Бугун Самарқандда тарихий воқеа – Европа Иттифоқи (ЕИ) ва Марказий Осиё ўртасидаги биринчи саммит иш бошлади. 3-4 апрель кунларига мўлжалланган учрашув Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирокида ўтказилади. Тадбирда ЕИ томонидан Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен иштирок этади.
Саммит доирасида Ўзбекистоннинг Европа мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорлигининг узоқ тарихи, саммит якунлари бўйича очилиши мумкин бўлган янги иқтисодий истиқболлар нуқтаи назаридан ҳам алоҳида қизиқиш уйғотадиган масалаларнинг иқтисодий блоки муҳокама қилиниши кўзда тутилмоқда.
Тарихий аҳамият ва қийматга эга саммит ҳақида фикр юритар эканмиз, аввало, “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммити олдидан Президентимизнинг “Euronews”га берган эксклюзив интервьюсига тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Зеро, интервьюда ушбу саммитнинг аҳамияти, ундан кутилаётган натижалар, Европа Иттифоқи билан Марказий Осиё, шу жумладан, Ўзбекистон ҳамкорлигининг истиқболлари таҳлили тўла очиб берилган.
“Бизнинг Европа Иттифоқи билан шериклигимиз — бу икки томонлама ҳаракат, ундан иккала томон ҳам манфаат кўриши лозим. Марказий Осиё — Европа Иттифоқи формати — ноёб ҳамкорлик платформаси бўлиб, ўлчам ва институционал қамров жиҳатидан унга ўхшаши мавжуд эмас. 27 давлатни, жумладан, “Катта еттилик”ка аъзо учта мамлакатни (Германия, Франция ва Италия) бирлаштирган Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан минтақалараро даражада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйган энг йирик интеграцион тузилма ҳисобланади. Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик иқтисодиёт ва инвестициядан тортиб, барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва рақамли трансформациягача бўлган соҳаларнинг кенг мажмуасини қамраб олади ҳамда узоқ муддатли стратегик устувор йўналишларга асосланади”, дейилади интервьюда.
Ўзбекистоннинг ЕИ билан ҳамкорлиги траекторияси
Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон орасидаги ҳамкорлик мамлакатимиз мустақилликка эришганининг дастлабки йиллариданоқ ривожлана бошлади. 1992 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон ҳукумати ва Европа Иттифоқи Комиссияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган бўлса, 1994 йил ноябрда ЕИ билан дипломатик муносабатлар ўрнатилди. 1995 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчихонаси Европа Иттифоқидаги миссия вазифаларини бажариб келмоқда. 2011 йилдан Тошкентда ЕИнинг дипломатик ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда. 1996 йил июнда имзоланган ва 1999 йилда кучга кирган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (ШКБ) ҳамкорлик учун асос яратди.
ЕИ билан ҳамкорлик Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган туб ислоҳотлардан кейин янада фаол ривожланди. 2017 йил июлда Тошкентга ташриф буюрган Европа комиссиясининг халқаро ривожланиш ва ҳамкорлик бўйича бош директори Стефано Мансервиси ЕИ Ўзбекистонни стратегик ҳамкор сифатида кўришини маълум қилган эди.
Ўзаро муносабатларнинг меъёрий-ҳуқуқий базаси ҳам кенгайди. Агар аввал Ўзбекистон ва ЕИ Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ бир-бирига энг қулай савдо режимини тақдим этган бўлса, 2021 йил апрель ойида Европа Иттифоқи Ўзбекистонга Умумий имтиёзлар тизими — GSP+ бенефициари мақомини берди. 2022 йилда эса кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битим маъқулланди.
Кейинги йилларда томонлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳам фаоллашди. Хусусан, 2017-2024 йилларда Ўзбекистоннинг ЕИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2,4 баробар — 2,6 миллиард доллардан 6,4 миллиард долларга, шу жумладан, экспорт 3,6 баробар — 472,3 миллион доллардан 1,7 миллиард долларга, импорт 2,2 баробар — 2,2 миллиард доллардан
4,7 миллиард долларга ўсди. Шундай қилиб, 2024 йилда Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши товар айирбошлашда 9,7 фоизни, экспортда 6,3 фоизни, импортда 12 фоизни ташкил этди. Европа Иттифоқи эса Ўзбекистоннинг савдо ҳамкор мамлакатлари рейтингида Хитой ва Россиядан кейин 3-ўринни эгаллади.
Шу билан бирга, 2017-2024 йилларда Ўзбекистоннинг умумий экспортида Европа Иттифоқи мамлакатлари улуши 3,8 фоиздан 6,3 фоизга ошганини таъкидлаб ўтиш лозим. Бу эса иқтисодиётимизнинг рақобатбардош мавқеи мустаҳкамланганидан далолат.
Бу жиҳатдан 2023 йил якунларини 2024 йил билан таққослаш қизиқарли бўлиши мумкин. Ушбу муддатда ЕИ билан товар айирбошлаш 5,2 фоиз ўсиб, 6,4 миллиард долларга, экспорт эса бирданига 26,9 фоиз ошиб, 1,7 миллиард долларга етган бўлса, импорт ҳажми ўзгармаган ва 4,7 миллиард доллар даражасида қолган. Бу Ўзбекистон учун жуда ижобий омилдир, чунки 500 миллиондан ортиқ аҳолига эга Европа Иттифоқи дунёдаги энг йирик бозорлардан бири ҳисобланади.
Европа Иттифоқига экспортни оширишда Ўзбекистоннинг GSP+ бенефициар мамлакатлар гуруҳига қўшилиши ҳам муҳим аҳамият касб этди. Натижада ўзбек товарлари ЕИ бозорига тахминан 6200 тариф линиялари бўйича божсиз кириш имкониятига эга бўлди. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда GSP доирасидаги имтиёзлардан фойдаланиш даражаси анча юқори.
Ўзбекистон GSP+ бенефициари сифатида GSP томонидан қамраб олинадиган маҳсулотлар тўпламларига тарифларнинг тўлиқ бекор қилиниши ҳисобига қўшимча иқтисодий фойда олади. Бу эса, ўз навбатида, мамлакат экспорти ўсишига ва қўшимча инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади. Барқарор ривожланиш соҳасидаги GSP+ мажбуриятлари Ўзбекистоннинг ишончли иқтисодий ҳамкор сифатидаги мақомини янада мустаҳкамлайди.
GSP+ имтиёзлари билан қамраб олинган Ўзбекистондан импорт ҳажми 2019 йилдаги 100 миллион евродан 2023 йилда 392 миллион еврогача ўсди. Бу сезиларли ўсиш ЕИ билан савдога имтиёзлар тизими қандай таъсир қилаётганини кўрсатади.
Ўзбекистондан импортнинг GSP+ преференциялари билан қамраб олинган улуши 59 фоизни ташкил этади. Преференциялардан фойдаланиш даражаси 84 фоизга етгани муҳим аҳамиятга эга. Бу эса имтиёзларни қўллашнинг юқори даражасидан далолат беради ва савдо алоқалари яхшилангани ва GSP+ тизими тақдим этаётган имкониятлардан фаолроқ фойдаланиш билан боғлиқ.
Белгиланган имтиёзлардан энг кўп фойда кўрадиган маҳсулот сегментлари тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим-кечак, пластмасса буюмлар, шунингдек, мевалар, ёнғоқ ва сабзавотлардир.
Хусусан, 2024 йил якунлари бўйича ЕИ мамлакатларига ўзбек экспортининг асосий қисмини кимё (52,1 фоиз), шунингдек, тўқимачилик маҳсулотлари, қора ва рангли металлардан ясалган буюмлар, минераллар ва озиқ-овқат маҳсулотлари (сабзавот, мевалар, зираворлар, ёнғоқлар ва бошқалар) ташкил этган. Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида экспорт бўйича савдо ҳамкорлари орасида биринчи ўринни Франция (52,1 фоиз), иккинчи ўринни Литва (10 фоиз), учинчи ўринни эса Латвия (6,9 фоиз) эгаллади.
Агар Ўзбекистоннинг ЕИ мамлакатларидан импорти масаласига тўхталадиган бўлсак, у экспортдан сезиларли даражада юқори, бу эса иқтисодиётимизни технологик модернизация қилиш заруратидан келиб чиқадиган ўзаро савдо тузилмаси билан боғлиқ. Ўзбекистоннинг машиналар, асбоб-ускуналар ва транспорт воситалари бўйича умумий импортининг 16 фоиз атрофидаги қисми ЕИ мамлакатларига тўғри келади. 2024 йилда ушбу позициялар, шу жумладан, учиш аппаратлари, шунингдек, электротехника маҳсулотлари, асбоблар ва тиббий асбоб-ускуналар ЕИ мамлакатларидан Ўзбекистон импортининг қарийб 50 фоизини ташкил этди.
Сўнгги йилларда Европа Иттифоқи мамлакатлари билан инвестициявий ҳамкорлик анча жадал ривожланмоқда. Хусусан, 2024 йилда ЕИдан хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажми (ЕИ мамлакатлари молия институтларини ҳам ҳисобга олган ҳолда) 77 фоиз ўсиб, 4,1 миллиард долларни (2023 йилда — 2,3 миллиард доллар) ташкил этди. Инвестициялар бўйича энг фаол давлатлар сирасига Германия (1,37 миллиард доллар), Нидерландия (1,05 миллиард доллар), Кипр (858,9 миллион доллар), Чехия (137,8 миллион доллар), Италия (99,8 миллион доллар), Швеция (97,5 миллион доллар) кирди. Айни пайтда Ўзбекистонда ЕИ мамлакатлари капитали иштирокида мингга яқин корхона, шу жумладан, Германия капитали иштирокидаги 201 корхона фаолият кўрсатмоқда.
Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари
Агар Самарқанддаги саммит билан боғлиқ кутилмалар ҳақида гапирадиган бўлсак, унда Ўзбекистон ва Европа мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш соҳасидаги натижалардан келиб чиқиб, ҳамкорликнинг қуйидаги устувор йўналишлари бўйича жараёнлар динамикаси тезлашишини кутиш мумкин.
Кооперация ва инвестициявий ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш секторини Европанинг йирик трансмиллий компанияларининг глобал қиймат занжирига интеграция қилиш мақсадида Европа Иттифоқининг етакчи инвестор мамлакатлари билан кооперация алоқаларини кенгайтириш долзарб аҳамиятга эга. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг Францияга яқиндаги давлат ташрифи чоғида муҳим минерал хомашёни қазиб олиш ва қайта ишлаш, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт ва бошқа соҳаларда умумий қиймати 6,5 миллиард евро бўлган қўшма лойиҳаларни кўзда тутувчи Инновацион ва саноат ҳамкорлиги қўшма дастури амалга оширилди.
Кооперация ва инвестициявий ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишлари энергетика, айниқса, қайта тикланадиган энергия, кимё, фармацевтика, тўқимачилик, электротехника тармоқлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, транспорт логистикаси ҳисобланади.
Ўзбекистон ва Европа давлатлари бир-биридан узоқда жойлашгани сабабли транспорт ва логистика масалалари янада самарали ҳамкорликни йўлга қўйишда асосий ўрин тутади. Шу сабабли Россия орқали транспорт йўналишларидан фойдаланишда юзага келган қийинчиликларни ҳисобга олган ҳолда Европа мамлакатлари бозорларига кириш имкониятини кенгайтириш мақсадида самарали транспорт-логистика йўлакларини яратиш ва биринчи навбатда, транскаспий мультимодал йўналишини ривожлантириш жуда муҳим.
“Глобал дарвоза” Европа халқаро ташаббусининг мақсад ва вазифаларини инобатга олган ҳолда Европа давлатлари билан транспорт ва коммуникацияларнинг ўзаро боғланишини ривожлантириш мақсадга мувофиқ, унинг доирасида Европа Иттифоқи 2027 йилгача инфратузилма лойиҳаларига, асосан, ривожланаётган мамлакатларга қарийб 340 миллиард доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда.
Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистонга берилган GSP+ умумий преференциялар тизимининг бенефициар мақоми доирасида Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт ҳажмини янада ошириш. Хусусан, мева-сабзавот (янги ва қуритилган мевалар, ёнғоқ, помидор ва бошқалар), тўқимачилик маҳсулотлари, хусусан, тайёр кийим-кечак, шунингдек, айрим турдаги саноат товарлари экспортини ошириш имкониятлари мавжуд. GSP+ мақоми имкониятларидан самаралироқ фойдаланиш учун экспорт қилинадиган маҳсулотларни Европа стандартлари асосида сертификатлаш бўйича лабораториялар яратиш учун Европа Иттифоқи томонидан техник кўмакни кенгайтириш зарур.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокаралар жараёни доирасида европалик мутахассислардан техник ёрдам олиш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида илгари сурилган кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимнинг кучга киришини тезлаштириш. Битим янги йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, савдо-иқтисодий муносабатларни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришни назарда тутади.
Хусусан, иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик, энергетика, транспорт, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши, рақамли иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқларни ривожлантириш, бандлик ва ижтимоий масалалар, илмий тадқиқотлар каби қатор муҳим йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш кутилмоқда.
Самарали бошқарув ва рақамли трансформация, инклюзив, рақамли ва яшил ўсиш, ақлли, экологик тоза қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғини ривожлантириш каби устувор йўналишлардаги лойиҳаларни молиялаштиришни назарда тутувчи Европа Иттифоқининг Ўзбекистонни ривожлантиришга қаратилган 2021-2027 йилларга мўлжалланган молиявий ёрдам дастури доирасида молиявий ёрдамдан самарали ва мақсадли фойдаланиш.
Европа Иттифоқи мамлакатлари компанияларининг Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан, европалик сайёҳларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда жалб этиш. Бу эса мамлакатимизга визасиз кириш йўлга қўйилган Европа Иттифоқи мамлакатларидан сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилади.
Хулоса
Шундай қилиб, Европа Иттифоқи билан иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўлами анча кенг. Ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга қўшимча туртки бериши ва уни модернизация қилиш жараёнларини жадаллаштириши мумкин.
Аммо шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, ҳозирги вақтда геосиёсий вазият туфайли Европа иқтисодиёти жиддий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Буни яқинда Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта тасдиқлади. “Биз тартибсизлик ва бўлиниш кучайган дунёда яшаяпмиз. Европа Иттифоқи учун ягона тўғри йўл мустаҳкам ҳамкорликлар ўрнатиш орқали тинчлик ва фаровонликни таъминлашдир. Кўп қутбли дунё шароитида янада фаол ва йўналтирилган ҳамкорлик зарур. “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммити халқаро ҳуқуқни тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш йўлида ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган қатъий ниятимизни тасдиқлайди”, деди у.
Ўзаро қарорлар қабул қилишдан икки томон ҳам манфаатдор. Бу саммитда қабул қилинган қарорлар Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга ижобий ҳисса қўшишидан далолат беради.
Обид ҲАКИМОВ,
Иқтисодий тадқиқотлар ва
ислоҳотлар маркази директори