Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси муносабат билдирди.
Жорий йил 6 октябрь куни соат 10:00 атрофида Шофиркон туманининг “Жўйрабод” МФЙ ҳудудида яшовчи аёл М.И. туман туғуруқ бўлимида табиий йўл билан ўғил фарзандни дунёга келтирган.
Туғруқдан кейинги 2-3-суткада амалдаги миллий эмлаш календари асосида янги туғилган чақалоқ гепатит B ҳамда силга қарши (БЦЖ) эмланган.
9 октябрь куни силга қарши эмлашдан сўнг гўдакда безовталик кузатилгани, амалдаги стандартларга мувофиқ, вакцина олгандан кейин 1-2 кун давомида чақалоқ тиббий кузатувда бўлиши лозимлиги айтилишига қарамай, М.И. қайнотасининг қистови билан уйга жавоб беришларини сўраган.
Туғуруқ бўлими тиббиёт ходимлари томонидан беморга жавоб берилмаслиги маълум қилинган.
Шундан сўнг М.И.нинг яқин қариндошлари (қайнотаси ва турмуш ўртоғи) туғуруқхона ходимлари томонидан пул талаб қилинганини важ қилиб жанжал кўтарган ва муассаса кириш эшигини синдирган.
Ўша куни бемор соат 23:00 атрофида яқин қариндошлари қатъий талаби асосида уйига чақалоғи билан бирга қониқарли аҳволда олиб кетилган.
Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.