Олдимизга қўйилган устувор вазифалар халқ фаровонлигига хизмат қилади

    Сўнгги олти йилда Олмалиқ кон-металлургия комбинатида саноат маҳсулоти 1,8 баробар, маҳаллийлаштириш 7,7 баробар, инвестицияларни ўзлаштириш 13 баробар ошган.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 14-15 октябрь кунлари Тошкент вилоятига ташрифи доирасида Олмалиқ кон-металлургия комбинатида бўлиб, саноат тармоқлари учун муҳандислар тайёрлаш мактаби ҳамда “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш, 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишининг якуний босқичлари билан яқиндан танишди ҳамда 4-мис бойитиш фабрикаси қурилишига старт берди. Бу Олмалиқ шаҳри ва комбинат тарихида унутилмас воқеа бўлди.

    Давлатимиз раҳбарининг ташрифи Муҳандислик мактаби фаолияти билан танишувдан бошланди. Бу ерда замонавий технологиялар асосида мутахассисларнинг билим ва малакасини ошириш, ўқув жараёни дуал тизим, яъни назария ва ишлаб чиқариш уйғунлигида амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Касбининг устаси, ҳар томонлама етук, замонавий илғор технологияларни пухта ўзлаштирган муҳандис-техник ходимларгина ҳар қандай саноат корхонаси тараққиётини белгилаб беради. Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳузурида ташкил этилган Муҳандислик мактабида ҳам айнан мана шундай профессионал муҳандис техник ходимлар тайёрланади.

    Мактаб фаолияти Европанинг мис саноати соҳасидаги йирик компаниялар тажрибасидан келиб чиқиб ташкил этилди. Хусусан, Германиянинг “Aurubis” AG компанияси ўқув марказининг мутахассисларни қайта тайёрлаш ва ўқитиш бўйича методологиясидан андаза олинди.

    Муҳандислик мактабида геология, кончилик иши, кон саноати транспортлари, маркшейдерлик иши, фойдали қазилмаларни бойитиш, металлургия, механика, энергетика, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш йўналишларида фаолият юритадиган мутахассислар ўқитилади.

    Ўқув дастурлари Германиянинг Фрайберг кончилик академиясининг техника университети, “Aurubis” AG ва “GP Günter Papenburg” AG компанияларининг кадрларни тайёрлаш бўйича таълим стандартларидан фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқилиб, татбиқ этилди.

    Президентимиз замон ўзгариб, инновациялар кириб келаётганига ва энди комбинат келажаги рақамлаштириш билан боғлиқ эканига алоҳида урғу берди. Ҳар бир бўлимни, ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичини рақамлаштириш зарурлиги таъкидланди.

    Олмалиқ кон-металлургия комбинатида “Рақамли ОКМК – 2030” стратегияси доирасида 70 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилган. Жорий йилда Мис эритиш заводи ва 2-мис бойитиш фабрикасининг мнемосхемалари (SCADA) тўлиқ янги тизимга ўтказилди. 2-мис бойитиш фабрикасида бункерлар маъдан даражасини тақсимлаш мақсадида 4 тадан лазер датчиклари ва замонавий тарозилар ўрнатилди. Тележкани онлайн назорат қилиш ва тегирмон бункерларини маъдан билан бир меъёрда таъминлаш имконияти яратилди.

    Ахборот хавфсизлигини ошириш учун корпоратив тармоққа қурилмаларнинг уланишини бошқариш тизимини жорий этиш (NAC) натижасида барча фойдаланувчи ва қурилмаларнинг марказлашган назорати йўлга қўйилди.

    “Қалмоққир” ва “Ёшлик-1” конларида кон-транспорт бошқарув тизими доирасида маълумотларни қайта ишлаш марказида 8 та сервер қурилмаси ўрнатилиб, маълумотларни сақлаш ҳажми 290 ТБга кенгайтирилди.

    Давлатимиз раҳбари ташриф чоғида “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш” лойиҳаси доирасидаги ишлар билан ҳам танишди. Конда лойиҳа бошидан буён 200 миллион куб метр кон юзасини очиш ишлари бажарилди. Коннинг узунлиги бугун 3,7 километр, эни 2,3 километр ва чуқурлиги 260 метрга етди. 41,6 километр узунликдаги темир йўл ётқизилиб, электрлаштирилди. 400 та техника воситаси ишламоқда. Узунлиги 4,2 километр бўлган тўхтовсиз оқим магистрал конвейерлар маъданни фабрика хомашё омборига ташишга тайёрланди. Конвейер линиясида маъданни ташиш тезлиги секундига 4 метрни ташкил этади. Конвейер тизими жорий этилиши маъданни ташиш харажатини камида 30 фоиз камайтирмоқда.

    Яна бир муҳим жиҳати, “Ёшлик-1” конида фойдаланиш учун келтирилган, юк кўтариш қуввати 240 тонна бўлган улкан автосамосваллар маҳаллийлаштириш дастури асосида Нурафшон шаҳрида “Nurafshon-maxsus-texnika” МЧЖда йиғилмоқда.

    Албатта, “Ёшлик-1” конининг жадал суръатда ўзлаштирилишига сабаб давлатимиз томонидан яратиб берилаётган қулай шароит, пухта технологик тайёргарликдир.

    Шунингдек, давлатимиз раҳбари 2021 йилда қурилиш ишлари бошланган 3-мис бойитиш фабрикасидаги бугунги жараён билан танишди. Дунёдаги кескин вазиятга қарамай, бугун бу йирик фабрика қурилиши муваффақиятли якунланиш арафасида.

    Йиллик қуввати 60 миллион тонна рудани қайта ишлашга мўлжалланган ушбу фабрика ҳадемай мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришга муносиб ҳисса қўша бошлайди. Президентимиз ушбу мегалойиҳаларнинг давоми сифатида комбинатда янги 4-мис бойитиш фабрикаси қурилишига старт берар экан, бу улкан ислоҳотлар юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги хайрли ишларнинг давоми ва юртимизга манфаатли бўлишига ишонч билдирди.

    Янги лойиҳалар доирасида комбинат мутахассислари Чили, Перу, Европа ва Хитойнинг дунёдаги етакчи корхоналарига бориб, билим ва малакасини оширди. Мутахассисларимиз Хитойдаги ўнлаб мис эритиш завод ва бойитиш фабрикалари фаолияти билан танишди. Чили ва Перудаги бойитиш фабрикалари тажрибасини ўрганди.

    Янги фабрика дунёнинг етакчи компанияларидан келтирилган замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланади. Маъдан таркибидаги мис ва камёб металл компонентларини самарали ҳамда юқори сифатда ажратиб олиш учун гравитация ва флотация усулида комбинациялашган мукаммал технология танлаб олинган.

    4-мис бойитиш фабрикаси бизга руда қазиб олиш ва қайта ишлашни йилига 120 миллион тоннагача ошириш ҳамда дунёдаги энг йирик корхонага айланиш имконини беради. Лойиҳага Италиянинг “Wood” ҳамда Буюк Британиянинг “Worley Parsons” компаниялари жалб қилинган. Ишлаб чиқаришда юқори технологик, экологик хавфсиз ва тежамкор технологиялар қўлланиши белгиланган.

    Янги саноат корхоналари бунёд этилиши Олмалиқ шаҳри ва ҳудудларнинг инфратузилмаси янада яхшиланиши, аҳоли фаровонлиги ошишида муҳим аҳамият касб этади.

    Давлатимиз раҳбари бизга катта ишонч билдирмоқда. Жамоамиз, ўз навбатида, белгиланган вазифаларни якдиллик билан бажаришга киришган. Зеро, олдимизга қўйилган бу муҳим топшириқлар ижроси халқ фаровонлигига хизмат қилади. Шундай экан, шу устувор сиёсатга ҳамоҳанг ҳолда янги-янги ишлаб чиқаришлар тармоқларини ташкил этиб, иш ўринларини шакллантириб, бор куч ва имкониятимизни сафарбар қилиб, халқимиз фаровонлигини таъминлашни ўзимизнинг бош мақсадимиз, деб биламиз.


    Абдулла ХУРСАНОВ,

    “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”

    акциядорлик жамияти бошқарув раиси


    Мақола “Янги Ўзбекистон“ газетасининг 215-сонида (2024 йил 24 октябрь) чоп этилган.

    

    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates