Саҳна унинг ҳаёти эди

    Фикр 20 август 2023 3448

    турли қаҳрамонлар сиймосида саҳнага 16 минг мартадан кўпроқ чиққан санъаткор

    Ўзбек театр ва қўшиқ санъати ривожига салмоқли ҳисса қўшган атоқли санъаткор Лутфихоним Саримсоқовани мамлакатимизда танимаган ёхуд номини эшитмаган одам кам топилади. Етти яшардан етмиш ёшгача – ҳамма уни ё саҳнада, ёки экранда, ҳеч бўлмаса, телевизорда албатта кўрган. Унинг юксак санъатига қойил қолган, тан берган, офарин айтган.

    Мен ҳам эсимни таниганимдан бери Лутфихоним Саримсоқова санъатига ошноман. “Маҳаллада дув-дув гап”, “Сен етим эмассан”, “Фарзандлар” фильмлари экранга чиққанида тенгдошларим мактаб ўқувчилари бўлиб, санъатнинг туб моҳиятини тушуниб етмаган эдик. Аммо ҳаммамиз шу фильмлар хусусида гаплашар, айниқса, Лутфихон ая ижросидаги роллар ҳақида баҳслашардик. “Сен етим эмассан”даги Фотима холанинг меҳридарёлигидан ҳайратга тушсак, “Фарзандлар”даги она сиймоси, айниқса, унинг ақлдан озиб қолиб, “Олиб кетинглар, мениям олиб кетинглар”, деб дардли йиғлаши қалбимизни ларзага солар эди. “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги соддадил она-чи? Ҳар нарсадан ҳайратга тушиб, “Вой, тиниб-тинчимаган одамлар-эй, нималарни ўйлаб топишмайди-я”, деган гапларидан завқланиб кулар эдик.

    Лутфихоним ая билан илк “танишувимиз” ана шундай бўлган. Йиллар ўтган сари аянинг санъатини чуқурроқ тушуна бордим. Бу унинг ўзи билан учрашиш, суҳбатлашиш иштиёқини туғдирди.

    1976 йилнинг сентябрь ойи эди. Ўша пайтда аянинг 80 йиллик юбилейига тайёргарлик кўрилаётганди. Мен “Ўзбекистон маданияти” газетасида ишлар эдим. Редакция топшириғи билан аянинг уйига бордим.

    Ҳеч эсимдан чиқмайди, кечки пайт эди. У вақтларда ая Кўкча даҳаси яқинида, 1-шаҳар шифохонаси атрофидаги ҳовлилардан бирида яшарди. Тўғриси, аянинг уйига кириб, аввалига ҳайрон бўлганман. Ғоят камтарона, оддий турмуш. Ҳеч қандай ҳашам, жимжима, ортиқча жиҳозлар йўқ. Торгина, шинам. Ҳовлига сув сепиб, сўрига гилам солинган. Аянинг турмуш ўртоғи Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммаджон Тожизода ўша сўрида ўтирган экан...

    Ая ва Муҳаммаджон ота билан узоқ суҳбатлашдим, турли газеталарни, суратларни кўрсатишди... Дарвоқе, эл-юрт ўртасида машҳур одамларни биз кўпинча жуда мағрур, баландпарвоз, унча-мунча киши билан гаплашиб ўтирмаса керак, деб ўйлаймиз. Аслида ундай эмас. Касбим тақозоси билан мамлакатимиз ва бошқа юртларнинг бир неча атоқли адиблари, санъаткорлари билан суҳбатда бўлганман. Уларнинг аксарияти жуда оддий, камтар, самимий... Ая уларнинг ҳаммасидан кўра камтарроқ, соддароқ кўринди менга.

    Суҳбат асносида ая ижро этган ролларни кўз олдимга келтираман. Қаҳрамонларидаги қатъият, айтиш мумкинки, баъзи ўринларда эркакча хатти-ҳаракатлар (“Паранжи сирлари”даги Мастура сатанг ролини эсланг) нақадар табиий чиққанидан ҳайратланиб ўтирибман. Балки санъаткорнинг маҳорати шудир, балки ая саҳнани саҳна, ҳаётни ҳаёт, деб билишининг натижасидир.

    Ўша суҳбатдан олам-олам таассурот билан қайтдим. Шундан кейин яна бир неча марта ая билан гоҳ юзма-юз, гоҳ телефонда суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлдим...

    Эсимда бор: ўша йили кузда Муқимий номидаги мусиқали драма театрида аянинг 80 йиллик юбилейи кенг нишонланди. Атоқли ижодкорлар, шогирдлари, ҳамкасблари, қўшни давлатлардан келган санъаткорлар аяни муборак ёши билан қутладилар. Ўшанда аянинг севинчи чексиз экани унинг чеҳрасидан, мулойим боқишидан билиниб турарди.

    Меҳрибони бор

    Мен бир қаро кунда туғилдим,

    Туғилдим-у, шу он бўғилдим.

    Атоқли шоир Ҳамид Олимжоннинг бу сатрлари ўтган аср бошларида оддий ўзбек оилаларида дунёга келган фарзандларнинг аҳволини ифода этади. Лутфихон аянинг болалиги ҳам ана шундай шароитда ўтди. У ҳали ақлини таниб-танимай ота-онасидан айрилди. Оқибатда кишилар эшигида сарсону саргардон кезишлар бошланди. Кейинчалик уни холаси ўз тарбиясига олди. Лекин... Бахт ҳам, ташвиш ҳам эгиз бўлади, дейишади, орадан кўп ўтмай Лутфининг холаси ҳам қазо қилди. Яна одамлар эшигида санғиш, бир бурда нон учун кимларнингдир қўлига жавдираб термулиш...

    Бу ҳам етмагандай, уни ўн уч ёшида эрга бериб юборишди. Ўн уч ёш-а! Мана, “туғилган заҳоти бўғилган кунлар”. Ҳали кўчада ҳаммомпиш ўйнаб, капалак қувлаб, лолақизғалдоқ териб юриши лозим бўлган қизалоқ рўзғор ташвишини чекиши керак. Нақадар жаҳолат! Муҳаббат, севги шавқидан баҳраманд бўлиш у ёқда турсин, ҳали бу сўзларни эшитиб улгурмаган қизча ҳаётнинг бешафқат қонунларига рўбару келса!

    Лутфихон зўрма-зўраки “барпо” бўлган оилани тарк этди. Тарк этди-ю, ўйлаб қолди. Хўш, энди нима қилиш керак? Қаерга, кимнинг олдига борсин? Оиладан воз кечди, аммо замондан-чи? Ундан воз кечиш, уни тарк этиш мумкинми? Бунинг учун Лутфи ожиз эди, албатта. Бироқ қафасдан учиб чиққан қуш ўзини қайта қафасга урмайди. Лутфи ҳам қафасдаги қуш эди – у шу қафасни ёриб чиқди. Майли, зарҳал идишларда овқат ичмайди, кимхоб кийимлар ҳам керак эмас. Майли, кишилар эшигида саргардон бўлсин, майли, оч-ноҳор қолсин. Лекин қайтиб бормайди. Жони омон бўлса, бир куни ўтар. Зеро, Навоий ҳазратлари айтганидек,

    Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,

    Булбулга тикондек ошён бўлмас эмиш.

    Бу лутфининг оиладан чиқиб кетиши ўз озодлиги, эрки учун кураши сари қўйилган илк дадил қадам эди. Энди тақдири, келажаги учун ўзи курашишга аҳд қилди. Ана шу ният билан туғилган қишлоғидан бош олиб чиқиб кетди.

    Йўл юрди, мўл юрди. Охири Қўқонга кириб келди. Қаерга боришни билмайди. Тўғри келган томонга кетаверди. Бозордан чиқиб қолди. Қадимий Қўқоннинг Чорсу бозори. Кун иссиқ. Очлик, йўл юриш ёш Лутфихонни ҳолдан тойдирган. Шилқ этиб йиқилиб тушганини ўзи ҳам билмай қолди. Муздай сувдан сесканиб кўзини очди. Рўпарасида нотаниш аёл турар эди. Бу Холниса деган дўппидўз экан. У Лутфини уйига олиб кетди. Ўз ҳунарини унга ҳам ўргатди. Лутфи кечалари ашула айтиб, дўппи, кашта тикади.

    Сарғайган бу дарахтнинг

    Соябони бормикин?

    Куюб ёнган юракнинг

    Меҳрибони бормикин?

    “Куюб ёнган юракнинг меҳрибони”... бор эди. Аммо буни Лутфи ҳам, у сингари бошқалар ҳам ҳали тушуниб, англаб етмаган эди. Бу меҳрибон – ўзбек халқи, ўзбек миллати эди.

    Буюк устоз

    Ая билан неча марта суҳбатлашган бўлсам, доимо Ҳамзанинг номини эҳтиром билан тилган оларди. “Устозингиз ким?” деган саволга ҳеч иккиланмай “Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий” деб жавоб берарди.

    Ҳа, Лутфихон аянинг санъаткор бўлишида, эл-юрт назарига тушишида Ҳамза ҳал қилувчи ўрин тутган.

    Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида Қўқонда очилган хотин-қизлар клубига Лутфихон ҳам тез-тез қатнаб турди. У янги-янги қўшиқлар ўрганар, ширали овози билан дугоналари олқишига сазовор бўлган эди. У қўшиқни берилиб, қалб қатларидан чиқариб куйларди. Дарду аламлари, ҳасрати, туғилиб ўсган қишлоғига, қариндош-уруғларига соғинч туйғулари ашула оҳангига сингиб кетарди. Шунданми, у куйлаганда ҳамма сел бўлиб тинглар, дугоналари ундан янги-янги қўшиқлар айтиб беришини сўрашарди.

    Бир куни Лутфи қўшиқ айтаётганда клубга Ҳамза кириб келади. Уни кўриб Лутфи ашула айтишдан тўхтайди. Аммо Ҳамза Ҳакимзода айтавер деб имо қилгач, бироз тортиниб бўлса-да, қўшиқ куйлайди. Шу-шу Ҳамзанинг назарига тушади. Шоир Лутфихон билан тез-тез суҳбатлашади, унинг тақдири билан қизиқади, қўшиқларидан ўргатади. Ҳамзанинг таклифи билан Лутфи Қўқон театрига ишга қабул қилинади. Бу даргоҳда ўша кезлари Миршоҳид Мироқилов, Муҳиддин Қориёқубов, Тамарахоним сингари ўзбек санъатининг қалдирғочлари меҳнат қилишарди. Улар Лутфини ўз давраларига оладилар.

    – Ҳамза билан танишмаганимда, у киши менга йўл-йўриқ кўрсатиб, маслаҳат бермаганида, тақдирим не кечарди, билмайман, – деган эди ая ўша кунларни эслаб.

    У пайтларда хотин-қизларнинг саҳнага чиқиши тасаввурга сиғмайдиган гаплар эди. Турсуной, Нурхон... Эндигина ўн олти ёшга кирган Нурхонни ўз акаси йигирма тўққиз жойига пичоқ уриб ўлдирди.

    Ана шундай шароитда саҳнага чиқиб ашула айтиш, рақсга тушиш чинакам жасорат эди. Лутфихон ая ана шундай фидоийлардан бири. Буларнинг аксариятига шоир, драматург Ҳамза раҳнамолик қилди. Унинг юзлаб шогирдлари қатори Лутфихон ҳам шогирдлик бурчини садоқат билан бажариб келди. Устоз қаламига мансуб асарларда роль ижро этганда яйраб кетади, бутун истеъдод ва маҳоратини ишга солади. “Нурхон”даги мушфиқ она, “Паранжи сирлари”даги Мастура сатанг, “Майсаранинг иши”даги уддабурон Майсара образлари бунга мисолдир...

    – Мен ва менга ўхшаган қанчадан-қанча хотин-қизларнинг санъаткор бўлиб етишувида устоз Ҳамзанинг хизматлари беқиёс, – деган эди ая. – У ҳам бевосита ёрдами, ҳам асарлари билан бизни тарбиялади, сабоқ берди.

    Ҳамза асарлари замондошларинигина эмас, ундан кейинги қанчадан-қанча авлодни ҳам тарбиялади. Ҳозирги санъаткорларимиз ҳам Ҳамза асарларини саҳнага қўйишни, уларда роль ижро этишни шараф деб биладилар. Зотан, классик адиблар қаламига мансуб асарларни саҳнага қўйиш, улардаги образларни саҳнага олиб чиқиш ҳар бир режиссёр ва актёр учун маҳорат мактабидир. Ҳамза асарларидаги Ғофир, Жамила, Майсара, Ойхон, Холисхон ва бошқа образлар ана шундай ўлмас қаҳрамонлардир. Ҳалима Носирова, Сора Эшонтўраева, Шукур Бурхонов, Олим Хўжаев ва бошқа кўплаб атоқли санъаткорларимиз маҳоратининг такомилида Ҳамза асарларининг аҳамияти жуда катта бўлгани шубҳасиздир.

    Саҳна – менинг ҳаётим

    – Саҳна – менинг ҳаётим, мен бахтимни саҳнадан топдим, – деган эди ая. Чиндан ҳам, ая саҳнада қарийб олтмиш йил ижодий меҳнат қилди. Бу йиллар давомида қанчадан-қанча роллар ижро этди. Уларнинг ҳар бири ўзига хос қиёфага, характерга, кўринишга, гапириш манерасига эга. Уларни бир-бири билан адаштириб, қориштириб юбориш мумкин эмас. “Ҳалима”даги Ҳалима, “Аршин мол олон”даги Гулчеҳра, “Маликаи Турандот”даги Малика, “Фарҳод ва Ширин”даги Ёсуман, “Гулсара”даги она, “Олтин кўл”даги Жамол хола ва бошқалар. Мана шу рўйхатнинг ўзиёқ Лутфихон ая истеъдодидан дарак беради.

    Бу образларнинг ҳар бирини алоҳида таҳлил қилиш мумкин. Чунки улар шунчаки ижро этилмаган, балки ҳар бири образ даражасига кўтарилган. Бошқача айтганда, образнинг туб моҳияти юксак маҳорат билан очиб берилган. Томошабин актриса яратган Ҳалима, Гулчеҳра, Лайли, Нурхоннинг онаси Кимё хола каби ролларга хайрихоҳ бўлса, Ёсуман, Мастура сатанг сингари образлардан даҳшатга тушади. Ёсуман Фарҳодга гул олиб келиши, буни сенга Ширин бериб юборди, деб Фарҳодга гулни ҳидлатиши ҳамда ҳушидан кетказиши ва у беҳуш бўлиб йиқилганда ғалати бир овоз билан кулишини эсланг. Унинг овози, кулгиси томошабин юрагига ханжар каби санчилади. Ёки Мастура сатангнинг “Эй, Норбойвачча, ҳалиям бўлса белбоғни рўмолга алмаштириб қўя қолинг”, деган аччиқ киноялари-чи. Унинг гапларидан илон пўст ташлайди. Бу сўзларни айтаётган санъаткор ҳаракатларининг ўзиёқ олам-олам мазмунга эга.

    Лутфихон ая бугун бу ролда, эртага бошқа ролда саҳнага чиқди, дейлик. Томошабин уни дарҳол таниб ололмайди. Нега? Сабаби, актриса ўзи ижро этган образни обдон ўзлаштириб олади, яъни роль ўйнамайди, балки саҳнада образ қиёфасида яшайди.

    Театрдан чиққандан кейин эса яна ўзимиз билган ўша оддийгина Лутфихон аяга “айланади”. Бу – санъаткор маҳоратининг намунаси. Ҳолбуки, шундай актёрлар борки, улар бизнинг замондош ролида чиқса ҳам, бошқа миллат вакиллари сиймосида кўринса ҳам, классик асарлар қаҳрамонларини ўйнаса ҳам саҳнага чиқиши, бир оғиз гапириши биланоқ қайси артист эканини билиб оламиз. Чунки образларнинг ҳаммаси бир хил оҳангда гапиради, бир хил юради, бир хил кулади ва ҳоказо. Лутфихон аяни томошабин дарҳол танимайди, деганда, мана шу жиҳатларни назарда тутяпман. Аслида томошабин танийди, аммо ким ижро этаётганини, ҳатто саҳнадаги воқеалар спектакль эканини эсидан чиқариб қўяди. Муайян ролни маромига етказиб ижро этган артистни ўша образ номи билан аташга ҳам ўрганиб қолганмиз. Айтайлик, Аброр Ҳидоятовни – Отелло, Олим Хўжаевни – Навоий, Обид Жалиловни – Солиҳбой, Соиб Хўжаевни – Тошболта, Раззоқ Ҳамроевни – Насриддин Афанди ва ҳоказо.

    ***

    Лутфихон ая Қўқон театридан кейин Андижон теартига ишга ўтди. У ерда Комил Яшин (адабий эмакдош), Тўхтасин Жалилов, Соиб Хўжаев каби санъаткорлар билан танишди, ҳамкорлик қилди. Кейин Тошкентга – республика мусиқали драма театрига ишга келди. Бу пайтда унинг актрисалик маҳорати анча шаклланиб, такомиллашиб қолган эди. Шу боис, Бобораҳим Мирзаев, Карим Зокиров, Мукаррама Турғунбоева, Ҳалима Носирова сингари машҳур санъаткорлар билан партнёр бўлиб роллар ижро этишга унча қийналмади...

    Ўзбекистонда опера театрининг очилиши Лутфихоним санъатининг янги қирраси кашф этилишига имкон яратди. Энди у операларда партиялар ижро эта бошлади. “Эр-Тярғин”да Тама, “Наргис”да Ноз-ноз партиялари актриса ижодий таржимаи ҳолини безаб турибди.

    Муқимий номидаги театр ишга тушгандан бошлаб ая ижодий фаолиятини шу санъат даргоҳида давом эттирди. Бу саҳнада неча ўнлаб ранг-баранг ролларни ижро этди. “Холисхон”, “Фарҳод ва Ширин”, “Нурхон”, “Олтин кўл”, “Кимга тўй, кимга аза”, “Икки билакузук”, “Мавлоно Муқимий” спектаклларидаги роллар шулар жумласидандир. Уларнинг ҳар бири фақат Саримсоқова ижодида эмас, айни чоғда ўзбек мусиқали драма театри тарихида ўчмас из қолдирди. Шу билан бирга, ёш санъаткорлар учун маҳорат мактабига айланди.

    Ая 1937 йилни алоҳида ҳаяжон билан эслайди. Ўша йили Москвада ўзбек санъати ва адабиёти декадаси бўлди. Шу тантанада Лутфихоним “Фарҳод ва Ширин”да Ёсуман, “Гулсара”да Ойсара ролини ижро этди. Ўша кезлари Москва нашрларида ўзбек санъаткорлари, хусусан, Лутфихоним Саримсоқова ижоди ҳақида мақолалар берилди. Жумладан, “Правда” газетаси “Гулсара” спектаклида Ойсара ролини ижро этган Лутфихоним Саримсоқова катта драматик истеъдодга эга эканини намойиш этди”, деб ёзган эди.

    Аянинг ижоди тўғрисида турли газета ва журналларда қанчадан-қанча мақолалар ёзилди. Зотан, саҳнага 16 минг мартадан кўпроқ турли қаҳрамонлар сиймосида чиқиш, фақат чиқиш эмас, уларнинг характерини очиб бериш – бу айтишга осон, холос. Аслида улар машаққатли меҳнат, тинимсиз изланишлар, уйқусиз тунлар ҳисобига қўлга киритилган...

    Шу ўринда бир нарсани таъкидламоқчиман. Ая нимагаки эришган бўлса, фақат меҳнат, машқ эвазига эришган. Чунки у на бир олий ўқув юртида, на бир махсус студияда таҳсил олган. Фақат ҳаётдан, устозлардан ўрганган.

    Экран...

    Ая ижодини фильмларда ижро этган ролларисиз тасаввур қилиш қийин. Бу оммавий санъатга у 1931 йили Марғилон фабрикасида суратга олинган “Озод” фильмида суратга тушиш билан кириб келди. Шундан сўнг ўнлаб фильмларда турфа образлар яратди. “Қасам” номли илк овозли фильмда ҳам ая роль ижро этган. “Маҳаллада дув-дув гап”, “Сен етим эмассан”, “Иккинчи баҳор”, “Ҳамза”, “Стадионда учрашамиз”, “Фарҳоднинг жасорати”...

    Бу фильмлар орасида, айниқса, “Сен етим эмассан” алоҳида аҳамиятга эга. Ая ижро этган Фотима хола образи ўзбек оналарининг меҳрибонлиги, болажонлиги, фодоийлиги тимсолидир. Фильмни кўрмаган томошабин йўқ ҳисоби. Шу боис, уни таҳлил қилишга ҳам ҳожат йўқ. Бир нарсани эслатиш керакки, аянинг ўзи ҳам Иккинчи жаҳон уруши йилларида бошпанасиз қолган гўдак бошини силаган, тарбиясига олган. Катя исмли бу қизчага Каромат, деб ном қўяди. Ая уни оналик меҳри билан тарбиялади, ўстирди, вояга етказди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор Иккинчи жаҳон уруши мавзуидаги бир шеърида “Ҳа, ҳа, ўша машҳур Лутфихон ая”, деб бекорга ёзмаган эди.

    Лутфихон ая саҳнада, экранда ижро этган роллари томошабинларга эзгуликдан, одамийликдан сабоқ беради. Ижобий образлари ўрнак бўлса, салбий образлари огоҳлантиради.

    Мен Беларусда бўлиб Минскдаги Иккинчи жаҳон уруши музейи залларини айланганимда, Рига яқинидаги Саласпилс концлагери ўрнида барпо этилган ёдгорлик музейини кўздан кечирганимда киноларда кўрганимиз, китобларда ўқиганимиз уруш воқеаларини эсладим. Айниқса, Саласпилсда фашистлар томонидан ваҳшийларча ўлдирилган болаларнинг қўлидаги рақамларни кўриб юрагим увишиб кетди. Бу ажалхонада етти минг гўдак ваҳшиёна ўлдирилган. Шунда ёдимга Ўзбекистонга эвакуация қилинган болалар тушди. Ҳар қалай улар бахтли болалар экан. Ҳолбуки, қанча-қанча болалар эвакуация қилинмай қолиб кетган. Афсус...

    “Сен етим эмассан” фильми, бу фильмдаги Фотима хола образи менга шуларни эслатади. Зотан, ўзбек халқи қанча бола бўлса, жонига жойлар эди. Бинобарин, бу миллатимизга хос фазилатдир. Лутфихоним ая ана шу хусусиятларни ёрқин очиб бера олган.

    Алқисса

    Лутфихоним Саримсоқава санъат учун туғилган. У 95 ёшида (1991 йил) вафот этди. Бу йилларнинг ҳар бири олам-олам маънога, воқеаларга бой бўлди. Ая уларни ҳаяжон билан эсларди. Қўқондаги фаол хотин-қизлар Тожихон Шодиева, Тўрахон Иброҳимова, Тўтихон Мавлонбекова, Жаннатхон Обидова кўрсатган ёрдам ва ғамхўрликларни ая миннатдорлик билан ёдга олар эди. Ҳар бир роль устида ойлаб ишлаганларини кулиб гапириб берарди. “Нурхон” спектаклидаги Кимёхон ролини саҳнада уч минг беш юз марта ижро этганини эсласа, қувончдан кўзига ёш келарди. Ўзбекистон халқ артисти, СССР халқ артисти унвонларини олган кунларни ҳаяжон билан эсга оларди. Ўша даврнинг кўплаб орденлари билан тақдирланган эди.

    Пластинкаларни қўйиб, бир вақтлар ўзи куйлаган “Омон бўлайлик”, “Жамбилхон”, “Кулинг”, “Ўзганча” каби ашулаларини тинглаганда, хаёллар уни узоқ ўтмишга олиб кетарди. Бир вақтлар одамлар эшигида хор-зор бўлиб юрган, бурда нон учун кишилар қўлига мўлтираб термулган Лутфи элу юртимизга Лутфихоним бўлиб танилди. Уни фақат шогирдларигина эмас, бутун санъат мухлислари ая деб эъзозлади.

    Театр ва кино санъати мухлислари, қўшиқ шинавандалари ҳамон ая санъатини қадрлайди, эслайди, ая қатнашган фильмларни интиқиб томоша қилади. Аяга вафотидан кейин 2001 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени берилгани ҳам бу фикрларни тасдиқлайди.

    Ҳалол, виждонан қилинган меҳнат қадр-қиммат топади. Енгил-елпилик, қўл учида иш қилиш, мол-дунёга берилиш яхшиликка олиб келмайди, деб таъкидларди ая.

    Аянинг ўзи узоқ умри давомида шу гапларга амал қилиб яшади.

    Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ,

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates