Болалар омбудсманига Бухоро вилоятида яшовчи М.Т. (аёл) мурожаат қилди. У ўз мурожаатида М.Т. ва турмуш ўртоғи О.Н. Россия Федерациясида бўлиш муддати тугагани сабабли 2024 йилнинг 28 апрель куни Ўзбекистонга қайтиб келишга мажбур бўлгани, аммо 5 ойлик фарзанди М.З. (жорий йилнинг 25 январда туғилган қиз бола) Санкт-Петербург шаҳридаги болалар шифохонасида ота-она ғамхўрлигисиз ёлғиз қолганини билдирган.
Шунингдек, ҳозирда даволаш жараёни тугаган бўлсада, аёл фарзандини Ўзбекистонга олиб келиш моддий имконига эга эмаслигини билдириб, болани Ўзбекистонга қайтаришда амалий ёрдам сўраган.
Айтиш керакки, М.Т.нинг фарзанди туғилиш вақтидан аввал ва жуда кичик вазнда бир неча юрак касалликлари билан туғилиб, шу сабабдан туғилганидан бери Санкт-Петербургдаги мазкур муассасада шифокорлар назорати остида бўлган ва даволаш жараёнида юрагига операция қилинган.
Шу билан бирга, касалхона маъмурияти билдиришича, боланинг 8 ой давомида даволаниши муолажалари ва операция учун ота-она томонидан тўлов амалга оширилмаган.
Маълум бўлишича, Санкт-Петербург шаҳридаги ўзбек диаспораси қизалоқни даволаниши учун касалхонага тўланиши жоиз бўлган маблағнинг бир қисмини тўплаган бўлсада, зарур маблағни тўплашга ҳали анча вақт керак бўлиши мумкин.
Қувонарлиси, бундай мураккаб вазиятга ҳам ечим топилиб, боланинг шифохонада тиббий муолажалари учун тўлов қисқа фурсатда Ўзбекистон йирик тадбиркорларидан бўлган ҳомий томонидан тўлаб берилди.
Болалар омбудсмани Санкт-Петербургдаги қизалоқни Ўзбекистонга тез фурсатда қайтарилиши юзасидан зарур чоралар кўриш учун ТИВ ва ИИВга сўров киритди.
Шунингдек, даволанишдан кейин бола ҳали тўлиқ тикланмаганлиги ва авиақатнов пайтида соғлиғида муаммоларни олдини олиш мақсадида Болалар омбудсмани Соғлиқни сақлаш вазирлигига болани Ўзбекистонга олиб келишда махсус шифокор ҳамроҳлик қилишида амалий кўмак берилишига оид сўров юборди ҳамда мазкур жараён юзасидан кузатув олиб бориб, боланинг оиласи билан доимий алоқада бўлди.
Кеча, 1 сентябрь куни, Санкт-Петербург шаҳридан ватанга қайтарилган 14 нафар бола қаторида М.З. Ички ишлар вазирлиги вакиллари ва шифокорлар ҳамроҳлигида Ўзбекистонга олиб келинди ва ота-онасига топширилди.
Эндиликда Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси томонидан боланинг соғлиғини сақлашга ва оилага ижтимоий кўмак кўрсатишга оид чоралар кўрилади.
Қизалоқнинг оиласи мазкур масалада муҳим амалий кўмак кўрсатиб, қизалоқнинг даволаниши тўловини амалга оширишда беғараз кўмак кўрсатган тадбиркорга ва болани Ўзбекистонга қайтарилишида иштирок этган барча масъул идораларига ўзининг чуқур миннатдорлигини билдирмоқда.