Таъкидлаш лозим, кейинги йилларда мунтазамлик касб этиб бораётган олий даражадаги мулоқотлар икки томонлама муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда муҳим ўрин тутди.
Хусусан, Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Хамад бин Халифа Ол Сонийнинг жорий йил 5-6 июнь кунлари мамлакатимизга ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 1-2 октябрь кунлари Доҳага давлат ташрифлари икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда янги босқични бошлаб берди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қатар ҳамкорлигининг кенг йўналишлари, шунингдек, парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.
Икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми ортмоқда, йирик қўшма лойиҳалар тайёрланиб, амалга ошириляпти. Томонлар шундай бўлсада, иқтисодий кўрсаткичлар, хусусан, ўзаро савдо айланмаси ҳажми давлатлар имкониятларини тўлиқ акс этмаётгани, уни бир неча баробарга ошириш учун салоҳият ва имкониятлар етарли эканини таъкидлаб ўтдилар.
Бу борада иккала давлатнинг муштарак саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда парламентлараро алоқаларни янада жадаллаштириш ва янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Бунинг амалий механизми сифатида ўзаро ташрифлар мунтазамлигини таъминлаш, парламентлараро ҳамкорликка оид тегишли ҳужжат лойиҳасини тезроқ ишлаб чиқиб, тасдиқлаш таклифи илгари сурилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Учрашув якунида турли халқаро ташкилотлар ва парламент тузилмалари доирасида ҳам ўзаро мулоқотни ривожлантиришга келишиб олинди.