Шарқ Рафаэли

    Юртимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар жараёнида жаҳон тамаддуни хазинасини ўзининг дурдона асарлари билан бойитган, дунё цивилизацияси тарихида муносиб ўрин эгаллаган тасвирий ва амалий санъат намоёндаларининг номларини абадийлаштириш, ҳаёти ва ижодини ўрганиш, маънавий меъроси аҳамиятини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Юртимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар жараёнида жаҳон тамаддуни хазинасини ўзининг дурдона асарлари билан бойитган, дунё цивилизацияси тарихида муносиб ўрин эгаллаган тасвирий ва амалий санъат намоёндаларининг номларини абадийлаштириш, ҳаёти ва ижодини ўрганиш, маънавий меъроси аҳамиятини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 апрелда «Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг яққол мисолидир. Қарорга мувофиқ, жорий йилнинг октябрь ойида миллий миниатюра санъатига асос солган, мусаввир, Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланиши кўзда тутилган.

    Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи директори Гулабза Қаршиева билан бўлган суҳбатимиз, буюк мусаввирнинг ижодий меросини халқимизга тўла етказиш, миллий миниатюра санъати анъаналарини давом эттириш борасидаги Президент қарори асосида белгиланган вазифаларнинг ижросига бағишланди.

    Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори тасвирий ва амалий санъат тараққиётида аҳамиятга молик воқеа бўлиб, Янги Ўзбекистонда, истиқболли янги бир даврни бошлаб берди, шундай эмасми?

    Албатта. Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳаси ижодкорларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий имкониятларини кенгайтириш ва бу борада муносиб шарт-шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 2020 йил 15 сентябрга қадар Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи хиёбони замонавий қиёфада қайта ташкил этиш ва унинг ҳудудидаги Камолиддин Беҳзод ҳайкалини 2022 йилда бронзага ўтказилиши, «Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи фаолиятини такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш», «Камолиддин Беҳзод издошлари» миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танловининг анъанавий тарзда ўтказилиши, «Ўзбекистон замонавий миниатюраси» каталогининг нашр этилиши сингари 10 га яқин қарор лойиҳалари ҳам Президент қарори асосида ишлаб чиқилган. Бу мусаввир ижод йўлини ўрганишда жуда катта қадамдир.

    – Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейининг асосий фаолияти ва вазифалари нималардан иборат?

    Музейнинг асосий фаолияти Камолиддин Беҳзод ижодий меросини ва Шарқ миниатюраси, хаттотлик, наққошлик ва китобат мактаблари тарихини ўрганиш, уларнинг энг яхши нусхаларини йиғиш, тарғиб қилиш ҳамда музей фондидаги ишлари билан таништириш, турли миниатюра мактаб вакиллари ва мусаввир ижодини ўрганувчи хориждаги музей, кутубхона, галереялар билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборатдир. Ҳозирда музей фондида мингдан ортиқ ноёб экспонатлар жамланган. Бу экспонатлар Беҳзод ва унинг шогирдлари ижоди, юртимиз ҳудудида фаолият кўрсатган миниатюра мактаблари асл ва фото нусхалари ҳамда Ўзбекистоннинг ёзув маданияти, китобат санъати тарихи, замонавий миниатюрачи рассомлар ҳамда етук хаттотларнинг ижод намуналаридан иборат. Ўзбекистон бадиий академияси томонидан тасдиқлаган режа асосида бадиий тасвирий, халқ амалий санъати асарлари кўргазмалари, маданий–маърифий тадбирлар, илмий тадқиқотлар, конференция ҳамда аукционлар ўтказилади. Юртимиз ва хорижда маданият, санъат соҳасида халқаро, маданий алоқаларни амалга оширади, тасвирий, амалий ва халқ санъатининг мероси ҳамда замонавий маданий бойликларни тарғиб этади. 2017-2020 йилларга мўлжалланганЎзбекистон миниатюра санъати: генезиси, эволюцион жараён, истиқбол ва тараққиёти” фундаментал давлат грант лойиҳаси бўйича ҳам илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

    – Музей фондининг бойитилиш жараёнлари, мавжуд экспонатлар, қадимий қўлёзмалар ва уларнинг сақланиш ҳолатига ҳам тўхталиб ўтсангиз?

    - Музей фондида XIV-XVII асрларда яратилган Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари мўйқаламига мансуб миниатюра асарлари нусхалари, XVII аср охири XVIII аср бошларига оид «Макка тасвири» миниатюраси, Бухоро, Самарқанд, Ҳирот, Табриз ва Исфахон каби машҳур мактаблар услубида яратилган миллий ва локли миниатюра намуналари, амалий санъат асарлари билан бирга, фаннинг турлисоҳаларига оид қадимий ва ноёб қўлёзма асарлар сақланади. Уста хаттотлар томонидан куфи, сулс, насх, настаълиқ каби ёзув хатларида кўчирилган ва моҳир наққошлари шамслар, зарварақлар ва гўзал нақшлар билан безаган қўлёзма ва тошбосма асарлар орасида ноёб намуналар мавжуд бўлиб, улар XII, XV-XIX асрлар китобаттарихини ўрганишда ҳамда илм-фан тараққиётида муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Имом Ғаззолийнинг «Кимёи саодат», «Иҳё улум ад-дин» асарлари, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Ахлоқи Муҳсиний», Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя», «Сияри шариф» асарининг XVII асрдаги нодир қўлёзмаси, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг устози мавлоно Ёқуб Чархий қаламига мансуб «Тафсир»нинг ноёб зийнатли қўлёзмаси, XII асрга оид Абубакр ибн Муҳаммад Абдус-Сайлонийнинг «Нажот уз-зокирин» нодир қўлёзмаси, Мавлоно Ховандшоҳ Херавийнинг «Равзат ус-сафо», Алишер Навоий, ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил, Шайх Саъдий, Муҳаммад Фузулий, Жалолиддин Румий девонлари, Шамсиддин Табризийнинг «Куллиёти Шамс Табриз» қўлёзмалари ҳам шулар жумласидандир. XIV асрга мансуб «Тарихи Қабоил ал-араб» (араб қабилалари тарихи) қўлёзмаси Самарқанд қоғозида ёзилган бўлиб, чизма шакллар билан мундарижа тарзида келтирилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Музей экспозициясида Камолиддин Беҳзоднинг шогирди Қосим Али Чехракушойга ёзган мактубининг нусхаси ҳам мавжуд. Музейга юртдошларимиз томонидан совға тарзида ҳам экспонатлар топширилади, жумладан, яқинда коллекционер Комил Камолов номидан турли даврларга оид 8 дона тошбосма китоблар тақдим этилди. Ҳозирда музей ходимлари томонидан мазкур тошбосмаларнинг илмий паспортини ёзиш ишлари амалга оширилмоқда.

    Хорижий давлатларнинг музей ва кутубхоналарида сақланаётган Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари асарларининг асл ёки кўчирма нусхаларини юртимизга қайтариш масаласи бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

    - Камолиддин Беҳзоднинг ва унинг шогирдларининг асарлари бизнинг юртимизда мавжуд эмас. Унинг мероси Америка, Франция, Миср, Эрон, Россия, Германия музейларида сақланмоқда. Шу нуқтаи-назардан, бу вазифанинг амалга ошиши маданиятимиз учун катта воқелик бўлиш билан бирга, ёшларимиз учун бебаҳо ижодий манба сифатида ҳам хизмат қилади. Хорижда сақланаётган Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари ижодига мансуб асарларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини юртимизга қайтариш бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган «Йўл харитаси» тасдиқланди ва унинг ижросига масъул Ишчи гуруҳ аъзолари, белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан иш олиб бормоқда. Бу, мусаввир асарларини бир музей фондида тўплаш йўлидаги катта қадамдир. Маълумки, Камолиддин Беҳзодда Султон Хусайн саройи ҳамда Алишер Навоий кутубхонасидаги Амир Темур, Мирзо Улуғбек саройида яратилган қўлёзмаларни, Самарқанд миниатюра мактаби намуналарини кўриш ва нусха кўчириш имконияти юқори бўлган. Бундан ташқари, рассомнинг устозлари – Мирак Наққош ҳамда Пир Сайид Табризийлар Мирзо Улуғбек даврида Самарқандда ижод этган асли Бухоролик мусаввир, устод Жаҳонгирнинг шогирдлари эдилар. Бу эса, ўз-ўзидан Беҳзоднинг шаклланишида XIV аср охири XV аср бошларидаги Самарқанд миниатюралари муҳим роль эгаллаганини англатади.

    - Шарқ халқларининг муштарак ифтихори, беназир рассом Беҳзод ўзидан кейинги авлодга, ранг-баранг миниатюраларнинг энг гўзал ва мукаммал намуналарини мерос қолдирган. Истеъдодли шогирдлари Қосим Али Чеҳракушо, Маҳмуд Музаҳҳиб, Мулло Дарвеш, Дўсти Девона, Ока Мирак, Муҳаммадмурод Самарқандий сингари мусаввирлар Беҳзод миниатюра мактабидан бевосита сабоқ олиб, унинг илғор анъаналарини муваффақият билан Табриз, Бухоро, Усмонли Туркия ва Ҳиндистонда давом эттирдилар. ХХ аср бошларида Беҳзод ижоди Ғарб тасвирий санъатига катта таъсир кўрсатади. Импрессионистлар – Питер Паул Рубенс, Анри Матисс ва бошқалар ижодида Беҳзод миниатюра мактаби таъсирини кўриш мумкин. Европа уйғониш даврининг буюк ижодкорларидан ХХ асрнинг йирик рассомларигача, жумладан, Густав Климт, Каземир Малевич, Василий Кандинский кабилар ўрта аср Шарқ миниатюра санъати анъаналаридан илҳомланганлар. Шу жиҳатдан, Камолиддин Беҳзод Шарқ ва Ғарб ижодкорларию олимлари эътиборида бўлган. Маълумки, бир неча миниатюра мактаблари мавжуд бўлиб, Камолиддин Беҳзод услуби мактабларнинг ривожига катта таъсир кўрсатган. Барча миниатюра мактаблари ўзига хос хусусиятларга эга бўлган ҳолда, бир-бири билан қоришиқ, уйғун ҳолда ривожланиб борганлиги сабаб баъзи миниатюраларда бир неча мактаб анъаналарини учратиш мумкин. Шу нуқтаи назардан ҳам, «Йўл харитаси»да Самарқанд, Бухоро миниатюра мактаблари билан бирга Ҳирот ва унинг таъсирида ривожланган бошқа мактаблар намуналарига ҳам эътибор қаратиш режалаштирилган.

    Туркия давлатининг санъат музейлари фаолиятини ўрганиш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун, илмий-ижодий гуруҳингиз аъзолари билан сафарда бўлган экансиз. Ижодий сафар кутилган натижани бердими?

    - Дарҳақиқат, музейдаги илмий жамоамиз аъзолари ва рассомларимиз билан Туркиянинг бир қатор музейларида сафарда бўлдик. Туркиянинг Тўпқопи Саройи музейи, Турк ва Ислом санъати музейлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлигимиз самараси ўлароқ, 18 та нодир қўлёзмага ишланган 150 дан ортиқ Шарқ китобат санъати дурдоналарининг нусхаси Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан музейимиз фондига совға қилинди. Ижодий сафаримиздан кўзланган асосий мақсад, Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари асарларини, Ўрта Осиё – Бухоро ва Самарқанд миниатюра мактаблари намуналарини ўрганиш, тўплашдан иборат эди. Айтиш жоизки,Тўпқопи саройи музейи ҳамда Турк ва Ислом санъати музейи қўлёзмалар фондининг катта қисмини Темурийлар, айниқса, Шоҳруҳ Мирзо, Бойсунғур Мирзо, Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Байқаро ҳамда Шайбонийлар даврида Ҳирот, Самарқанд ва Бухорода яратилган ноёб қўлёзмалар ташкил этади. Қўлёзмаларнинг аксарияти, бадиий безакли қўлёзмалар сарой кутубхоналарида, китобат санъатининг энг машҳур усталари томонидан тайёрланганлиги сабабли ҳам, жуда гўзал ва нафис бўлиб, баъзиларининг муқовалари асл ҳолатида сақланган. Темурийлар даври мовароуннахр ва форс давлатлари тарихида (XV аср) ислом маданияти ва санъатининг юксак даражада ривожланган даври бўлди. Бу даврда форс ва туркий тилларда бадиий адабиётнинг юксак намуналари яратилди. Энг гуллаб-яшнаган даври Ҳусайн Байқаро даври бўлиб, сўфий шоир Абдурахмон Жомий ҳамда буюк давлат арбоби ва шоир Алишер Навоийнинг дурдона асарлари айнан шу даврда яратилди. Жомий ва Алишер Навоий асарларининг Усмонли Туркияда жуда машҳур бўлганлигини айнан Тўпқопи саройи музейи кутубхонаси ва бошқа кутубхоналарда сақланаётган кўплаб қўлёзмалардан ҳам билиш мумкин. Тўпқопи саройи музейи кутубхонаси, Турк ва Ислом асарлари музейи фондларида сақланаётган китобат санъати ноёб намуналарининг факсимели асосида тайёрланган кўргазмани ўзбекистонлик санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола этганмиз. Кўргазмада, Абулқосим Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асари, Алишер Навоий портрети, Низомий Ганжавий «Хамса»си, Абдураҳмон Жомий асарлари, Хумой Ҳумоюн асари, Ҳофиз Абру Куллиёти, «Зафарнома», «Темурнома», Саъдий Шерозий достонлари ва бошқа нодир қўлёзмаларга ишланган китобат санъатининг ноёб дурдоналари, миниатюралар, шамс, зарварақ, унвон ва жилдларнинг гўзал намуналари ҳам намойиш этилди. Қувонарлиси, бу асарлар орасида Камолиддин Беҳзоднинг шогирди Маҳмуд Музаҳҳиб, Абдулло каби Бухоро миниатюра мактабининг етакчи вакилларининг асарлари мавжуд бўлиб, улардан илк бора рангли ҳолатда санъат ихлосмандлари баҳраманд бўлишди. Турк ҳамкорларимиз билан бу лойиҳани давом эттириш истагида эдик, улардан таклифлар ҳам келди. Лекин масаланинг молиявий жиҳатлари сабаб давом эттиролмадик...

    Халқаро ҳамкорлик алоқалари қай даражада йўлга қўйилган?

    - 2018 йилда Қозоғистон миллий музейи билан меморандум, ТуркиянингТўпқопи саройи музейи ҳамда Турк ва Ислом асарлари музейлари билан илмий, ижодий ҳамкорлик тўғрисида битим имзолаганмиз. Шу билан бирга, Япониянинг Аичи санъат университети ўртасида 2019 йил 25 февралда қадимий қоғоз ва миниатюра санъати ҳамда “The research for the culture of contemporary hand-made paper and artistic expression” («Замонавий қўлда тайёрланадиган қоғозни маданий ва бадиий аҳамияти тадқиқи» (Япония, Жанубий Корея, Хитой, Ўзбекистон)) номли илмий-амалий лойиҳаси бўйича ўзаро ҳамкорликда илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида меморандум имзоланди. Натижада, ўтган йил 14-20 ноябрь кунлари Япониянинг Нагое шаҳрида бўлиб ўтган халқаро семинарда «Камолиддин Беҳзод ва Шарқ миниатюра санъати» мавзусида маърузам билан иштирок этдим.

    14 – 16 октябрь кунлари пойтахтимизда Камолиддин Беҳзод таваллудини кенг нишонлаш мақсадида Халқаро симпозиум ўз ишини бошлар экан. Шу ҳақда ҳам қисқача маълумот бериб ўтсангиз?

    - Дарҳақиқат, 14–16 октябрь кунлари пойтахтимизда мусаввир таваллудига бағишланган Халқаро симпозиум бўлади. Тадбирлар доирасида «Камолиддин Беҳзод ва унинг даври» бадиий кўргазмасининг очилиши, Халқаро конференция ва ёш ижодкорлар ўртасида «Камолиддин Беҳзод издошлари» миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танловининг республика босқичини ўтказиш тадбирлари ҳам режалаштирилган. Мазкур симпозиумга хорижий давлатларнинг 20 дан ортиқ вакиллар ва халқаро ташкилотлардан бир қанча соҳа мутахассислари ҳам иштирок этиш истагини билдиришди. Шунингдек, кўргазмага тақдим этилган ижодий асарларни визуал тарзда намойиш этамиз. Конференция эса онлайн тарзда ўтказилади. Бундан ташқари, «Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи фаолиятини такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш» тўғрисида қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА суҳбатлашди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates