Самад Вурғун: “Юракларга оҳанг солган най бўла олсам...”

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммитида ташкилотга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат “Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100 жилдлик китоблар туркумини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш ғоясини илгари сурган эди.

    Ушбу эзгу ташаббус асосида Ўзбек адабиёти ҳамда туркий тилда сўзлашувчи халқлар адабиётининг юксак намуналаридан халқимизни ҳар томонлама баҳраманд қилиш, улуғ ота-боболаримиз ва туркий тилда сўpлашувчи халқларнинг буюк алломалари, адибларининг бой адабий мероси, шунингдек, бугунги замонавий адабиётининг сара намуналарини бир мажмуада халқимизга етказиб бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 сентябрдаги фармойишига мувофиқ, Туркий тилда сўзлашувчи давлатларнинг миллий адабиёти намуналаридан иборат 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари” асарлар мажмуаси нашр этилди.

    Ушбу 100 жилдлик асарлар мажмуасини тайёрлашда 200 дан зиёд таржимонлар қатнашди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан яна 100 дан зиёд адабиётшунос ва матншунос олимлар, адиблар, муҳаррир ва рассомлар нашрга тайёрлаш, чоп этиш ишларига кенг жалб этилди. Улар сафида “Ўзбекистон” нашриёти Бош муҳаррири,Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, таржимон ва ношир Муҳиддин Омон ҳам бор.

    Қадимий илдизлар туташ қалблар оҳи-ла янгради

    Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад ўзбек адабиёти ҳамда туркий тилда сўзлашувчи халқлар адабиётинингюксак намуналаридан халқимизни ҳар томонлама баҳраманд қилиш, улуғ ота-боболаримиз ва туркий тилда сўpлашувчи халқларнинг буюк алломалари, адибларининг бой адабий мероси, шунингдек, бугунги замонавий адабиётининг сара намуналарини бир мажмуада халқимизга етказиб бериш, ўзбек адабиёти ҳамда туркий тилда сўзлашувчи халқлар адабиёти намуналари билан янада яқиндан таништириштиришдан иборат.

    Шунингдек, лойиҳа Туркий тилда сўлашувчи халқларнинг қадимий илдизлари бирлиги, уларнинг умумий қадриятлари, қардошлиги асосида янада яқинлаштириш, маданий, маънавий соҳалардаги алоқаларни кучайтиришга хизмат қилади.

    – Ушбу муҳташам мажмуанинг тақдимотлари, 2023 йилда Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ташкил этилган Китоб кўргазма ярмаркаси доирасида, ҳамда Туркиядаги халқаро анжуманларда юқори даражада ўтказилиб, халқаро эътирофларга сазовор бўлди, – дейди Муҳиддин Омон. – Шахсан менинг ўзим ушбу мажмуадаги Озарбайжон Халқ шоири Самад Вурғуннинг шеърларини масъул муҳаррир сифатида нашрга тайёладим. Замонавий Озарбайжон шеърият антологияси учун эса ХХ аср бошларида яшаб ижод этган Озарбайжон шоири Мирза Ҳасан Қорабоғийнинг газалларини ўзбек тилига таржима қилдим.

    Шунингдек, Замонаий Ўзбек шеърияти антологиясига ҳам Муҳиддин Омоннинг бир туркум шеърларим киритилиб, мазкур 100 жилдлик мажмуанинг муаллифлари қаторидан жой олди.

    Айтиш мумкинки, ушбу нашр нафақат Туркий давлатлар ташкилоти аъзолари, балки, бутун дунёнинг ижодкор зиёлилари, адиблари, адабиётшуослари ва китобхонлари учун ҳам муносиб туҳфа, бир сўз билан айтганда тарихий воқеа бўлди. Ва бу Янги Ўзбекистоннинг маънавият ва маърифат соҳасида олиб бораётган улкан ислоҳотларининг ёрқин намунаси,оламшумул натижаси бўлди.

    Элпарвар шоирнинг ўлмас мероси

    Мазкур кенг кўламли асарлар мажмуасига умумтуркий адабиётнинг қадимги даврларда то ХХI асрнинг шу кунларига қадар яратилган энг етук намуналари, Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, шунингдек, кузатувчи мамлакатлар – Туркманистон ва Венгрия давлатларининг атоқли шоир, адиб ва мутафаккирларининг асарлари киритилди.

    Ушбу адабий хазина ўз моҳиятига кўра, нафақат Марказий Осиё, балки бутун Туркий тилли давлатлар орасида илк бор рўёбга чиқарилган йирик адабий лойиҳанинг амалий ифодаси, бошқача қилиб айтганда, Янги Ўзбекистоннинг чин маъндога маънавият маҳсули, она юртимизда маданият ва санъатга кўрсатилаётган улкан ғамхўрликнинг, халқимизнинг қардош халқлар ва уларнинг сўз санъатига нисбатан юксак ҳурмат-эҳтироми рамзидир.

    Мажмуада барча туркий тилли халқлар адабиёти вакилларига кенг ва муносиб ўрин берилган.

    Хусусан, тўпламда жами 117 нафар машҳур шоир ва адибга алоҳида жилд ажратилган. 52 нафар ижодкорнинг асарлари ўзига замондош, услуби ва йўналиши жиҳатидан яқин ва ҳамоҳанг бўлган бошқа адиб ва шоир билан битта жилдга киритилган. Агар маллифларнинг умумий сонини айтадиган бўлсак, мазкур 100 жилдикда жами 1018 нафар адиб ва шоирларнинг ижодий ишлари қамраб олинган.

    – Мазкур мажмуаннг ўзим муҳаррир сифатида нашрга тайёрлган 63-жилдида ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилган ижодкор Самал Вурғун атоқли озарбайжон шоири, драматург ва жамоат арбобидир, – дейди шоир ва таржимон Муҳиддин ОМОН. – У 1943 йилда Озарбайжонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, 1945 йилда эса Озарбайжон Фанлар академияси академиги, 1955 йилда Озарбайжон халқ шоири унвонларига сазовор бўлган. Шоирнинг илк ижодий фаолияти 1924 йилдан бошланган. Оташ юракли озарбайжон шоири ижодининг дастлабки даврида озарбайжон шеъриятига кириб келаётган формализм кўринишларига қарши курашган. Хусусан, унинг “Шоирнинг қасами” (1930), “Фонар” (1932) шеърий тўпламлари, “26” (1935), “Басти” (1937), “Толистон” (1938) ва “Муғон” (1940) достонларида XX асрнинг 30-йилларидаги меҳнат ва кураш романтикаси ўз ифодасини топган.

    Халқлар ўртасидаги қардошлик туйғулари тараннуми

    Самад Вурғуннинг ижодида “Воқиф” шеърий драмаси (1937) алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, унда XVIII асрда яшаган озарбайжон шоири Воқифнинг машаққатли ҳаёти ва ижодий фаолияти катта маҳорат билан тасвирланган. Шунингдек, унинг Низомийнинг “Хусрав ва Ширин” достони асосида ёзилган “Фарҳод ва Ширин” драмаси (1941) ҳам озарбайжон театр санъатининг ривожида муҳим ўрин тутади. Шоирнинг “Хонлар” (1939) шеърий драмаси, “Она сўзи” (1941), “Ойгун” (1951), “Негр сўзлайди” (1948) достонлари ҳамда “Ёндирилган китоблар” (1947) шеърий тўплами унинг халқ орасидаги шуҳратини янада оширди.

    Инсонпарварлик, ватанпарварлик ва халқлар ўртасидаги қардошлик ва дўстлик туйғуларини тараннум этиш Самад Вурғун ижодининг ғоявий асосларини ташкил этади.

    Таржимон Муҳиддин Омоннинг таъкидлашича, Самад Вурғун озарбайжон шеъриятида замонавий тил ва услубнинг шаклланишига катта ҳисса қўшган. У ўз ижодий фаолияти давомида Низомий Ганжавий, Алишер Навоий, Шота Руставели, Александр Пушкин, Тарас Шевченко, Максим Горький каби жаҳонга машҳур адиб ва шоирларнинг асарларини озарбайжон тилига маҳорат билан таржима қилган. Шоирнинг бирқанча шеър ва достонлари ўзбек тилида нашр этилган. Жумладан, ушбу “Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуасига киритилган сайланмага шоирнинг ўзбек тилида 1953 йилда “Ўздавнашр” нашриётида чоп этилган “Танланган асарлар”, 1978 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган “Юракдаги сўз”, ҳамда 1990 йилда дунё юзини кўрган “Тўрт сўз” номли китоблари асосида тартиб берилди. Албатта, шоирнинг шеър, баллада ва достонларидаги айрим лавҳалар бугунги кун нуқтаи назаридан жузъий қисқартириш ва таҳрирлар асосида тақдим этилди. Китобга киритилган асарларни ўзбек адабиётининг устоз шоир ва таржимонлари Миртемир, Насрулло Охундий, Аҳмад Бобожон ҳамда Раззоқ Абдурашидлар ўзбек тилига ўта нозик дид, ажиб зарофат ва маҳорат ила ўгиришган.

    Ноёб мажмуадан, шунингдек, 1953 йилда чоп этилган “Танланган асарлар” нашри учун Ўзбекистон Халқ шоири, атоқли драматург ва адабиётшунос Мақсуд Шайхзода қаламига мансуб сўзбоши ҳам ўрин олган. Зеро, унда, закий адабиётшунос олим ва шоир Шайхзода томонидан Самад Вурғун ижодининг туб илдизлари, мазмун-моҳияти, асл маслак-муддаолари жуда теран ва мухтасар тарзда очиб берилган. Айни шу жиҳатарига кўра, Шайхзоданинг ушбу мақоласи бугунги кун ўқувчилари учун ҳам ўта қийматлидир.

    Зеро, ҳар бир сатрида жафокаш она халқининг дарду ҳасратини куйлаган, ойдин кунларини орзулаган элпарвар шоир Самад Вурғуннинг шеърияти ҳали яна неча-неча авлод шеърият ихлосмандлари кўнглига эзгулик уруғларини қадаб, уларни инсоний камолот йўлига бошлайверади.

    Келур навога кўнгил фурқатингда шому саҳар

    Мирза Ҳасан Қорабоғий XIX асрнинг иккинчи ярмида Озарбайжоннинг Қорабоғ вилоятига қарашли Шуша шаҳрида яшаб, ижод этган. Бу дилбар шоир Фузулий ва Навоийни бирдек ўзига устоз деб билган. Унинг ижодий меросида Навоий ва Бобур шеъриятининг оҳангларини илғаш у қадар мушкул эмас. Қорабоғий озарбайжон, форс ва ҳатто ўзбек тилларида ҳам ғазаллар ёзган. Унинг форс ва озарбайжон тилларида битилган ғазал, маснавий, рубоий, қитъа, таркибанд, тахмис ва тамсилларидан таркиб топган умумий олти минг байтдан ошиқроқ келадиган девони мавжуд.

    – Мирза Ҳасан Қорабоғийинг ғазалларини ўзбек тилиба ўгиришимга сабаб бу шоир Алишер Навоийнинг шогирди деб билган ва мутафаккир бобомиз ижодини жуда қадрлаган, – дейди таржимон Муҳиддин Омон. – Мирза Ҳасан Қорабоғий Ҳазрат Навоийдан илҳомланиб, ўзбек тилида ҳам ғазаллар битган. Шоир ғазалларининг асл сарчашмаси Алишер Навоий ижоди бўлгани учун уларни таржима қилиш у қадар қийин бўлмади. Дарвоқе, унинг ўғли Халил Юзбашов ҳам шоир бўлиб, у Навоий асарларини озарбайжон тилига таржима қилган. Ана шу жиҳатлар сабабли Мен Мирза Ҳасан Қорабоғийнинг ғазалларини алоҳида эҳтиром ила таржима қилдим... Айниқса, шоирнинг ёр ҳажрида интизорлик чекаётган ошиқ тилидан битилган мана бу мисралари менга жуда ёқди:

    Кел, эй, ҳаёнинг тимсоли, ёри ғамгузорим кел,

    Кел, эй, аниси, дили зори беқарорим кел!

    Келур навога кўнгил фурқатингда шому саҳар,

    Тутиб жаҳонни саросар фиғону зорим кел!

    Кетибдур сабру қарорим, йўқолмиш тобу табон,

    Кел, эй, кўзум, азизим, тоқатим, қарорим, кел!

    Устоз Шоиримиз Миртемир таржимасидаги бир шеърида эса Самад Вурғун “Юракларга оҳанг солган най бўла олсам”, дейди. Муҳиддин Омон каби моҳир таржимонларимиз ўзбек тилига ўгирган мисралар ҳам адабиётга шайдо юракларга оҳанг олиб кирсин, халқларимиз ўртасидаги дўстлигимиз, бирдамлигимиз янада мустаҳкам бўлсин, деймиз.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates