Ривожланишнинг энг қисқа йўли

    Саноат 9 октябр 2023 1111

     “Олмалиқ кон металлургия комбинати” АЖ бошқаруви раисининг рақамлаштириш бўйича ўрибосари Абдулла АЗИЗОВ билан суҳбатимиз иқтисодиёт тармоқларида рақамли технологияларни жорий этиш зарурати ва олдинда турган вазифалар моҳияти ҳақидаги фикрлар билан бошланди.

    Рақамли трансформация янги инновацион бизнес моделларини йўлга қўйиш, ишбилармонлик жараёнида қўлланиладиган қурилмалар, ижтимоий медиа, мобиль, булут, таҳлил ва буюмлар интернети каби технологиялар воситасида операцияларни маъқбуллаштириш ва мижозлар учун қиймат ҳамда тажрибани ошириш орқали фаолият самарадорлигини такомиллаштиришга хизмат қилади.

    Президентимиз таъбири билан айтганда, “Тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради. Зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда.

    “Олмалиқ кон металлургия комбинати” АЖ бошқаруви раисининг рақамлаштириш бўйича ўрибосари Абдулла АЗИЗОВ билан суҳбатимиз иқтисодиёт тармоқларида рақамли технологияларни жорий этиш зарурати ва олдинда турган вазифалар моҳияти ҳақидаги фикрлар билан бошланди.

    Маълумки, иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни — 1,6 баравар ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш учун замин яратилмоқда, — дейди Абдулла Азизов. — Бу мақсадларга рақамли иқтисодиётни асосий “драйвер” соҳага айлантирмасдан эришиб бўлмайди. Шу боис мамлакатимизда 2026 йил охирига қадар унинг ҳажмини камида 2,5 баравар ошириш, бунда дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 5 баравар, уларнинг экспортини эса 10 баравар ўсишини таъминлаш, шунингдек, иқтисодиётнинг реал секторида ҳамда молия ва банк соҳаларида ишлаб чиқариш ва операцион жараёнларни рақамлаштириш даражасини 70 фоизгача етказиш белгиланган.

    Аслида рақамли саноатлаштириш бугунги кунга келиб давлатлар иқтисодиётининг юксалишидаги асосий ҳаракатлантирувчи кучга айланган. Ривожланган мамлакатларда саноатни рақамлаштириш рақамли иқтисодиётнинг 86,3 фоизини ташкил қилади. Ривожланаётган мамлакатларда бу улуш қарийб 80 фоизга етиб қолди.

    Рақамли трансформация — бу беш босқичдан иборат, узоқ давом этадиган жараён: пилот, маҳаллий кенгайиш, репликация, операцияларни бошқариш, оптималлаштириш ва инновацияни ўзига қамраб олади. Ана шу жараённи бошлаган барча корхоналарнинг 70 фоиздан ортиғи ҳозирда “маҳаллий кенгайиш” ва “репликация” босқичида, фақат 5 фоиз корхоналаргина “оптималлаштириш ва инновация” босқичига етган.

    Комбинатимизда жорий йилда рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича лойиҳанинг жорий этилиши маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш қувватини сезиларли даражада оширади. Биринчи босқичда йилига 60 миллион тонна руда ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган карьер, 60 миллион тонна мисни қайта ишловчи 3-мис бойитиш фабрикаси ишга туширилади, янги металлургия мажмуасини қуриш ишлари бошланади. Натижада корхонанинг умумий қуввати мис катоди ишлаб чиқариш 300 минг тоннага етказилади, олтин ишлаб чиқариш 2,2 баробар, кумуш ишлаб чиқариш 1,3 баробар ошади.

    Бу вазифаларни ўз вақтида бажарилиши рақамли технологияларни жорий этиш билан чамбарчас юоғлиқ. “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ фаолиятини ривожлантиришнинг асосий вазифаларидан бири — рақамли трансформация ҳисобланади.

    Шу мақсадда 2022 йилда бошқарув раисининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари (Chief Digital Officer) лавозими жорий этилди ва ахборот технологиялари департаменти ташкил этилди. Мана шунга ҳам бир ярим йил бўлиб қолди. Бу, албатта, қисқа фурсат. Амалга оширилган ишларга назар ташлаганда, қандай жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди?

    —Дастлаб халқаро кон-металлургия корхоналарининг бу борадаги тажрибаси ўрганилди, "Рақамли ОКМК — 2030" концепцияси ва ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилди.

    ОКМКда 2022—2023 йилларда рақамли трансформация доирасида “Siemens” ва “Sар” (Германия), “Aveva” ва “Datamine” (Буюк Британия), “Schneider Electric” (Франция), “LeverX” ва “PlugandPlay” (АҚШ), “Terralink” ва “Polyus Digital” (Россия) каби халқаро компаниялар билан 20 дан ортиқ келишувларга эришилиб, қуйидаги йўналишларда 66 та лойиҳа амалга оширилди:

    кон-транспорт комплекси — 8 та;

    технологик жараёнларни автоматлаштириш — 18 та;

    бошқарув ва бизнес-жараёнларни -—30 та;

    инфратузилмасини такомиллаштириш ва ахборот хавфсизлиги — 10 та.

    Жумладан, “SRK Consulting” компанияси билан биргаликда комбинат ўз фаолиятини бошлаган 1930 йилдан то 2022 йилгача шаклланган 2478 дона қоғоз ҳужжатлар электрон шаклга ўтказилди. Натижада узунлиги 940 минг погон метрдан ортиқ бўлган бурғиланган қудуқларнинг электрон маълумотлар базаси яратилди ва жаҳон стандартига мос келадиган JORC кодексига мувофиқ, минерал ресурслар бўйича тегишли ҳисобот тузилди.

    Ангрен кон бошқармасининг “Қизил олма” ва “Разведочная” конларида автоматлаштирилган “Кон диспетчери” тизими ишга туширилди. Тизим 130 дан ортиқ камералар, 835 радиоқайдли ёритгичлар ва 6 та автоматлаштирилган тиббий кўрик ускуналари орқали сменадан олдинги кўрик жараёнини электрон шаклга ўтказиш, 750 дан ортиқ ходимларнинг ҳаракатини кузатиш имконини беряпти. Натижада ишлаб чиқариш самарадорлиги 6 фоизга оширилди, ер ости кон қазиш жараёнида тезкор бошқарувни ташкил этиш ва ишлар хавфсизлиги таъминланди, кончилар ва диспетчер ўртасида узлуксиз алоқа ташкил этилди, шунингдек, юқори қон босими бўлган ишчилар сони 10 фоиздан 3 фоизгача камайди.

    Жиззах ва Шеробод цемент заводларида тайёр маҳсулотни юклаб жўнатишнинг автоматлаштирилган бошқарув тизими жорий этилди. Шу туфайли тайёр маҳсулотни юклаб жўнатиш жараёни тўлиқ электрон шаклга ўтказилиб, шаффофлик таъминланди ва иш самарадорлигини оширишга ҳамда мижозларга хизмат кўрсатиш вақтини икки бараварга қисқартиришга эришилди.

    Маълумотларга қараганда, рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича лойиҳа доирасининг ўзида 500 дан ортиқ юқори самарали кон-транспорт техникалари харид қилинган, шу пайтга қадар улар ва мавжуд воситалар ёрдамида 100 миллион куб метрдан ортиқ кон юзасини очиш ишлари бажарилган. Бу йил ишлаб чиқариш объектлари: жумладан, ташқи сув, газ ва электр таъминоти иншоотлари, маъданни қайта ишлаш ва жойига етказиб бериш конвейер тизими фойдаланишга топширилади. Шу каби кенг кўламли ишларни бошқаришда рақамли техгнологиялар қандай ўрин тутади? Уларни жорий этишнинг дастлабки лойиҳалари қандай самара келтиряпти?

    — Вақт — югурик. Унинг ҳар лаҳзасидан оқилона фойдаланиш кутилгандан юқори самара келтиради. Айниқса, рақамлаштириш соҳасида Хусусан, ОКМКда транспорт мониторинги тизимининг такомиллаштирилиши ҳисобига тизимга уланган транспорт воситаларининг умумий сони 2150 тага етди. Ёқилғи-мойлаш материалларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимнинг татбиқ этилиши 2022-2023 йилларда 23,6 минг тонна дизель ёқилғисининг тежалишишига, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида хизмат кўрсатиш вақтини икки баробарга қисқаришига имконият яратди ва шаффофлик таъминланди.

    Мавжуд транспорт воситаларилардан самарали фойдаланиш учун ОКМК мутахассислари томонидан автотранспорт ва логистикани бошқариш тизими ишлаб чиқилди. Бу мамлакатимиз бўйича биринчи маротаба қоғоз шаклидаги йўл варақаларидан электрон шаклда фойдаланишга ўтишга йўл очди. Онлайн мониторингнинг йўлга қўйилиши туфайли автотранспортдан фойдаланиш самарадорлиги 4 фоизга ошди, қоғоз ҳужжатлар алмашинуви 70 фоизга камайди.

    1С:ERP асосида бухгалтерия ҳисоби ва маълумотлар консолидацияси автоматлаштирилган тизими фойдаланишга топширилди. Бу орқали бухгалтерия ҳисоби молиявий ҳисоб-китоб операциялари, товар моддий-бойликлар, асосий воситалар ҳаракати ва бошқалар)га доир 6 та анъанавий тажрибадан воз кечилиб, ягона электрон тизимнинг юритишлиши ҳужжатлар билан ишлаш ва ҳисоботларни шакллантириш вақти 50 фоизга камайди, маълумотларнинг ишончлилиги ошди, даврий ҳисоботларни тайёрлаш вақти 15 кунгача қисқарди.

    Бундан ташқари, 1С:ERP тизимида “Харид ва омборни бошқариш” модулини ишга тушириш орқали ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун хомашё, ускуна ва эҳтиёт қисмларга буюртмаларни (йиллик ва қўшимча) шакллантириш жараёни 25 фоизга оптималлаштирилди ҳамда омборлардаги товар-моддий бойликлар қолдиқлари 15 фоизга қисқартирилишига эришилди. Буюртмаларни шакллантириш жараёни тўлиқ электрон шаклга ўтказилиши унга сарфланадиган вақтни бир неча кундан бир неча дақиқада бажарилишига олиб келди.

    Темир йўл транспортига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини электрон бошқарув тизими тўлиқ ишга туширилиб, RFID технологияси асосида ҳар бир темир йўл транспорти босиб ўтган масофани аниқ ҳисобга олиш, автоматик тарзда техник кўрик ва таъмирини режалаштириш, уларни сифатли амалга ошириш туфайли харажатлар йилига 7 миллиард сўмга қисқартирилди.

    “Directum RX” — электрон ҳужжат алмашинув тизими жорий этилиши ҳисобига корхонада иш юритиш жараёни маъқбуллашди. Шунингдек, ушбу тизимда ҳужжатларнинг 200 дан ортиқ электрон шаблонларининг яратилиши шартномалар ва техник топшириқларни келишиш, йиғилиш баённомаларини юритиш ва лойиҳалар ижросини назорат қилиш учун шароит туғдирди. Бу орқали ижро интизоми 3 баробарга яхшиланди, қоғоз ҳужжатлар алмашинуви 80 фоизга камайди.

    Ягона идентификация тизими (unique ID) ва қоғозсиз иш юритиш (Paperless work) концепцияси доирасида комбинатнинг 36 мингдан ортиқ ходимлари янги намунадаги ID-карталар билан таъминланди. Ушбу карталар ОКМК объектларига кириш, иш вақти табелини тузиш, “Электрон журналлар” ахборот тизимида топшириқларни бериш, 50 дан ортиқ ошхоналарда “E-Talon” қўллашда, электрон йўл варақаларини расмийлаштиришда, тиббий кўрикдан ўтишда ходим шахсини тасдиқлаш мақсадида фойдаланилмоқда.

    Қоғозли тиббий карталарни электрон шаклга ўтказиш, шаффофликни таъминлаш ва комбинатнинг 26000 дан ортиқ ходимларининг касбий касалликларини таҳлил қилиш мақсадида ОКМК поликлиникаси ва диспансерида ахборот тизими ишга туширилди, бу даврий тиббий кўриклар ва муолажаларни онлайн мониторинги ва ҳисоботларни шакллантириш имконини берди.

    Юқоридаги лойиҳаларни амалга ошириш ва бизнес жараёнларини оптималлаштириш эвазига йилига 2,8 миллиондан ортиқ қоғоз варағи тежалмоқда. “Learning management system” дастурий таъминотини ишга туширилиши туфайли ОКМК ходимларини асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда, онлайн ўқитиш йўлга қўйилди. Бу тизим орқали йилига 10 мингдан ортиқ ходим онлайн ўқитилади ва харажатларни 15 фоизгача қисқартиришга эришилади.

    Сиз ҳозир бизнес жараёнларини оптималлаштириш эвазига йилига 2,8 миллиондан ортиқ қоғоз варағи тежалаётганини айтдингиз. Бу, ўз навбатида, турли хилдаги ҳисоботларни камайтириш, маълумотларни жамлаш ва қайта ишлаш каби жараёнларда ҳам рақамли технологияларга таянишни тақозо этса керак.

    — Шундай. Улар бир-бири билан узвий боғлиқ. Шунинг учун сўнгги йилларда ҳисоботларни такомиллаштириш ва маълумотларни консолидациялаш йўналиши бўйича ҳам бир қатор ишлар олиб борилди. Ҳозирда ОКМКда “катта маълумотлар” (Big Data)дан фойдаланган ҳолда, таҳлилий маълумотларни тайёрлашга асосий эътибор қаратилмоқда. BI тизими ушбу йўналишда асосий восита ҳисобланади. Power BI ахборот тизими ёрдамида тезкор қарор қабул қилиш учун зарур таҳлилий маълумотлар ва дашбордлар жорий этилмоқда. У орқали ишлаб чиқариш ва корпоратив ахборот тизимларидаги маълумотлар онлайн равишда жамланади ва қайта ишланади.

    Мис бойитиш фабрикасида “Plant Information System” ва электроэнергия сифатини ва истеъмолини мониторинг қилиш (АСТУЭ) тизимлари тажрибавий тарзда ишга туширилди. Технологик жараёнлардаги маълумотларни консолидациялаш ва визуализациялаш, асосий технологик қурилмаларни онлайн назорат (10 мингдан ортиқ сигналлар ёрдамида) қилиш ҳисобига қарорларни қабул қилиш вақти 2 баробарга қисқарди, ускуналарнинг самарадорлиги 5 фоизга ошди ва электр энергияси харажатларини 4 фоизгача камайтириш имконияти пайдо бўлди. Тажрибавий лойиҳаларнинг ижобий натижасига таянган ҳолда, ушбу тизимларни бошқа ишлаб чиқариш майдонларида ҳам жорий этиш бўйича қарор қабул қилинди.

    Шу билан бирга, Мис бойитиш фабрикасида технологик жараёнларга сув етказиб беришни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими тажрибавий синовдан ўтказилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йилига 1.9 миллион. куб метр сувни тежаш мумкин бўлади.

    Мазкур корхонада сунъий интеллект технологиясини жорий этиш доирасида флотация технологияси хусусиятларини ўрганиш учун визуал назорат камералари ўрнатилди. Бу технологик жараёнларни 2 фоизга оптималлаштириш ҳамда реагентлар сарфини 5 фоизга камайтиришга олиб келди. Бундан ташқари, 37 та дозатор насослари ва 5 та янги реагент резервуарлари созланиб, ишга туширилди.

    Жорий йилда Мис бойитиш фабрикасининг технологик занжиридаги асосий қурилмаларини предиктив диагностика тизими (ускуналарда авария ҳолатларини эрта аниқлаш), Мис эритиш заводида электролиз жараёнида қисқа туташувларни олдини олиш бўйича тажрибавий лойиҳалар ишга туширилди.

    Ҳозирги пайтда ОКМКда технологик жараёнларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш ва ривожлантириш асосий вазифалар қаторида турибди. Ишлаб чиқариш бўлинмаларида ускуналар фаол равишда модернизация қилинмоқда. Замонавий назорат ўлчов асбоблари ва автоматика ускуналарини жиҳозлаш, уларни корхона диспетчерлик тизимларига улаш устида ишлар давом этмоқда.

    Бир ярим йил ичида автоматлаштириш ва рақамлаштириш соҳасида 66 та лойиҳанинг амалга оширилиши осон иш эмас. Бу, кадрлар салоҳияти ва уларнинг малакасига ҳам бориб тақалади. Қолаверса, олдинда турган ишлар кўлами ҳали жуда катта.

    — 2023 йил якунига қадар иккита мис бойитиш фабрикасидаги ушбу тизимлар модернизация қилинади, Олтин қазиб олиш ва Мис бойитиш корхоналарининг янги участкаларига ҳам ушбу технологиялар татбиқ этилади. Айни кезда ҳавонинг ифлосланишини мониторинг қилиш тизимини модернизацияси якунига етказиляпти, бу орқали атмосферага газ чиқиндиларини чиқарилишини онлайн мониторинг қилиш имконияти кенгаяди.

    Бугунги кунда ОКМК мутахассислари томонидан лаборатория маълумотларини бошқариш тизими ишлаб чиқилмоқда. Унинг вазифаси таҳлил натижаларини 100 фоиз рўйхатдан ўтказиш, ҳисоботларни тўлиқ электрон шаклда йўлга қўйиш ва онлайн таҳлил қилишдан иборат. ОКМК объектларига ташрифларни назорат қилиш учун “E-Ruxsat”, назорат-ўлчаш асбобларини таъмирлашга қабулини жорий этиш — “АРМ КИПиА”, “Мактабгача таълим муассасаларига электрон навбат”, “Электрон йўлланмалар” ва бошқа тизимлар ишга туширилди.

    ОКМК фаолият самарадорлигининг ошишига рақамлаштиришнинг асосий таркибий қисмлари — бошқарув қарорларининг сифатли қабул қилинишига қаратилган ишончли ва тезкор маълумотлар олиниши, ишлаб чиқариш таннархини 2-3 фоизга камайтириш, даромадни 3-5 фоизга ошириш ва бир қатор мультипликатив натижаларга эришиш учун ягона ERP тизими (Enterprise Resourse Planning — корхона ресурсларини режалаштириш), MES-тизимлари (Manufacturing Execution System — ишлаб чиқариш жараёнини бошқариш), оператив бошқарув учун кон-транспорт комплекси тизимларини (АСУ ГТК) жорий этилади. Қалмоққир ва Ёшлик-I конларида автоматлаштирилган бошқарув тизимларини йўлга қўйиш туфайли тоғ жинсини ташиш ҳажми 10 фоизгача, кон-транспортдан фойдаланиш самарадорлиги 5 фоизгача ошади ва ёқилғи сарфи 9 фоизгача камаяди. Айни пайтда ушбу лойиҳа амалга оширилмоқда, тизимнинг биринчи босқичини ишга тушириш жорий йил декабрь ойига режалаштирилган.

    Бу каби ишдарни амалга оширишда комбинатнинг IT ва автоматлаштириш соҳасидаги мутахассислар фаолиятини мувофиқлаштирилган ҳолда, жамоавий иш юритиш муҳим аҳамият касб этади. 2025 йилнинг охиригача ОКМКда бизнес жараёнларни IT ечимлар билан 98 фоизгача қамраб олиш мақсад қилинган. Бунга эришиш учун ОКМК нафақат ўз тажрибасига таянади, балки халқаро йирик компаниялар билан ҳамкорлик қилишни давом эттиради.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    “Янги Ўзбекистон “ мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates