ОИВ бўйича Электрон ахборот тизими Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасининг электрон базаси билан интеграция қилиниб, ҳозирги кунда ОИВ инфекцияси бўлган 18 ёшгача болаларга нафақа автоматик тарзда белгиланиб, уларнинг нафақа олишида юзага келаётган қийинчиликларга (ҳужжат тўплаш жараёни) чек қўйилди.
Ушбу инфекция билан яшовчи оналардан туғилган болаларга ОИВнинг вертикал йўл билан юқишининг олдини олиш мақсадида ҳомиладор аёлларни инфекцияга текширишлар 100 фоиз қамраб олинмоқда.
ОИВ аниқланган ҳолатда, ҳомиладор диспансер ҳисобига олиниб, ретровирусга қарши дори воситалари берилади. Ҳомиладорлик давридаги иммунологик кўрсаткичлар ва вирус юкламаси лабораторияда текшириб борилиб, туғруқ кесар кесиш усулида амалга оширилади ҳамда туғилган болага профилактика мақсадида ретровирусга қарши дори воситалари берилади.
Бундан ташқари, ОИВ инфекцияли оналардан туғилган 700 нафардан ортиқ бола олти ойлик бўлгунча қуруқ сут аралашмалари билан таъминланмоқда. 6 ойликкача бўлган гўдакларни сунъий қуруқ сут аралашмалари билан таъминлаш билан инфекциясини онадан болага юқишини бартараф этишга эришиш асосий мақсад қилиб қўйилган. Бу каби тизимли ишлар давом эттирилмоқда.