Самарқандда ўқувчи қизни зўрлашда 9 киши гумонланмоқда

    Дастлабки тергов давомида Қўшработ туман прокуратураси иш юритувчисининг ишга алоқадорлиги аниқланганини тасдиқлади

    Самарқанд вилояти Қўшработ туманида 8-синф ўқувчисини ўғирлаш ва зўрлаш жинояти бўйича 9 нафар гумонланувчи аниқланган, уларнинг 8 нафари ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

    Шу йилнинг 13 ноябрь куни зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси ушбу даҳшатли воқеа ҳақида хабар берганди. Хабарда айтилишича, қиз 23 октябрь куни ўғирлаб кетилган. Қариндошларининг сўзларига кўра, орадан маълум вақт ўтгач, улар қизлари йўқолгани ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилган. Баданида зўравонлик излари бўлган қиз 6 октябрь куни топилади. Қизнинг сўзларига кўра, уни бир неча кун калтаклаб, спиртли ичимликлар ва ноқонуний моддалар қабул қилишга мажбурла, иродасига қарши ушлаб туришган ва зўрлашган. Унинг яқинлари қизни шифокорга олиб боришди.

    Хабар эълон қилинган пайтда жиноятнинг барча гумонланувчи иштирокчилари, шу жумладан, прокуратуранинг бир ходими ҳам эркинликда юрган, деб хабар берди Nemolchi.uz. Лойиҳанинг таъкидлашича, қизни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш мажбуриятига эга бўлган барча идоралар ўз вазифаларига нопрофессионал ёндашган ва кўплаб қоидабузарликларга йўл қўйган.

    Ҳаёт Шамсутдинов 6 ноябрь куни ариза олингандан сўнг бошланган дастлабки тергов давомида Қўшработ туман прокуратураси иш юритувчисининг ишга алоқадорлиги аниқланганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, мазкур ходим 30 октябрь куни вилоят прокурорининг буйруғи билан прокуратура органларидан бўшатилган.

    Дастлабки тергов, суд-тиббий ва биологик экспертиза натижаларига кўра, 31 октябрь куни Иштихон туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 119-моддаси 3-қисми (Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Шундан сўнг иш ички ишлар органларига юборилган.

    Тергов ва тезкор қидирув ҳаракатлари давомида 9 нафар гумонланувчи аниқланиб, улар терговга жалб этилган. Саккиз нафар шахс, шу жумладан, собиқ прокуратура ходими қонуний тартибда ушланган. Яна бир шахсни қўлга олиш чоралари кўрилмоқда.

    Жиноят иши бўйича тергов устидан Бош прокуратура назорат ўрнатган.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates