Самарқанд туманида туристик-рекреацион зона ташкил этилади

    Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятида «Оҳалик – Оқбўйро – Миронкул» туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

    Туристик-рекреацион Самарқанд туманидаги «Ўрта Оҳалик», «Оқбўйро», «Янгижой» ва «Миронкул» маҳаллаларида жойлаштирилади. Оҳалик лойиҳаси - 1700 гектарга яқин, Оқбўйро - 414 гектар, Миронкул 2500 гектардан ортиқ майдонни эгаллайди.

    Давлатимиз раҳбарининг қарорида кенг кўламли лойиҳани амалга ошириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган. Юклатилган вазифалар ижроси вилоят ҳокими томонидан Самарқанд тумани ҳокимлигида масъуллар билан биргаликда муҳокама қилинди.

    Ҳужжатда жорий йилнинг 1 августига қадар ҳудуднинг бош режасини ишлаб чиқиш ва зарур ер участкалари тоифасини ўзгартириш бўйича ҳукумат комиссиясига таклифлар киритиш, туризм зонасида хавфсиз туризмни таъминлаш мақсадида ички ишлар бўлимларини ташкил этиш ва бошқалар белгиланган.

    Муҳокамада Самарқанд тумани ҳокимлиги ҳузурида ушбу лойиҳа доирасида автомобиль йўлларини модернизация қилиш ва қуриш, туристик инфратузилма, муҳандислик-коммуникация тармоқлари лойиҳаларини амалга ошириш бўйича буюртмачи бўладиган давлат муассасаси шаклида туризм-рекреацион зона дирекциясини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

    Туристик зона ҳудудида туристик инфратузилмани қуриш мумкин бўлган ер участкалари қарорга мувофиқ кейинчалик самарали фойдаланиш ёки инвесторларга белгиланган тартибда онлайн-аукцион орқали сотиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан дирекцияга ўтказилади.

    Аввало, ерларни инвентаризациядан ўтказиш, тоғ туризми лойиҳасининг чегараларини аниқлаш зарурлиги айтилди. Шунингдек, тўртта маҳалла фуқаролари билан суҳбатлар ўтказиб, уларнинг фикрини сўраш, таклифларини тинглаш зарурлиги айтилди.

    – Лойиҳани амалга оширишда биринчи навбатда сувнинг мавжудлиги зарур, – деди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов. Селни сақлаш омбори қуриш масаласини ўрганиш бўйича кўрсатма берилди.

    Умуман олганда, мазкур лойиҳа туман инфратузилмасини яхшилаши, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилишини инобатга олиб, уни амалга оширишда маҳаллалардан тортиб ҳокимиятгача фаол иштирок этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

    Бир ҳафтадан сўнг масъуллар туристик зонанинг йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси бўйича тақдимотлар ўтказиши белгиланди.