баннер
23 мар 2025
04:48

    Спорт миллий ғуруримиз манбаига айланмоқда

    Миллатнинг келажаги соғлом ва баркамол авлодга боғлиқ. Спорт эса нафақат жисмоний тарбия, балки ватанпарварлик ва ирода мактаби ҳамдир.

    Шу йил 13 февраль куни Президентимиз раислигида олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳага доир долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Хусусан, давлатимиз раҳбари жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, иқтидорли ёшларни кашф этиш ва рағбатлантириш юзасидан қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

    Ватанпарварлик ва ирода мактаби

    Миллатнинг келажаги соғлом ва баркамол авлодга боғлиқ. Спорт эса нафақат жисмоний тарбия, балки ватанпарварлик ва ирода мактаби ҳамдир. Мамлакатимизда ушбу соҳани ривожлантириш учун охирги тўрт йилда ажратилган маблағ 1,5 триллион сўмдан 3 триллион сўмга оширилди. 101 та йирик спорт иншооти қурилиб, 67 таси реконструкция қилинди. Бу эътибор самараси ўлароқ, Париж Олимпиадасида спортчиларимиз қатор ютуқларга эришди.

    Президентимиз 2028 йил Лос-Анжелес Олимпиадасида Ўзбекистон спортчиларининг кучли ўнталикка киришини мақсад қилиб белгилади. Бунинг учун селекция тизимини яхшилаш, спорт федерациялари билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда малакали мураббийларни тайёрлаш кабилар муҳим вазифалар қаторига қўшилди.

    Соҳа тараққиётида ОТМлар ўрни

    Бугун спортни ҳар томонлама ривожлантириш, халқаро ареналарда юқори чўққиларни забт этишда олий таълим муассасаларининг ўрни беқиёс. Сўнгги йилларда нафақат пойтахтимизда, балки вилоятларда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари спорт йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлашга киришмоқда. Бу жараёнда Жиззах давлат педагогика университети ҳам фаол иштирок этмоқда.

    Айниқса, олимпиадачилар ва профессионал спортчилар тайёрлаш йўналишида сезиларли ўсиш кузатиляпти. 2020 йилда жисмоний тарбия ва спорт бўйича университет илмий салоҳияти 21 фоизни ташкил қилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 44 фоизга етди. Спорт разрядлари ва юқори даражали унвонга эга талабалар сони 86 нафардан 274 нафарга ортди. Улар орасида халқаро тоифадаги спорт усталари, спорт усталари ҳамда спорт усталигига номзодлар бор.

    2020 йилда университетда жисмоний маданият ва хотин-қизлар спорти йўналишида кадрлар тайёрланган бўлса, 2021/2022 ўқув йилидан кураш, 2022/2023 ўқув йилидан волейбол, 2024/2025 ўқув йилидан футбол йўналишларида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Вилоятимизда ёшлар орасида спортнинг бокс турига қизиқиш ортиб бораётганини инобатга олиб, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб бокс йўналишида кадрлар тайёрлаш кўз тутилган.

    Янги йўналиш очиш учун, албатта, спорт базаси ҳамда соҳа бўйича таълим берадиган тажрибали мураббийлар мавжудлиги жуда муҳим. Бу борада кейинги йилларда Жиззах бокс мактаби юксалганини айтиб ўтиш керак. Бу муассаса тарбияланувчиси, жаҳон кубоги соҳиби Лазиз Зокиров, олимпиада ўйинлари қатнашчиси, Осиё ўйинлари ғолиби Бобоусмон Ботиров каби мураббийлар, университетда ўқиб, нафақат республика, балки халқаро ареналарда ҳам юксак натижаларни қайд этаётган спортчилар — ёшлар ўртасида бокс бўйича 2022 йилги Осиё чемпиони, Ўзбекистон аёл-қизлари орасида биринчи жаҳон чемпиони, “Париж – 2024” Олимпиадаси иштирокчиси Нигина Ўктамова, бокс бўйича Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори Азиза Зокирова, Осиё ва жаҳон чемпиони Жаҳонгир Зокиров каби кадрларнинг имкониятидан фойдаланиш самара беради.

    Жамоавий спорт турларидан олимпиадада юқори натижаларга эришиш учун, энг аввало, вертикал тизимда мусобақаларни ташкиллаштириб бориш лозим. Университетда ҳам бу борада ишлар тизимли йўлга қўйилган. Жумладан, Беш ташаббус олимпиадаси, Талабалар лигаси, Универсиада мусобақаларининг факультет, университет босқичлари ўтказилиб, жамоавий спорт турларига номзодлар селекцияси амалга оширилмоқда. Тизимли ишлар натижаси ўлароқ, бугун олий лига баҳсларида 3 та жамоамиз мунтазам иштирок этяпти. “Зиёкор” волейбол жамоасининг қизлар таркиби мамлакат чемпионатининг олий лига баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб, Ўзбекистон кубоги соҳиби, Осиё чемпионлар лигаси иштирокчиси каби мавқега эга бўлди. Ўғил болалар жамоаси, мана икки йилдирки, олий лига ва Ўзбекистон кубоги мусобақаларида муваффақиятли қатнашиб келмоқда.

    Баскетбол мамлакатимизда энди ривожланаётган жамоавий спорт турларидан. Самарали ишлар натижасида жамоамиз қисқа муддатда республика мусобақаларида сезиларли натижаларга эришмоқда. Биринчи лига баҳсларида муваффақиятга эришган “Зиёкор” (қизлар) баскетбол жамоаси 2023 йилдан буён олий лигада иштирок этмоқда.

    Параспорт йўналишида ҳам талаба спортчиларимиз юқори натижалар қайд этиб келаётир. Жумладан, жисмоний маданият факультетида таҳсил олган талабаларимиз 2025 йил февралда Бангладешда ўтказилган ампутантлар футболи бўйича Осиё чемпионатида иштирок этиб, Умиджон Абдухалилов олтин медални, 2025 йил февралда Таиландда ўтказилган пара велоспорт бўйича Осиё чемпионатида Бунёдбек Хаитмаҳаммадов олтин медални қўлга киритди. Параспортни ривожлантириш мақсадида университетнинг 2 ўқитувчиси махсус курсларни тамомлаб, ўз тўгарагини очди.

    Спорт тараққиёти учун инвестиция киритишга университетда алоҳида эътибор қаратилган. Спорт инфраструктурасини, моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида спорт жиҳозлари ва товарлари харид қилинмоқда. 2021 йилда жисмоний маданият факультети ўқув биноси ва спорт залларида 868 миллион сўмлик жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Бундан ташқари, университет бош биноси ва ТТЖ биноси ҳудудида ворк-аут майдончалари қуриб битказилди.

    Университетнинг бюджетдан ташқари маблағи ҳисобидан сиртқи бўлим биноси ҳудудида сунъий қопламали мини футбол майдони фойдаланишга топширилди. Мазкур майдон учун 450 миллион сўм сарфланди. Тарих факулътети биноси спорт залининг пол қисми тўлиқ янгиланди ҳамда бош бино ҳудудидаги ёпиқ сузиш ҳавзаси иншоотида реконструкция ишлари бажарилди. Ҳозир сузиш ҳавзаси иншоотида машғулотлар ўтиш учун барча шароит яратилган.

    Юртимизда яратилган шароитлардан самарали фойдаланиш орқали университет талабалари орасидан халкаро спорт, хусусан, навбатдаги олимпиада ўйинларида ғолиб ва совриндорларни тарбиялаш асосий мақсадларимиздан.

    Бу борада Жиззах давлат педагогика университети спорт таълимини янада такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва талабаларга кенг имкониятлар яратиш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқмоқда. Жаҳон стандартларига мос профессионал спортчилар тайёрлаш, илғор чет эл тажрибаларини ўрганиш ва тренерлар малакасини ошириш, талабаларни халқаро мусобақаларга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш каби вазифалар кўзда тутилган.

    Спортга кириб келаётган ҳар бир ёшга имконият яратиш, рағбатлантириш ва келажакда Ўзбекистон номини халқаро ареналарда янада юксалтириш – умумий вазифамиз.

    Фурқат АҲМЕДОВ,

    педагогика фанлари номзоди, профессор

    Телеграм каналимиз
    Text to speech