Самарқандда Осиё -Тинч океани минтақасида савдони соддалаштириш масалаларига бағишланган 11-форум (APTFF) бўлиб ўтмоқда

    Жорий йил 1 апрелда Самарқанд шаҳрида Осиё -Тинч океани минтақасида савдони соддалаштириш масалаларига бағишланган 11-форум (APTFF) ўз ишини бошлади.

    Форумда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан 250 дан кўпроқ хорижий меҳмонлар, жумладан, 10 дан ортиқ халқаро ташкилот вакиллари иштирок этяпти.

    Маълумот учун: Осиё Тинч океани минтақасида савдони соддалаштириш масалаларига бағишланган форум (APTFF) савдони соддалаштириш йўналишида илғор тажриба ва билим алмашиш учун асосий минтақавий платформа ҳисобланади. APTFF 2009 йилдан бери Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Осиё ва Тинч океани бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ESCAP) томонидан тобора кўпайиб бораётган ҳамкорлар билан ҳамкорликда ташкиллаштирилиб келиняпти. Унда 30 дан ортиқ мамлакатдан 250 дан кўпроқ иштирокчилар қатнашяпти. Форум ҳамкорлик салоҳиятини юксалтириш учун катта имкониятлар яратади.

    Форумнинг очилиш маросимида инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабоев сўзга чиқиб, инновацион технологиялар ва рақамлаштириш кенг жорий этилаётгани, бунинг натижасида ишлаб чиқариш ва халқаро савдо ҳажми ошганини таъкидлади. Шу билан бирга, минтақада озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш вазифалари ҳам долзарблигича қоляпти.

    Шу нуқтайи назардан, савдо, транспорт ва логистика, рақамлаштириш каби соҳаларда, шунингдек, электрон маълумотлар алмашинуви ва бизнеснинг янги механизмларини ишлаб чиқиш орқали савдо тартиб-таомилларини соддалаштиришда халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Бу борада чегара ҳудудларида замонавий савдо ва логистика марказлари, соддалаштирилган божхона йўлаклари ва махсус иқтисодий зоналарни ташкил этиш энг самарали чора-тадбирлар ҳисобланади.

    Барча мамлакатлар учун замонавий технологиялардан тенг фойдаланишга имкон яратиш, савдо ва юк ташиш соҳасидаги тартиботларни соддалаштириш бўйича энг самарали чора-тадбирлар кўриш, товарлар ҳаракатини тартибга солувчи жараёнларни рақамлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

    Ўзбекистонда кейинги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, қулай сармоявий муҳит яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак натижалар бериб келяпти.

    Ташқи бозорга чиқиш йўлидаги тўсиқларнинг бартараф этилиши, валюта бозорининг либераллаштирилиши, 7 мингдан ортиқ турдаги хомашё ва товарларга божхона тўловларининг бекор қилиниши натижасида ташқи савдо айланмаси икки баравар ошди.

    Солиқ юки қарийб 2 баробар камайтирилди, солиқ маъмурчилиги соддалаштирилди, мамлакатда Марказий Осиёдаги энг жозибадор фискал тизим яратилди. Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида дадил қадамлар қўймоқда.

    Сўзга чиққанлар бизнес учун қулай бўлган оралиқ тарифлардан фойдаланган ҳолда Марказий Осиёнинг транспорт салоҳиятини ошириш, Осиё -Тинч океани минтақаси, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ ҳамда Европа Иттифоқи бозорларига чиқиш бўйича янги транспорт йўлакларини қуриш лойиҳаларини илгари суриш муҳимлигини таъкидладилар.

    Бундай шароитларда транспорт хизматлари бозорини либераллаштириш, рухсат бериш тартиб-таомилларини оптималлаштириш, халқаро ташишлар учун ягона рақамли платформа яратиш муҳим аҳамият касб этади.

    Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистоннинг ҳамкор давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокамасига бағишланган учрашувлар бўлиб ўтди.

    Форум 5 апрелга қадар давом этади. Дастурга мувофиқ, рақамлаштириш ва савдони соддалаштириш, жумладан, транспорт ва қоғозсиз трансчегаравий савдо, шунингдек, савдо жараёнини экология жиҳатидан яхшилаш масалалари бўйича гуруҳ муҳокамалари ва сессиялар ўтказилиши режалаштирилган, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates