Ҳакамлар қаторидан Ўзбекистон Президенти администрациясининг раҳбари Саида Мирзиёева ҳам жой олган. Унинг номзоди Ал-Азҳар бош имоми Аҳмад ал-Тойиб томонидан илгари сурилган.
«Шайх Зоид номидаги «Инсоний биродарлик» мукофотининг ҳайъат аъзоси бўлиш таклифини бениҳоя миннатдорлик билан қабул қилмоқдаман.
Ушбу мукофот низолар, тушунмовчиликлар туфайли пароканда бўлган жаҳонда меҳр-оқибат, жасорат ва бирдамлик туйғулари қанчалик ноёблигини, қанчалик таҳсинга сазовор эканлигини ёдга солади.
Одамзоднинг ёруғ келажаги ўзаро муносабатларга боғлиқлигига чин дилдан ишонадиган, жасур, узоқни кўра биладиган инсонлар билан елкама-елка фаолият юритиш мен учун шарафдир» дейди у.
Ҳакамлар ҳайъатининг олти нафар аъзоси қуйидагилар:
- Саида Мирзиёева – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари
- Кетерин Расселл – ЮНИCЕФ ижрочи директори
- Шарл Мишел – Европа Кенгашининг собиқ президенти, Бельгия собиқ бош вазири
- Моусса Факи Маҳамат – Африка Иттифоқи Комиссиясининг собиқ раиси, Чад собиқ бош вазири
- Кардинал Хосе Толентино де Мендонса – Муқаддас Тахтнинг Маданият ва таълим бўйича дикастерияси префекти
- Судья Муҳаммад Абделсалом – Зойид номидаги Инсон биродарлиги мукофоти Бош котиби.
Зойид халқаро мукофоти – дунё бўйлаб турли соҳа ва минтақалардан келган, инсонпарварлик, биродарлик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини илгари суриш йўлида фидокорона хизмат қилаётган шахслар ҳамда ташкилотларни тақдирлашга қаратилган.
Мукофот номи Бирлашган Араб Амирликлари асосчиси, марҳум Шайх Зойид бин Султон Ал Наҳаён шарафига қўйилган.
Турли соҳаларда фаолият юритадиган ва хилма-хил тажрибага эга ҳакамлар ҳайъати 60 дан ортиқ давлатлардан келиб тушган номзодларни баҳолаб, иқлим ўзгариши, камбағалликка қарши кураш, жамият ривожланиши ва соғлиқни сақлаш каби турли инсонпарварлик ташаббуслари бўйича танлов ўтказади.









