“Сени билмасларга раҳмим келади” ёхуд дағал сўзли – душман қилур дўстини

    Мутафаккирлардан бири эса шундай лутф ёзиб қолдирган: “Одамлар китоб ўқишдан тўхтаса, фикрлашдан ҳам тўхтайди. Фикрсиздан эса ватанпарварлик кутманг”.

    Ўтган асрнинг бошларида бир катта сиёсатчи айтган экан: “Аввал барбод қиламиз, сўнг қаҳрамонларча тиклаймиз...”. Мутафаккирлардан бири эса шундай лутф ёзиб қолдирган: “Одамлар китоб ўқишдан тўхтаса, фикрлашдан ҳам тўхтайди. Фикрсиздан эса ватанпарварлик кутманг”. Биринчи иқтибоснинг давоми ҳам бор: “...Шундагина бизнинг нималарга қодир эканимиз аниқ намоён бўлади”.

    Камина собиқ иттифоқ тузумини кўрган авлод вакили сифатида юқоридаги икки иқтибоснинг ҳаётдаги тўлиқ ифодасини шўролар олиб борган сиёсат мисолида кўрганман. Гап шундаки, совет халқларининг тарихи, тили, урф-одат ва қадриятлари барбод қилиниб, уларни янги тамойиллар асосида тиклаш режаси амалда бўлди. Асосан ҳарбий соҳа ривожлантирилиб, одамлар бир амаллаб қорин тўйдирса, шунинг ўзи бахт экани шууримизга сингдирилди. Айни ёндашув орқали, фуқароси ўзини бахтиёр хис қиладиган давлатнинг “энг қудратли мамлакат” образи яратилди. Тажовузкорликка бўйсунтирилган ҳарбий қувват барча республикалар ва жаҳон ҳамжамиятини қўрқувга солди.

    Иккинчидан, дунё илм-фани ютуқлари, жаҳон адабиёти сара дурдоналари ўрнига одамларга ҳақиқатдан узоқ, фақат сунъий ўйлаб топилган социалистик реализм устунига қурилган китоблар тиқиштирилди, коммунизм ғоялари сохтакорлик билан кўкларга кўтарилиб, манқуртлаштириш ҳаракати авж олди. Юзлаб халқ ва элат вакиллари “ягона совет миллати” халқасига қамаб қўйилди.

    Энг алам қиладигани, тақчиллик, ночорлик марказ ва унинг пойтахти учун бегона эди. У ерларда фаровонлик, тўкинлик, орзудаги ҳаёт тарзи таъминланганди. Қардош республикалар эса хомашё базасига айлантирилиб, бошқа миллатларнинг тилини қисиқ қилиш мақсадида ҳалол меҳнат қилаётган маҳаллий халқлар “ўғри-муттаҳам”, “текинтомоқ” тамғалари билан ниқтаб турилди.

    Жиловдор мафкура ёки ажнабийлар – сенинг душманинг

    Мактабимиз Эски шаҳарнинг қоқ маркази – Ҳазрати Имом (Хастимом) даги ҳозирги икки минорали масжид ўрнида эди (Ўша даврдаги Чкалов номли 23-ўрта мактаб, 2007 йил бузиб ташланган). Ёнимизда Бароқхон мадрасаси ҳамда ўша пайтдаги Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси жойлашган. Маълумки, Ҳазрати Имом – Тошкентнинг энг асосий диққатга сазовор жойларидан бири. Мажмуа Тошкент имоми, олим, Қуръон ва ҳадис билимдони, Тошкентда исломнинг илк тарғиботчиларидан бири, шоир ва ҳунарманд Абу Бакир ибн Исмоил Ал-Қаффол Аш-Шоший (Ҳазрати Имом) қабри атрофида бунёд этилган.

    Тарихий манбаларга кўра, у қулфлар ва қалитларни тайёрлаш бўйича уста ҳам бўлган, шу сабабли “Қаффол” (қулфчи) лақабини олган, 72 тилни билган ва Тавротни араб тилига таржима қилган. Абу Бакр Қаффол Шоший 976 йилда 73 ёшида вафот этади ва у шу кунгача дунёнинг аксарият мусулмонлари томонидан зиёрат қилинадиган мақбарада дафн этилади.

    Ушбу мажмуанинг меъморий элементлари турли даврларда барпо этилган. “Қаффол Шоший” мақбараси, Бароқхон мадрасаси ва “Мўйи Муборак” мадрасаси XVI асрда қурилган. “Номозгоҳ” масжиди XVIII асрда ва “Тилла Шайх” жоме масжиди XX асрда бунёд бўлган. Айни боис бу ердан хорижий сайёҳларнинг қадами узилмайди.

    Хуллас, мактабнинг 1-синфига қадам қўйган дастлабки вақтларданоқ ўқитувчиларимиз бизга бир гапни уқтириб келишган: “Чет эллик сайёҳлар билан гаплашма, улар капиталистлар, яқинига йўлама. Қўлингга сақич ёки бирор ширинлик тутқазиб, чўзилган қўлингни суратга олади ва ўз юртига бориб СССРда болалар тиламчи, гадой деб ўз матбуотида эълон қилади. Ажнабийлар – сенинг душманинг”.

    Бизга меҳмонни душман, ғаламис, бузуқ ниятли қилиб кўрсатишса-да, лекин турли-турфа либосларда ҳар куни ташриф буюрадиган хорижлик туристлар билан мулоқот қилишга ўч эдик. Алламбало таъмли сақичларининг мазасини ҳам татиб кўрганмиз. Чунки, бизнинг халқимиз, одамларимизда улардаги каби ранг-баранг кийимлар, илғор техника ва анжомлар, кўринишиёқ иштаҳа очадиган сақич ёки егуликлар йўқ эди.

    Мен бироз тил билганим, мулоқотга киришимли эканим боис хадик бўлса-да, сайёҳлар билан мулоқотдан қочмасдим. Бир куни, 80-йилларнинг боши – учинчи ё тўртинчи синфда ўқир эдим, мактабимиз директор ўринбосари дарсимизга кириб келди. 40 чоғли синфдошларим орасидан мени ва яна икки ўқувчини турғазиб, роса дашном берди, изза қилди. Айбимиз – мактабга кираётиб сайёҳларга “ассалому алайкум, hello” деб салом берганимизни кўриб қолган экан. “Ажнабийлар – менинг душманим, уларга қайтиб салом бермайман”, деган мазмунда ҳар биримиздан тилхат олинганди ўшанда. Бизнинг авлод нега сал одамовироқ деган гумондагилар учун жавоб бу.

    Европада сайқал топган миллий ғурур ёки ҳали имкон бор

    Ҳозирги глобаллашув, жаҳон сиёсий майдонидаги зиддиятлар, ахборот хуружлари даври ҳар биримизни ҳушёр, босиқ, сермулоҳазали бўлишга ундамоқда. Бундай вазиятда инсоннинг маънавий қиёфаси биринчи планга чиқади, ҳаётда китобнинг ўрни жуда юксак экани бўй кўрсатади. Технологиялар туфайли мутолаага бўлган қизиқиш бироз сусайгани бор гап. Лекин китоб ўқиш орқали инсон ҳаёт кечиришни, маънавиятли, маърифатли бўлишни ўрганади.

    Улфат Абжабборов Uber Technologies Inc компаниясининг Даниядаги ваколатхонаси билан узоқ муддатли шартномага эришиб, турмуш ўртоғи Шаҳзода ва фарзанди Марямхон билан Орхус шаҳрида истиқомат қилади. Энди беш ёшга тўладиган қизини маҳаллий болалар боғчасига берган. Яқинда таътил олиб, оиласи билан Тошкентга келди. Жижжи Марямхоннинг эгнида миллий атлас, бошида ўзбек қизлари дўпписи билан кўчаларда пайдо бўлишини кўрган киши борки, табассум ва меҳр билан назар ташлар эди.

    – Бир йилдан ошди, қизимни боғчага бердик. У ерга ўзга юртлардан бизга ўхшаб шартнома асосида ишлагани келган турли миллатга мансуб оилаларнинг фарзандлари келишади. Марямни боғчага етаклаб олиб борган илк кунимиз бизга болага мос миллий кийимлар, ўзбек эртак китоблари ва Ўзбекистон байроғини ҳам келтириб беришимизни айтишди. Айтишди-қўйишди, деб ўйладик. Йўқ, эртаси куни талаб қилишди. Ота-онамга қўнғироқ қилдим, бирор ўн кунда Тошкентдан жўнатма етиб келди, – дейди Улфат.

    Икки йилдан бери Европа ҳавосини олган қизалоқнинг Тошкент кўчаларида миллийликка бурканиб юришининг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Гап шундаки, боғчада болалар учун навбатма-навбат ким қайси юртдан, миллатдан бўлса, ўша мамлакат миллий куни тадбирлари уюштирилар экан. Унда бола ўзининг миллий кийимида, давлатининг байроғи олдида, тарбиячилар ёрдамида ўз Ватани, юрти ҳақида ҳикоя қилиб бериши, халқ эртаклари ва шеърлардан намуналар ўқиши керак.

    Бир куни боғчада Ўзбекистон кунига навбат келди. Марям ҳам миллий либосларда борди. Уни кўриб, ҳеч ким ҳайратини яшира олмади – болалар тугул, боғча тарбиячилари ҳам қизалоқнинг эгнидаги либосларга маҳлиё бўлиб қолишди, шу куни у ҳамманинг диққат марказида бўлди. Ўшандан бери эгнидан миллий либосларимизни қўймас экан. Ота-онаси таътилдан қайтишда ўзлари билан яна миллий кийим, сўзана, кулолчилик намуналаридан олиб кетишмоқчи.

    – Марям ўзбекчадан ташқари инглиз ва рус тилларида ҳам бемалол гаплаша олади, – дейди Шаҳзода. – Ўша тадбирга жиддий ҳозирлик кўрдик. Ўзбекистон, ўзбеклар, миллийлик, ватанпарварлик ҳақида инглиз тилида содда матн тайёрладик. Бир-икки эртакларнинг мазмунини инглиз тилига ўгирдик. Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг ватан ҳақидаги шеъридан қуйидаги сатрларни ўзбекча ва таржима шаклини ёдладик.

    Сен билан ўтган ҳар кун байрам – базм,

    Сенсиз бир он қолсам ваҳмим келади.

    Сени билганларга қиламан таъзим,

    Сени билмасларга раҳмим келади.

    Марям тадбирда буларнинг ҳаммасини бурро-буррро айтиб берди. Айниқса, шеърнинг инглизча таърифидан кейин ота-оналару тарбиячилар қарсак чалиб юборишганди ўшанда.

    Улфат ва Шаҳзоданинг гапларини эшитиб, Марямхоннинг хатти-ҳаракатларини кузатиб, бир нарсани ўйлаб қолдим. Демак, ҳозир кўп кузатаётганимиз – ўз миллий тилида мулоқот қилишни, миллий либосларни эгнига илишни эп билмайдиган айрим ёшларимизнинг онги ва тафаккурини ўзгартиришга ҳали имкон бор экан.

    Дуолар ижобати ёки тўкинлик шукронаси

    Ёши улуғ авлод яхши билади: ўтган асрнинг 80-йиллари охири ва 90-йиллари бошида аҳволимиз, турмушимиз анча оғир эди. Собиқ Шўролар давлати пароканда бўлган, Иттифоқ таркибидаги республикалар ўртасидаги ўзаро иқтисодий занжирлар узилиб кетган оғир пайтлар эди. Дўконларда халқ эҳтиёжи учун энг зарур бўлган саккиз номдаги маҳсулот фақат махсус берилган талон асосида сотиларди. Бошқа дўконлардан бу товарларни харид қилиб бўлмасди. Дўконлар пештахталари бўм-бўш, одамлар кийиниши ҳам ҳавас қилгудек эмасди.

    Уй-жойлар бир аҳволда, таъмир учун қурилиш моллари қаҳат, автомобили ёки замонавийроқ маиший техникаси борлар бармоқ билан санарли. Уст-бошимизда ё акамиз, ё отамизга кичик келиб қолган кийим, пойафзал.

    1991 йил кузда катта синглимни турмушга бердик. Тўйдан аввал отамнинг қай алфозда зир югургани ҳамон кўз олдимда: келин-куёвларга сарпо, ёш оилага мебель олиш керак, аммо уни отлиққа ҳам тополмайсиз. Асосийси, бир амаллаб жамғарилган пул бор, аммо товар йўқ. Таниш-билиш орқали, ялиниб-ёлвориб, “шапка”сини бериб, Олмалиқ шаҳридаги қайсидир дўкондан минг азобда ўзимизнинг маҳаллий мебелни олиб келганмиз (кейин сифати хаминқадарлигидан 3–4 йилда яроқсиз холга келиб қолган экан).

    Отамнинг руҳий аҳволини кўрган бувим ўшанда дуо қилган эди:

    – Яратган бандасини ўзи қўлласин, юртимизда тўкинлик бўлсин! Бугунги кам-кўстларини болаларимизнинг ўзи тўлдирсин!

    Аслида нуроний отахон-онахонларимиз доим шу мазмунда юзларига фотиҳа тортишади. Шукур, бугун халқимиз ҳаётида фаровонлик, ҳамма нарсамиз бор, бозор ва дўконларимиз пештахталари турли-туман товарлар билан тўлиб тошган. Тўйларимизнинг, қураётган уйларимизнинг, минаётган автомобилларимизнинг ҳашаматини таърифлашга сўз ожиз. Демак, халқимиз яхши замонларга етиб келибди, бардавом бўлсин!

    Бир неча йил аввал менга ҳам қиз узатиш бахти насиб этди. Худди синглимни турмушга берганимиз пайтидек роса қийналдим. Фақат сарпо ва мебелнинг хили кўплиги ҳамда сифатининг юқорилигидан қай бирини танлаш масаласи мени қийнади роса.

    Ота ўтирган уй ёки икки зулфли дарвозалар

    Ота-онанинг вазифаси фарзандини дунёга келтиришдангина иборат эмас. Улар ўз фарзандларини ақлли, эс-ҳушли, жисмонан соғлом, диёнатли, эътиқодли, жамият ва Ватанга фойдаси тегадиган инсонлар қилиб тарбиялаш ҳақида қайғуришлари керак. Шарқона лутф, шарқона одоб ва андиша дунё аҳлининг ақлини шошириб, шарқликларга нисбатан ҳурматини ошириб келган. Бу борада ўзбекона муомаланинг ўрни ҳам бўлакча. Саъдий ёзади:

    “Ширин сўзли шилгай душман пўстини,

    Дағал сўзли душман қилур дўстини”.

    Шу кунларда айрим хориж корчалонларининг мамлакатимиз ва халқимиз шаънига, миллий тарихимизга нисбатан билдираётган ножўя ва калтабин мулоҳазалари, бир-биридан дағал сўзлари бот-бот қулоққа чалиниб қоляпти. Тўғри, бу улар мансуб давлатнинг расмий қарашига мос эмаслиги аниқ, аммо не бўлганда ҳам буни муносабатларга раҳна солишга уриниш деб баҳолаш мумкин. Шарқона лутф, шарқона одоб-андиша бизга хос деб, индамай кетавериш бу ерда ярамайди.

    Уларга жавобан ўзлигимизни чуқурроқ англашимиз, ёшлар шуурида ватанпарварлик туйғуларини кучайтиришимиз лозим. Токи мавжуд мафкуравий ва маънавий хуружларнинг мақсад ва моҳиятини ўз вақтида англаб оладиган ва уларга қарши ўз фикри ва мустақил дунёқарашига эга бўлган баркамол авлодни тарбиялаш олий мақсадга айлансин.

    Давлатимиз раҳбари айтганидек, “Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”. Бизга энди жамиятни аввал барбод қилиб, кейин қудратини кўз-кўз қиладиган “ақлли” сиёсатчиларнинг нағмаси керак эмас. Бизга бугун ўз иқтидори, билими ва шижоати билан Ватан шаъни, шуҳрати, шавкатини юксакларга кўтарадиган улфатлар, шаҳзодалар, марямлар керак ва шукурки, улар жуда кўп. Ҳозир бизда давлатимизнинг “Инсон қадри муқаддас” тамойили асосида олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватлаётган, унга кўмаклашаётган жаҳон ҳамжамиятининг эътибори бор, хайрихоҳлиги бор.

    Зеро, биз “Отанг ўтирган уйнинг томига ҳам чиқма”, деган халқмиз. Хонадонининг дарвозасига иккита (катта ва кичик) зулф илинган, меҳмон ўша зулфнинг қай бирини тақиллатишидан аёл ёки эркак эканини билиб, унинг истиқболига пешвоз чиқадиган миллатмиз.

    Нодир МАҲМУДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates