Дарҳақиқат, «Сайхунобод тажрибаси» бутун республикамиз бўйлаб оммалашаётгани сайхунободликлар кўксини фахрга тўлдиргани рост.
Агар яқин орада Сайхунобод томонларга йўлингиз тушган бўлса, кенг ва равон йўллар, умумфойдаланувдаги йўллар бўйидаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бунёдкорликлар ва янгиланишларга йўл очганига амин бўласиз.
— Юрганга йўл яхши, дейди Сирдарё вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Зафар Умарқулов. — Айниқса, яқиндагина таъмирланган йўлдан юриш эса ҳар қандай йўловчи ва ҳайдовчини қувонтириши тайин. Жорий йил баҳорида Сайхунобод тумани ҳудудидан ўтган давлат аҳамиятидаги 4Р-25 «А-373 автойўли—Сайхун қ.—Бахт ш.—Қозоғистон Республикаси чегараси» автомобиль йўлининг 45—51-километри оралиғида амалга оширилган таъмирлаш ишлари халқимизни янада қувонтирди.
Йўл қопламасининг 37 000 м2 қисмига 5 600 тонна асфальтбетон маҳсулоти ётқизилиб, йўл четига 2500 м3 қум-шағал аралашмаси ва 400 м3 шебен ёйилди.
Мазкур йўлга ёндош бўлган пиёдалар йўлагининг остки қисмига 400 м3 қум ёйилиб, 662 дона бетон плита ўрнатилиши натижасида хавфсиз ва қулай пиёдалар йўлаги барпо этилди.
Шунингдек, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўлнинг таъмирланган қисмига 110 дона огоҳлантирувчи устунчалар ўрнатилиб, автомобиль йўлининг 6 километр қисмига йўл ётиқ чизиқлари чизилди.
Автомобиль йўлининг 6 километр қисмига 95 дона йўл белгиси ва 50 дона йўл белгиси устунлари ўрнатилди.
Шуни таъкидлаш керакки, таъмирлаш жараёнларига 150 га яқин техника ҳамда 300 нафардан ортиқ ишчилар жалб этилди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда, жумладан Сирдарё вилоятида йўл инфратузилмасини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 10 октябрдаги ПҚ-330-сон қарори дастуриламал бўлади. Сайхунободнинг обод ва равон йўллари эса фикримиз далилидир.