Унда “Ўзсувтаъминот” АЖ ташкил этилиши ва шу давр мобайнида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Жорий йилда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш мақсадида амалга оширилган ишлар натижасида ҳудудлардаги 1,2 млн. нафардан зиёд аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди.
2020 йил якуни бўйича республика аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 70,8 фоиздан 73,0 фоизга етказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 ноябрдаги фармонига мувофиқ, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ташкил этилди ҳамда унинг устав капитали Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг давлат унитар корхоналари устав капиталидаги давлат активлари ва улушларини топшириш ҳисобига шакллантирилди. Шунингдек, ушбу корхоналар масъулияти чекланган жамиятлар сифатида қайта тузилди.
Бугунги кунда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ва унинг ташкилий тузилмасига кирувчи МЧЖлар янги корпоратив бошқарув тизимига ўтказилди.
Шу даврга қадар давлат унитар корхоналарининг бошқарув шакли таъсисчи ва директордан иборат бўлгани сабабли мазкур корхоналарда корпоратив бошқарув тизими ўз ўрнида ишламаган ва самарадорлик кўрсаткичлари билан бир қаторда корхоналарнинг молиявий хўжалик фаолиятига ҳам баҳо берилмаган.
Бугунги кунга келиб, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятининг ташкилий тузилмасига кирувчи 17 та ҳудудий сув таъминоти МЧЖнинг корпоратив бошқарув тизимига ўзгартиришлар киритилиб, жойларда кузатув кенгашларининг ташкил этилиши билан бирга, ички аудит хизматлари ҳам жорий этилмоқда.
— Ичимлик сувининг сифатини таъминлаш алоҳида эътибор талаб қиладиган жиҳатдир. Бу борада жорий йилда “Ўзсувтаъминот” тизимида ичимлик суви сифатини доимий назорат қилиш мақсадида жами 425,4 тн. суюқ хлор, 97,1 тн. гипохлорид натрий ва 885,9 тн. гипохлорид кальций захираси яратилди, — деди "Ўзсувтаъминот" АЖ бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаров. — Соҳадаги энг оғриқли нуқталардан бири тармоқларда вужудга келаётган авариялар бўлиб, 2020 йилда жами 140,4 мингта авария ва носозлик бартараф этилди. Авария ҳолатлари 2019 йилга нисбатан 16,8 мингтага ёки 12 фоизга камайгани эътиборга молик.
Яна бир жиҳатни унутмаслик керакки, Тошкент шаҳрида 10 475 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, 2017-2019 йилларда 855 та, 2020 йилда 302 та янги кўп қаватли уйлар қурилди. Қурилаётган уйлар асосан 7 ва ундан яқори қаватли бўлиб, ушбу уйларнинг юқори қаватларини ичимлик суви билан таъминлашда насос станцияларидан фойдаланилмоқда. Бу эса ўз навбатида ичимлик суви тармоқларида босим кўтарилиб, тармоқлар зўриқиб ишлашига ва сув таъминоти корхоналарининг қўшимча харажатлар қилишига сабаб бўлмоқда.
Сув сарфини назорат қилиш ва йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида сув иншоотлари, магистрал сув тармоқлари, маҳалла ва кўча бошларига 1 187 та замонавий сув ҳисоблагичлари ўрнатилди, бу эса ўтган йилга нисбатан 32 баробар кўпдир. Мазкур сув ҳисоблагичлари марказлашган ҳолда биллинг базасига уланиб, сув сарфи бўйича онлайн мониторинг олиб борилмоқда. Бугунги кунда аҳоли истеъмолчиларининг сув ҳисоблагичлари билан таъминланганлик даражаси 51 фоизини ташкил этади. Ўзбекистонда 2019 йил якунигача ҳисоблагичлар сони 1,3 млн. тани ташкил этган бўлса, 2020 йил ноябр ойигача бу кўрсаткич салкам 2 млн. донага етган. Шунда 2020 йил ҳозиргача 644 мингта ҳисоблагич ўрнатилди. Сув ҳисоблагичларининг кўпгина ижобий томонлари мавжуд бўлиб, мисол учун, Тошкент шаҳрида ҳисоблагич ўрнатилмаган истеъмолчи учун белгиланган меъёрга кўра 1 кишига ўртача 21 минг. сўм ойлик тўлов ҳисобланса, сув ҳисоблагич ўрнатилгандан сўнг ушбу тўловлар камида 3 баробарга қисқаради.
— Ичимлик сувини сифатли етказиб беришда самарадорликка эришиш мақсадида соҳада тарифларни ошириш эҳтиёжи туғилди, — деди Ўзсувтаъминот" АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров. — Кўп йиллар давомида сув таъминоти ва канализация корхоналари қаровсиз бўлгани сабабли соҳада энг кам миқдорли тариф сиёсати юритилган. Бундай эскича тариф сиёсати аҳолини сифатли тоза ичимлик суви билан таъминлашга салбий таъсир кўрсатиб келаётган эди.
Хусусан, хизматлар таннархи тўлиқ қопланмаган ва корхона рентабеллик даражаси доим паст бўлган. Мисол учун, республикамиз бўйича ўртача 1 м3 сувни ишлаб чиқаришга 1080 сўм харажат қилинган, аҳолига эса 1 м3 ичимлик суви ўртача 800 сўмдан етказилган. Шунингдек, ичимлик сувини ишлаб чиқаришдаги электр энергиясининг таннархдаги улуши ўртача 47 фоизни ташкил этмоқда. Жумладан, Наманган вилоятида 61 фоиз (ичимлик суви 5 та босқичда кўтарилади), Қашқадарё вилоятида 50 фоиз, Жиззах вилоятида 29 фоиз, Бухоро вилоятида 25 фоиз ва Тошкент шаҳрида 35 фоизни ташкил этади.
Шу мақсадда ичимлик сувини етказиш хизматлари учун (сув учун эмас) янги нархларни белгилаш талаби юзага келди ва республика бўйича тарифларни ҳудудларнинг географик жойлашуви, сув манбаларидан аҳоли пунктларигача бўлган масофалар, электр энергияси ва бошқа ишлаб чиқариш билан боғлиқ харажатларни инобатга олган ҳолда шакллантириш тизими жорий қилинди. Бунда тарифлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашлари томонидан тасдиқланади.
Ҳозирги кунгача 9 та вилоятда (Андижон, Наманган, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Фарғона, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари) янги тарифлар тасдиқланди.
2021 йилдаги режалар
Ичимлик суви таъминоти соҳасида туб ўзгаришлар қилиш ва соҳани ривожлантириш учун, албатта, вақт талаб этилади. “Ўзсувтаъминот” АЖ бу борада олиб бораётган ислоҳотлари ва изланишларини давом эттиради.
Хусусан, 2021 йил давомида 400 км. янги ичимлик суви тармоқлар тортилади ва 1 100 км. тармоқлар жорий ва мукаммал таъмирланади. 5 мингта иншоот ва тармоқларга замонавий онлайн сув ҳисоблагичлари ўрнатилади, кўча колонкасидан фойдаланувчи 194 минг аҳоли хонадонларига ичимлик суви тармоқлари тортилади, 973 та насос таъмирланади, 938 та энерго тежамкор насослар, 165 та махсус техника харид қилинади.
Шунингдек, истеъмолчиларга тезкор ва сифатли метрология хизматларини кўрсатиш мақсадида “Метрология хизмати кўрсатиш” лабораториялари фаолиятини йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқларига асосан, 2021 йилда Ғузор тумани аҳолисининг ичимлик суви таъминотини 2,4 фоиздан 50-60 фоизга ошириш режалаштирилган.
Жорий йилда “Авелар Солар Технолоджи” МЧЖ ва “Ўзсувтаъминот” АЖ ўртасида имзоланган меморандумга асосан, Тошкент шаҳар Қибрай бош сув иншоотидаги 67 та ерости сув қудуғига қуёш панелларини ўрнатиш белгиланди. Қурилиш-монтаж ишлари 2021 йил апрель ойида бошланади.
Шунингдек, 2021-2022 йилларда “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ томонидан Энергия тежамкор Дания давлатида ишлаб чиқарилган замонавий насос ускуналарини ўрнатиш режалаштирилган. Мазкур лойиҳанинг ўзини-ўзи қоплаш муддати 5 йил бўлиб, натижада йилига 27,3 млн. кВт (12,3 млрд. сўм) электр энергияси тежалишига эришилади.
Хулоса қилиб айтганда, соҳада ҳали амалга оширилиши зарур бўлган ишлар, лойиҳалар кўп. Эътиборлиси, ушбу ҳаракатлар аллақачон бошлаб юборилган.
Бу эса “Ўзсувтаъминот” АЖ тизимида иш самарадорлиги ошаётганидан дарак беради.
“Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати