баннер
22 мар 2025
05:57

    Шиддатли ислоҳотларнинг янги тўлқини

    Ўзбекистон миллий давлатчилиги тарихий йўли мураккаб ва айни пайтда кўп қирралидир.

    Масалан, бугунги кунда мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторига интеграциялашув жараёнига халақит бераётган коррупция иллатини йўқотиш учун жамият ҳаётига чирмашиб кетган дунёқарашни ўзгартириш, аҳолининг давлатга ишончини тиклаш, эскича анъана ва ёндашувлар ўрнига янги ҳуқуқий қадрият ва институтларни жорий этиш муаммосини олайлик. Шукрки, янгича ижтимоий-сиёсий ва маданий ўзгаришлар билан чамбарчас боғлиқ янги Ўзбекистон улуғвор ғоясини миллий ҳуқуқ тизимимизнинг ички динамикасига сингдириш учун улкан шижоат ва уни амалга оширишга қатъий сиёсий иродани Президентимизнинг давлат раҳбари сифатида қабул қилаётган сиёсий қарорлари ва тизимли саъй-ҳаракатларида яққол ҳис қилдик.

    Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳа ва йўналишларда фундаментал ислоҳотлар кечди. Айниқса, Тараққиёт ­стратегияси, янгиланган Конституция асосида инсон қадрини юксалтириш ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқпарвар давлат барпо этишнинг янги босқичида жорий этилган коррупцияга қарши курашиш тизими бош мақсадимиз ва фаолиятимизнинг асосий мезони — халқимизни рози қилиш бўйича давлат сиёсатини тўлиқ рўёбга чиқариш жараёнларига самарали хизмат қилмоқда.

    Шу йил 5 март куни давлатимиз раҳбари кенг жамоатчилик иштирокида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг навбатдаги йиғилишида ушбу йўналишдаги ишларни сарҳисоб қилар экан, коррупция замонавий Ўзбекистон ривожи йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканини яна бир бор таъкидлади, чуқур таҳлиллар ва мониторинг асосида коррупциядан холи муҳитни яратишга оид энг муҳим вазифаларни белгилаб берди. Президентимизнинг ушбу мажлисдаги нутқи моҳият-эътиборига кўра, 2025 йилдан янги Ўзбекистондаги шиддатли ислоҳотларнинг янги тўлқини бошланганидан дарак беради, десак ҳеч муболаға бўлмайди.

    Сабаби бевосита давлатимиз раҳбари иштирокида жамиятимизда энг кўп ва қизғин муҳокама қилинадиган коррупцияга қарши курашиш масаласи илк маротаба бундай формат — кенг жамоатчилик иштирокида очиқ ва ошкора кўриб чиқилиши кучли сиёсий иродани намоён қилди. Бу билан Президентимиз коррупцияга қарши курашишда яна бир бор ташаббускор ва ­ислоҳотчи, давлатчиликни мустаҳкамлаш борасида узоқни кўзлаб иш юритувчи арбоб эканини кўрсата олди.

    Айтиш керакки, кейинги йиллардаги кенг қамровли ислоҳотлар доирасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилди.

    Бош қонунимизда белгиланган давлат суверенитети, инсонпарвар демократик давлат, очиқ ва адолатли жамият, инсон қадри, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик каби энг эзгу ғояларга таяниб, ўттиз етти ярим миллионлик аҳил халқимизга эркин ва фаровон ҳаётни таъминлаш йўлида амалга оширилаётган улкан ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнлар самарасида Ўзбекистон чуқур демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланди.

    Ислоҳотлар доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояланиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги таъминланди, жамоат ва парламент назорати механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.

    Жумладан, Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўзига хос унутилмас тарихий жараёнга айланган конституциявий ислоҳотларнинг меваси сифатида 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Конституциямиз якдиллик билан қабул қилинди. Миллионлаб юртдошларимизнинг фаол иштироки ва сиёсий иродаси акс этган Бош қонунимизда Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олиниши, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади экани, шунингдек, илк бор конституциявий даражада Вазирлар Маҳкамасига ижро этувчи ҳокимият органларининг ишида очиқлик ва шаффофлик, қонунийлик ва самарадорликни таъминлаш, уларнинг фаолиятида коррупция ҳолатларига қарши курашиш, давлат хизматлари сифатини ошириш ва улардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш бўйича чоралар кўриш вазифаси юклатилди.

    Бу жиҳатлар ҳаётимизда улкан аҳамиятга эга ҳуқуқий асосларни яратди. Булар, ўз навбатида, янгиланган Конституция Ўзбекистон демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаслигини юридик жиҳатдан кафолатлаш баробарида «инсон — жамият — давлат» тамойили асосида яратилган янги ҳуқуқий тизимга таяниб, фақат олдинга қараб боришни қонунан мустаҳкамлади.

    Янги таҳрирдаги Конституцияда коррупцияга қарши курашиш соҳасига тааллуқли, жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузани эшитиш, Ўзбекистон Президенти томонидан республика коррупцияга қарши курашиш органининг раҳбарлигига номзод тақдим этиш, Сенат томонидан республика коррупцияга қарши курашиш органи раҳбарини сайлашга оид нормалар белгиланди.

    Кўриниб турибдики, бугунги кунда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, ҳаётга очиқлик ва ошкоралик тамойилларининг таъсирчан шаклларини жорий этиш, давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича бошланган ишлар ортга қайтмас тус олган.

    Натижада давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, бюрократия ва коррупциянинг турли кўринишларига қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Буни соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, маъмурий ислоҳотлар доирасида ­коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

    Хусусан, 2017 йил 3 январда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши бу соҳадаги муносабатларни тартибга солишда бошланган ислоҳотларимизнинг ўзига хос ҳуқуқий пойдевори бўлди. Унга кўра, коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш экани ва бунинг учун жавобгарлик муқаррарлиги аниқ белгилаб қўйилди.

    Президентимизнинг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишга масъул махсус ваколатли давлат органи — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Агентликнинг Ўзбекистон Президентига бўйсуниши ва парламент олдидаги ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди.

    Бошқача айтганда, давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари коррупциянинг барвақт олдини олишга қаратилган муҳим концептуал ҳужжатлар сифатида хизмат қилмоқда.

    Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг жамоатчилик ва ­оммавий ахборот воситалари учун очиқ бўлиши, улар билан кундалик фаолиятида яқин мулоқот ва ҳамкорлик ўрнатишига ­қаратилган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги ва «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунлар, Президентимизнинг «Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори барча тоифадаги мансабдорларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатига оддий халқ кўзи билан баҳо бериш имконини яратди.

    2024 йилда соҳага оид яна бир муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат — «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун қабул қилинганини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонуни ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича 2024 йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан «йўл харитаси» тасдиқланди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг «Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

    Бундан ташқари, 2022 йил 8 августда «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, унда давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, мажбуриятлари, чекловлар ҳамда коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар белгилаб берилди. Орадан роппа-роса бир йил ўтиб, 2023 йил 8 августда қабул қилинган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, агентликнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказишдаги ваколатлари, шунингдек, давлат органлари томонидан коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш тартиби ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ва уларнинг лойиҳаларидаги коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар белгиланди.

    Президентимиз Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида кейинги йилларда коррупция иллатига қарши курашиш бўйича қабул қилинган қонун ва қарорлар, яратилган янги тизим ўрни, жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим ва муҳитнинг аҳамияти, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб бораётганини қайд этди.

    Кўп масалаларни рақамлаштириш кутилган натижалар бераётганига алоҳида эътибор қаратиб, «Барча банклар 100 миллион сўмгача маиший кредитларни инсон омилисиз 5 дақиқа ичида онлайн беряпти. Натижада олдин бу иш билан шуғулланган минглаб банкирлар энди маҳаллага тушиб, одамларга лойиҳа, кредит таклиф қилиб, мижозини кўпайтириш билан ишлаяпти», деди.

    Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларга «халқ хизматидаги давлат» тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Хусусан, 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш, 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатнома бекор қилинди. Натижада 200 мингга яқин янги тадбиркор бозорга кириб келди. Чет эл иштирокидаги корхоналар қарийб 5 карра ошиб, 23 мингга яқинлашди. Электрон давлат хизматлари сони 15 карра ортиб, 721 тага етди, улардан фойдаланувчилар эса 11 миллиондан ошди.

    Энг муҳими, Президентимиз коррупцияга қарши курашиш доимий жараён эканини айтиб, бу борадаги долзарб масалалар ва келгуси вазифаларни аниқ кўрсатиб, коррупциявий омилларни таг-томири билан йўқотадиган превентив чоралар эътиборсиз қолаётганига диққат қаратди. Коррупциянинг олдини олиш давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни «ҳалоллик вакцинаси» билан эмлашдан бошланишидан келиб чиқиб, ишга олишдаги тартиб ва ёндашувларни такомиллаштириш бўйича топшириқлар берди. Давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонун зарурати қайд этилиб, унинг лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши белгиланди.

    Давлатимиз раҳбари фикри тоза, коррупцияга тоқатсиз янги авлодни тарбиялаш мақсадида таълим масканларида ҳалоллик ғояларини сингдириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини кўрсатиб ўтди. Кенг жамоатчиликка мурожаат қилиб, коррупцияга қарши курашиш умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон иши эканини таъкидлади.

    Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан аниқ мақсадга йўналтирилган 55 та ташаббус илгари сурилди. Улар доирасида бешта қонун, ўн иккита фармон ва қарор ишлаб чиқиладиган бўлди. Коррупцияга қарши курашишда парламент, миллий ва ҳудудий кенгашлар, фуқаролик жамияти институтларининг роли оширилиши кўрсатиб ўтилди.

    Бинобарин, барча жабҳаларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бугунги кунда ниҳоятда долзарб масала, бу борада нафақат масъул идоралар, балки кенг жамоатчилик ҳам ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлмоғи мақсадга мувофиқ. Шундан келиб чиқиб, қаерда бундай ҳолатларга дуч келсак, ҳар биримиз бу нохуш ҳодисага нисбатан бефарқ бўлмаслигимиз, лоқайдлик қилмаслигимиз, аксинча, коррупция иллатини таг-томири билан қуритишга қаратилган саъй-ҳаракатларни виждонан бажаришга киришмоғимиз даркор. Адолатсизликка нисбатан муросасиз бўлишни ўзимиздан бошлашимиз зарур. Зеро, бу борада ҳар бир фуқаронинг эрки ва ҳуқуқи Конституция ва қонунларда қатъий кафолатланган. Жумладан, қонунларимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактларига доир мурожаатлари тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахслар ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган.

    Мухтасар қилиб айтганда, Президентимиз илгари сурган ташаббуслар коррупцияга қарши самарали курашиш орқали жамиятимизда қонун устуворлиги принципини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти кафолатлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни ўрнатишда мустаҳкам асосларни яратишга хизмат қилади.

    Акмал РАҲМОНОВ,

    Ўзбекистон Республикаси

    Конституциявий суди судьяси, юридик фанлар номзоди

    Телеграм каналимиз
    Text to speech