!”.

    Биз ҳам тайёрмиз!

    Азамат Зиё,

    ФА тарих институти директори, тарих фанлари доктори, профессор.

    ("Янги Ўзбекистон" газетасининг 2023 йил 27 апрель, 80-сони)

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates