Шавкат Мирзиёев фарғоналик сайловчилар билан учрашди

    Сайлов 28 сентябр 2021 4201

    Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 28 сентябрь куни Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказди. 

    Тадбирни номзоднинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Э.Сиддиқова очди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Бу дастур иқтисодиёт, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, ҳудудлар ривожи, давлат бошқаруви, қонун устуворлиги, ташқи сиёсат, маданият соҳаларига оид ўнта устувор йўналишни қамраб олган.

    Дастурда барча ҳудудлар қатори Фарғона вилоятини жадал ривожлантириш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича ҳам режалар бегиланган.

    Хусусан, келгуси беш йилда Фарғона вилоятида электр, сув, канализация, иссиқлик таъминоти ва йўл инфратузилмаларини яхшилашга 10 триллион сўм йўналтириш мўлжалланган. Шу даврда 30 минг квартирали 700 та кўп қаватли уй, янги йўллар, электр ва ичимлик суви тармоқлари қуриш режалаштирилган.

    Маърузада ижтимоий соҳаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш мақсадида 22 та янги оилавий шифокорлик пункти ва 10 та оилавий поликлиника барпо этилади ҳамда замонавий жиҳозланади. 120 ўринга эга бўлган Болалар тиббий реабилитация маркази, Ҳиндистон билан ҳамкорликда Эндокринология маркази ташкил этилади.

    Мактабгача таълим билан қамров даражаси 90 фоизга етказилади. Ўрта таълим мактабларининг қуввати 100 минг ўринга оширилади. Етакчи хорижий университетлар билан бирга 4 та янги олийгоҳ ташкил этилади.

    Ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш мақсадида келгуси беш йилда вилоятда 420 мингдан зиёд янги иш ўрни ташкил этиш мақсад қилиб қўйилмоқда. Жумладан, тадбиркорлик, хизматлар ва ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали 120 минг, қишлоқ хўжалиги соҳасида 140 мингдан зиёд аҳоли бандлиги таъминланиши кўзда тутилмоқда.

    Келгуси беш йилда вилоятда 8 миллиард долларлик 11 мингдан зиёд инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Саноат йўналишидаги лойиҳалар ҳисобига 115 мингта янги иш ўрни яратилади. Саноати паст ривожланган Ёзёвон, Сўх, Фурқат туманларида технопарклар ташкил этилиб, 300 та саноат лойиҳалари жойлаштирилади.

    Вилоятда экспортни 3 баробарга ошириб, 2 миллиард долларга, шундан саноат маҳсулотлари экспортини 1,6 миллиард долларга етказиш мумкинлиги таъкидланди. Экспорт таркибида қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар улуши ҳозирги 45 фоиздан 77 фоизга етказилади.

    – Фарғонани “олтин водий” деганимизда асосан унинг гўзал табиатини, саховатли заминини тасаввур қиламиз. Лекин ўйлайманки, бу диёрда яшаётган одамларнинг қадр-қиммати, иззат-ҳурматини жойига қўйсак, уларнинг ҳаётини ҳар томонлама обод ва фаровон қилишга эриша олсак, шундагина бу чиройли таърифга муносиб иш қилган бўламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Учрашувда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates