Учрашувда АКТ вазирлиги ҳамда компания ўртасида ўзаро истиқболли йўналишларда, жумладан, таълим ва IT-тадбиркорлик соҳасида биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
Ҳозирги кунда SAP компанияси корпоратив иловалар бозорида етакчи ҳисобланиб, дунёнинг 180 мамлакатидаги 440 000 дан ортиқ мижозлар компания хизматларидан фойдаланяпти.
Компания 2007 йилдан бошлаб Ўзбекистонга ўз технологияларини тақдим этиб келяпти. Бугунги кунда компаниянинг Ўзбекистондаги мижозлари асосан чакана савдо, молия, шунингдек, телекоммуникация ва қурилиш компаниялари ҳисобланади.
Учрашув давомида SAP компанияси иштирокида кадрлар малакасини янада ошириш, соҳага инвестицияларни жалб этиш, янги телекоммуникация технологиялари ва хизматларини жорий этиш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, BPO ва KPO хизматларини ривожлантириш орқали маҳаллий ёшларни юқори маошли ишга жойлаштириш асосий мақсад қилингани айтиб ўтилди. Бунда компания иштирокини бевосита таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, АКТ вазирлиги томонидан SAP компаниясига Ўзбекистонда тезроқ расмий бўлинмасини очиш таклиф этилиб, кўпроқ ёшларни SAP маҳсулотлари бўйича масофавий хизмат кўрсатадиган мутахассис этиб тайёрлаш бўйича масалалар ҳам муҳокама этилди.
АКТ соҳасида ҳамкорлик қилиш ва уни келгусида янада ривожлантириш бўйича фикрлар алмашилди, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.