Шоҳ байтларда бор эмиш

    Маданият 9 феврал 2021 4216

    Мазкур мақолада ҳазрат Навоийнинг байтларида тасвирланган шоҳлар образи орқали маъжозий маънолар яширингани ва уларнинг таҳлил ёритиб берилган.

    Ўзбек халқининг буюк шоири, олими, мутафаккири, донишманди, ҳақпарвар ҳамда халқпарвар сиймоси, юксак маърифат эгаси ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг (1441-1501) ғоят бой ва серқирра илмий-назарий меросида ижтимоий-сиёсий ҳаёт, даврнинг барча муаммолари, фалсафий қарашлар ўзининг тўлиқ ифодасини топган. Назмда ҳам, насрда ҳам тенгсиз асарлар ярата олган бу улуғ зот, файласуф ва шоир сифатида ўз қарашларида инсон, унинг камолоти, ҳаёт фалсафаси, борлиқ силсиласи, умр мазмуни ҳақида мулоҳазалар қилган бўлса, давлат арбоби сифатида раият муаммолари, халқ истаклари, диний уламоларнинг вазифалари, подшоҳлар ҳаёти, уларнинг халқ олдидаги бурчлари ҳамда хатти-ҳаракатлари, характерларини бадиий тасвирларда, юксак иқтидор ила очиб беришга уринган.

    Инсон хулқини тасвирлаган, тасвирлаганда ҳам уларни қиёсий усулда, нозик ўхшатишлар билан ифодалаган Навоий ҳазратлари, ўзларининг давлат ишларидаги кўп йиллик тажрибалари ёрдамида, мисоли аждаҳо комида турсалар-да, ўз жонлари ҳузурини ўйлаб, ҳақиқат йўлидан қайтмадилар. Шеърларида золим давлат бошлиқларини, уларнинг қилмишларини қаттиқ танқид қилиб, адолатли ва элпарвар шоҳларни улуғлаганлар.

    Масалан, ҳазратнинг илк асари бўлмиш «Бадойи ул-бидоя»да келтирилган бир ғазалда шундай дейдилар:

    Жонда қўйғоч нақди ишқин қилди кўнглумни ҳалок,
    Ўлтурур маҳрамни султон ганж пинҳон айлагач.

    Байтни таҳлил қиладиган бўлсак, муаллиф унда маъшуқ ўз ишқини ошиқ кўнглига қўйган (жойлаган)дан сўнг, бу ишқ уни қийнаб, гўё ҳалок этгудай ҳолатга келганини ғоят нафосат билан ифода этганлар. Бошқа томондан эса, шоҳлар хислатидаги бир ёвуз ҳолатга ўхшатиш орқали айни ўша сирни очиб қўйган. Яъни ёвуз султонлар ўз хазинасини махфий жойга беркиттиргач, бу жойнинг махфийлигини сақлаш мақсадида панадаги маҳрамнинг ўзини ҳам қатл эттиришига ишора қилинган.

    Яна бир байтда қуйидагича тасвир мавжуд:

    Тўкти қон гулгун либосин кийгач ул хўблар шаҳи,
    Қон тўкар эрмиш қизил тўн кийса, бешак, шоҳлар.

    Байт бадиияти ниҳоятда гўзал. Ташбеҳлар такрорланмас, кишини лол қолдирарли даражада завқ беради. Бунда чиройда танҳо ёрнинг қизил либос кийиб ошиқлар ақлини олгани, маъшуқани яна бир кўрмоқ орзусида улар кўзларидан ёш эмас, қон тўкаёзганларининг қиёси сифатида яна шоҳларга мурожаат қилинади. Гўёки агар кимки шоҳлик рутбасига кўтарилар экан, истайдими-йўқми, шубҳасиз, кимларнингдир баҳридан кечмоғи бор гаплигига ишора бор.

    Яна бир бошқа ғазал байтида:

    Фориғу озода бўлмас мубталолардин хабар,
    Шоҳ кўнглида қачон бўлғай гадолардин хабар.

    дейилади. Байт маъносини таҳлил тортсак, унда маъшуқага ошиқ бўлган мубталоларнинг аҳволи ғам-ғусса ва ўртанишлардан холи бўлмаслиги, маъшуқанинг эса бундан бехабарлиги, бу ҳолга беэътиборлиги назарда тутилади. Навоий ҳазратлари айни байтда ғоят ажиб бир усул қўллайдилар. Яъни иккинчи маънони ҳам яшириб ўтадилар. Гўёки бундай раҳмсиз шоҳлар ўз салтанатидаги ғарибу ночорлар аҳволидан хабарсиз, билганда ҳам уларга бепарво муносабатда бўлганликларини яширин айтиб ўтадилар.

    Навоий ҳазрат бебаҳо истеъдод эгаси, қолаверса, ақлли сиёсатчи бўлганлиги шу каби байтларда намоён бўлаверади. Ёрга қилинган мурожаат орқали баъзи бир шоҳларнинг наздида зулмкорлик, қаттиққўллик ва жонхўрлик энг тўғри йўл экани ошкор этилади. Рост, бошқарувда қаттиққўллилик ҳам фойда беради. Бироқ соҳибқирон Темур бобомиз ҳам пайдо бўлган кўнгилсизликларнинг ўндан тўққизини машварат ва муҳокама билан, қолган бирини қилич билан ҳал этдим, деганлар. Қаттиққўлликнинг ҳаддан зиёди ҳам жоҳилликка олиб келишини давлат бошлиғига бениҳоя дид билан уқтирмоқ эса улкан масъулият ва маҳоратдир. Қуйидаги байтда ҳам Ҳазрат ушбу фикрларга ишорат қиладилар:

    Десамки, эй жамол элининг шоҳи, қилма зулм,
    Дер, шоҳлиқ тариқидадур бу адолатим.

    «Ғаройиб ус-сиғар»да келтирилган ғазалларнинг бирида

    ёр ишқидаги ошиққа маъшуқнинг берган азобларига чидаш, нозу карашмалар қилса, буни кўнглига олиб, ёрга терс сўзлар айтмаслик керак экани айтилиб,

    Эй Навоий, ҳар нечук зулм этса чек, дам урмағил,
    Ким гадо ҳадди эмас ҳеч ишда султон бирла баҳс.

    мисралари келтирилган. Бу байтнинг бир маъноси бўлса, иккинчи мазмуни оддий фуқароларнинг подшоҳлар олдида тилига келганини айта олмаслиги ва шоҳ билан баҳсга киришмоқ, гап талашмоқ оддий фуқароларга ижозат этилмаслигига ишоралар бор. Яна бунда раҳбарнинг қилган қаттиққўллигидан шикоят қилиш ва уни дарров барчага овоза қилмасликка ҳам чақириш деб тушуниш мумкин.

    Навоий даҳосини ўрганарканмиз, онгу шууримизни юксалтирувчи (бадиий), биз бугунги кунда муаммоларига унчалар эътибор қаратмай қўйган кундалик масалаларга (ижтимоий), ҳозирда жаҳон ҳамжамияти томонидан катта тортишувларга сабаб бўлаётган жабҳаларга (сиёсий), инсоннинг руҳияти ва жаҳолат занжирларидан эркинликка ундовчи (фалсафий) қарашларга дуч келаверамиз ва улуғ бобомизнинг ҳаётию ижодига қизиқишимиз ортаверади.

    Анвар БОТИР (ЖАББОРОВ),
    ёш шоир ва педагог.