баннер
22 мар 2025
04:23

    Француз фотографи Пол Надар «темир дарвоза»ни суратга олиш тарихи қандай бўлган?

    «Темир дарвоза»ни «Амир Темур дарвозаси» шаклида қўллаш нотўғри. Аксинча, ушбу жуғрофий жойни ўзининг тарихий номи билан аташ буюк бобокалонимизга ҳурматимизни заррача камайтирмайди.

    Парижга расмий ташрифи чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Президенти Эммануэл Макрон совға қилган, машҳур фотограф Пол Надар томонидан XIX аср охирларида ишланган суратни қабул қилар экан, ифтихор билан «Бу менинг Ватаним!» деди.

    Телевизор экранларида, интернет саҳифалари орқали ушбу воқеани кузатганларнинг кўпчилигини Президентимиз ифтихор билан «Бу менинг Ватаним!» деб қабул қилган суратда юртимизнинг қайси манзили акс эттирилгани, Пол Надарнинг кимлиги қизиқтириши табиий.

    Президент туҳфаси Жиззах вилояти ҳудудидаги Нурота ва Моргузар тоғ тизмаларини бир-биридан ажратиб турувчи Илон ўтти дарасининг энг тор жойидаги «Темир дарвоза» деб аталувчи табиат ёдгорлигининг фотосурати эди. Ушбу суратни Пол Надар бундан 135 йил аввал — 1890 йилда Туркистонга сайёҳ сифатида келган пайти туширган.

    Жаҳон фотографияси тарихида ўлмас асарлари билан из қолдирган буюк француз фотографи Пол Надар номи Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон учун унчалик нотаниш эмас.

    Фотографлик Пол Надарнинг отамерос касби эди. У XIX асрнинг буюк ёзувчилари, шоирлари, сиёсий арбоблари, файласуфлари ва донишмандлари фотопортретларини яратиб, Надар тахаллуси билан жаҳонга танилган француз фотографи Гаспар Феликс Турнашон оиласида 1856 йилда Парижда туғилган.

    Пол Надар 1874 йилдан отасининг студиясида ишлай бошлайди. У 1890 йилда Тошкентда ўтказилган жаҳон фотокўргазмасига ўз асарларини қўйиш мақсадида Туркистонга сафар қилади.

    У 18 августда Париждан чиқиб, Истанбул, Боку, Ботуми ва Тбилиси шаҳарларидан, Каспий денгизидан ўтиб, «Шарқий экспресс» поездида ва сўнгра от араваларда ўша пайтда Туркистон губернияси ҳудуди бўлган Ўзбекистонга етиб келади. Икки ой давомида Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Жиззах ва бошқа кўплаб шаҳарларда бўлиб, ўлканинг кундалик ҳаёти, ёдгорликлари, табиати, темир йўл қурилиши ҳақида

    1200 га яқин сурат ва портрет ишлаган. Ушбу саёҳати туфайли фотография тарихида биринчилардан бўлиб «Катта репортажлар» тўпламини яратган ва Тошкентда ўтказилган фотокўргазмада қатнашган эди.

    Надар ўша давр манзараси — масжидлар, бозорлар, кўчманчилар ҳаёти, ўйнаб юрган болалар, савдогарлар, маҳаллий амалдорларни фотосуратга олган, жумладан, тўпламида Бухоро амири портрети бор. Суратларда акс этган жойларнинг бугунги қиёфаси бутунлай ўзгариб кетган.

    Бу ўзгаришни «Темир дарвоза»нинг бундан бир юз ўттиз беш йил бурунги сурати билан унинг ҳозирги кўринишидаги фарқ ҳам аниқ акс эттириб турибди. Надар суратга олган даврда даранинг «дарвозаси» анчагина текис бўлган, автомобиль тош йўли ва темир йўллар у вақтда қурилмаган, Сангзор дарёси ўзани бир текисда бутун дара бўйлаб чўзилган экан.

    Яна бир муҳим ўзгариш — табиатнинг безавол ҳолати. Бундан юзлаб йил олдин яшаганлардан ҳеч бири қоятошга номини ёзиб, табиат ҳуснига путур етказмаган. Пол Надар ушбу сурати орқали бизга шуни ҳам етказибди.

    Буюкларнинг буюклиги шундаки, ўзи ўтиб кетганидан сўнг ҳам мероси авлодларга хизмат қилади. Пол Надарнинг фоторепортажлари, фотопортретлари, фотолавҳалари даврлар, авлодлар тасвирини даврдан даврга, авлоддан авлодга етказиб келмоқда.

    Тарих буюк фотографнинг хизматларини унутмайди. 2010 йилда Тошкентда Франция маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида «Пол Надар: Туркиядан Туркистонга 1890» кўргазмаси очилиб, унда буюк фотоустанинг Франция фотоархивида сақланаётган негативларининг асл нусхаларидан ишланган, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг бой қадимий маданиятини акс эттирувчи 70 та фотосурати намойиш этилганди. Ўша кўргазма туфайли буюк француз фотоустаси ўзининг асарлари орқали юртимизга иккинчи марта келганди.

    Ўзбекистон делегациясининг Францияга расмий ташрифи давомида ҳар иккала давлат раҳбарлари ўзаро совғалар алмашишда ўз халқлари тарихига, маданиятига катта ҳурмат билан буюк шахсларнинг нодир асарларини танлашлари туфайли диёримиз ноёб табиати акс этган сурат юртимизга келди. Президентимиз «Бу менинг Ватаним!» деб фахрланганидек, суратда акс этган манзил юртимиз тимсолларидан биридир.

    Шу ўринда ушбу фотосуратда акс эттирилган жой номи билан боғлиқ бир ноаниқликни айтиб ўтиш лозим. Ушбу тарихий суратда акс эттирилган ноёб табиий ёдгорлик машҳур Соҳибқирон бобомиз Амир Темурга ҳеч алоқаси бўлмасада, уни «Амир Темур дарвозаси», «Тумурлан дарвоза» деб аташ одат бўлиб қолган. Президентимизнинг Парижга расмий ташрифини ёритган хориждаги, ҳатто республикамиздаги айрим оммавий ахборот воситалари, айниқса, ижтимоий тармоқлар бу сурат туширилган жой номини келтиришда шундай хатога йўл қўйди.

    Шарқу Ғарбни боғловчи Буюк ипак йўлида табиат яратган бу дарвозанинг тарихи барча ўтган буюк зотларнинг тарихидан анча қадимий бўлиб, у Амир Темурни ва унгача қанча фотиҳлару буюк зотларни кутиб олиб, кузатиб қўйган. Тарихий асарларда, қадим туркий битикларда бу жой «Темир қопқа», яъни «Темир дарвоза» шаклида ёзиб қолдирилган. Шундай экан, уни «Амир Темур дарвозаси» шаклида қўллаш нотўғри. Аксинча, ушбу жуғрофий жойни ўзининг тарихий номи билан аташ буюк бобокалонимизга ҳурматимизни заррача камайтирмайди.

    Кейинги пайтларда бу хато тарихимиздан бехабар хорижий ахборот воситаларидан ташқари, ўзбек тилидаги айрим ижтимоий тармоқ каналларида, тижорий рекламаларда учраши жуда ачинарли. Бундай ҳолларга бефарқ бўлмаслигимиз, тузатишимиз керак.

    Тошқул БEКНАЗАРОВ,

    фахрий журналист

    Телеграм каналимиз
    Text to speech