Самарқанд шаҳрида ТДТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди

    Халқаро ҳамкорлик 11 ноябр 2022 1481

    2022 йил 10 ноябрда Самарқанд шаҳрида Туркий Давлатлар Ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.

    Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия, Венгрия ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари, ТДТ Бош котиби ҳамда ТДТ тузилмалари – ТУРКСОЙ, ТуркПА, Халқаро туркий академия, Халқаро туркий маданият ва мероси фонди раҳбарлари иштирок этди.

    Вазирлар дўстона ва конструктив руҳда Ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди. Туркия томонининг ўтган йилда Ташкилотдаги раислиги самарали ва муваффақиятли бўлгани қайд этилди.

    Иштирокчилар 2022 йил 11 ноябрда Самарқанд шаҳрида «Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонликка биргаликда» мавзусида бўлиб ўтадиган ТДТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши кун тартиби ва кўриб чиқиш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиб, келишиб олди.

    Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири иштирокчиларни 2021 йилда Туркий кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилотига ўзгартирилгандан кейинги биринчи саммит бўладиган давлат раҳбарларининг учрашувига тайёргарлик ҳақида маълумот берди.

    Давлат раҳбарларининг бўлажак учрашуви туркий давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг янги уфқлари ва истиқболларини очишга хизмат қилади. «Туркий дунё нигоҳи – 2040» концепциясини амалга ошириш доирасида 2022-2026 йилларга мўлжалланган ТДТ стратегиясининг қабул қилиниши ушбу тадбирнинг муҳим воқеаси бўлади. Ҳужжатнинг амалда татбиқ этилиши ТДТ мамлакатлари ўртасида турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради.

    Учрашувда ташқи ишлар вазирлари жаҳонда рўй бераётган воқеаларнинг жадаллиги ва халқаро муносабатлардаги ўзгаришлар ТДТни замонавий воқеликка доимий мослаштириш заруриятини тақозо этишини таъкидлади. Иштирокчилар бугунги куннинг тобора кучайиб бораётган таҳдидларини бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида стратегик масалалар бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйиш зарурлигига эътибор қаратди.

    Вазирлар ўз нутқида очиқлик, тенглик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига, шунингдек, ТДТ доирасидаги кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришнинг мутлақ тарафдори эканликларини таъкидлади. Улар ТДТ маконида хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлашнинг энг муҳим омилларидан бири Афғонистондаги вазиятни тез фурсатларда тартибга солиш ҳақидаги позицияни яна бир бор тасдиқлади.

    Вазирлар ТДТ Бош котиби ва ташкилотга қарашли халқаро тузилмалар раҳбарларининг ўтган йилдаги маълумотларини тинглади.

    Тадбир доирасида бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

    Йиғилишда ТДТнинг жорий фаолиятининг бошқа долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди.

    Тадбир якунида ТДТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилишини 2023 йилда Қозоғистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates