Севган қизини яланғоч расмларини каналларда тарқатиш билан қўрқитган “киракаш йигитча” қўлга олинди

    Самарқанд шаҳрида яшовчи 27 ёшли Г.С. (аёл) мурожаат қилиб, номаълум шахс унинг яланғоч ҳолдаги видео ва фото тасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбормаслик эвазига 2 800 000 сўм талаб қилаётганлигини маълум қилган.

    Бу ҳақда ИИВ ТҚБ Киберхавфсизлик маркази Матбуот хизмати хабар берди.

    Маълум бўлишича, тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида яшовчи 35 ёшли Н.Ж. содир этганлиги аниқланган.

    Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган Н.Ж. аслида киракашлик билан шуғулланиши маълум бўлди. У жабрланувчи Г.С.ни бир неча бор уйига олиб бориб қўйиш орқали у билан танишиб олган.

    Гумонланувчи Н.Ж., жабрланувчи Г.С. билан маълум вақт ишқий муносабатда бўлиб келган ва унинг турли беҳаё фотосуратларини қўлга киритиб, ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбормаслик эвазига 2 800 000 сўмлик телефон қурилмаси ёки ушбу телефон қурилмасининг пулини талаб қилиб, мазкур пулларни олаётган вақтида Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ашёвий далил билан ушланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.

    Мазкур ҳолат юзасидан Н.Ж.га нисбатан ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.