Шоличилик: янги самарадор технологиялар

    Вилоятларда қўшимча 11 минг гектар ерга такрорий экин сифатида шолини кўчат усулида экиш татбиқ этилса, гуруч етиштириш ҳажми 380 минг тоннага етади.

    Президентимиз 12-13 декабрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида қишлоқ хўжалигида амалга ошириладиган лойиҳалар билан ҳам танишганди. Туманларни ихтисослаштириш, янги ерларни ўзлаштириш, ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий қилиш бўйича топшириқлар берганди. Шунингдек, шоли экишда адолатни таъминлаб, аҳолига ер майдонлари ажратиб бериш, шу орқали одамларни иш билан таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш бўйича ҳам вазифалар қўйилди.

    Шундай бир кезда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда энг зарур маҳсулотларни етиштиришни йўлга қўйиш ғоятда муҳим. Жумладан, дастурхонимиз кўрки ва юртимиз брендига айланган таомларни тайёрлашда асосий ўрин тутган шоли етиштириш борасида ҳам. Президентимиз 2018, 2019, 2020 йилларда Хоразм вилоятига ташрифлари чоғида бошқа соҳалар қатори шоличилик тармоғидаги камчиликларни таҳлил қилиб, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, кам сув талаб қиладиган технологияларни қўллаш, шолипояларда балиқ етиштириш усулини жорий қилиш бўйича алоҳида топшириқлар берган эди.

    Ўзбекистонда аҳолининг гуручга бўлган ўртача йиллик эҳтиёжи 333,2 минг тоннани ташкил қилади. 2020 йилда республикамиздаги 96 та тумандаги 128,1 минг (2019 йилда 113 минг) гектар ерга (74,8 минг гектар асосий, 53,3 гектар такрорий) шоли экиб, 320 минг тонна гуруч етиштириш режалаштирилганди.

    Аммо бу ички эҳтиёжни тўлиқ қондириш учун етарли эмас. Бу ҳолат, ўз навбатида, янги технологиялардан самарали фойдаланишни тақозо этяпти. Хусусан, вилоятларда қўшимча 11 минг гектар ерга такрорий экин сифатида шолини кўчат усулида экиш татбиқ этилса, гуруч етиштириш ҳажми 380 минг тоннага етади. Шу боис, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сирдарё вилоятлари ва Фарғона водийсида такрорий экин сифатида кўчат усулида шоли экиш бўйича топшириқлар берилган.

    Сув хўжалиги вазирлиги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти олим ва мутахассислари томонидан фермер, деҳқон, томорқа ерларида такрорий экин сифатида кўчат қилиб, шоли етиштириш технологияси бўйича илмий асосланган тавсиялар тайёрланган. У суғориладиган ва турли даражада шўрланган ерларда шолини буғдойдан кейин такрорий экин сифатида кўчат усулида экишнинг афзалликлари, сув ва бошқа ресурслардан тежамли фойдаланиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва шу асосда шоли пишиш даврини 20–25 кунга тезлаштириш ҳамда ҳосилдорликни ошириш тўғрисидаги муайян маълумотларни ўз ичига олган.

    Бу технологияни қўллаш натижасида ҳар гектар ерда йиллик сув сарфи 40 фоиз, уруғлик шоли 60 фоиз, кимёвий гербицидлар сарфи 100 фоиз, минерал ўғитлар сарфи 25 фоиз, меҳнат сарфи 40 фоизгача тежалади ҳамда шолининг 20–25 кун эрта пишишига имконият яратилиб, гектаридан 3-3,5 тоннадан ортиқ шоли ҳосили олинади.

    Бостириб суғоришнинг салбий оқибатлари ва янги усулда экиш афзалликлари

    Ҳозирги вақтда шолипоялар бостириб суғорилиши, сувнинг узоқ туриб қолиши ер ости суви оқими бузилишига олиб келади. Бостириб суғоришда минерал ўғитларнинг 15–20 фоизи сув билан оқиб чиқиб кетади. Бундан ташқари, турли бегона ўтлар кўпаяди ва улар шоли ҳосили билан аралашиб, маҳсулот сифатини пасайтиради, ортиқча сарф-харажатлар ошиб, иқтисодий самарадорлик паст бўлади.

    Республикамизда шолининг эртапишар, ўртапишар ва кечпишар навларини асосий ва такрорий экин сифатида кўчат қилиб экиш мумкин. Бунда 40–45 кун давомида катта майдонларда шолини бостириб суғориш, ўтоқ қилиш каби ташвишлар ва харажатлар ўз-ўзидан бартараф бўлади.

    Такрорий экин сифатида экишда кўчатхоналарда шоли уруғ сифатида қадалиб, навларнинг биологик хусусиятларига қараб 35 кунгача бўлган вақт давомида ўстирилиб, сув ва ўғит билан шу ерда парваришланади.

    Бундай ниҳоллар ҳосилдорлиги уруғдан экилиб, бостириб суғорилган шолига нисбатан камида 25–30 фоиз ортиқ бўлади. Уларнинг пояси бақувват, ҳосил тўплаш даражаси жуда юқори, шамол таъсирига бардошли. Уруғдан ўстириладиган шолининг барча навлари кўпинча нимжон ўсиб, ғовлаб, ўрим-йиғим вақтида ётиб қолиши кўп кузатилади. Натижада етиштирилган ҳосил далада тўкилиб, комбайн билан ўриш имконияти камайиб, ҳосилдорлик пасайиб кетади.

    Шолини кўчат қилиб экишда бегона ўтларнинг шолипояларда ўсиши ўз-ўзидан камаяди. Сабаби, кўчатни далага экиш пайтида бегона ўтлар олиб ташланади. Шу боис, гербицидлар ишлатилмайди. Ўсиш даврида энг кўп қўл меҳнати талаб қиладиган ўтоққа зарурат қолмайди. Такрорий экин сифатида кўчат қилиб оптимал даражада ҳосил етиштириш учун шоли тўла пишиб етилишида талаб қилинадиган очиқ, иссиқ кунлар сони ва зарур фойдали ҳарорат юртимиз шароитида етарлидир.

    Яна бир муҳим жиҳат. Янги технология қўлланганда, гектаридан 150–170 килограмм уруғлик шоли иқтисод қилинади. Кўчат қилиб экиш усулида шолига сарфланадиган умумий сув миқдори 30–40 фоиз тежалади. Ҳосилдорлик 20–25 фоиз ортиқ бўлади. Ерлар чуқур ҳайдалмайди. Трактор ва кимёвий гирбицидлар бериладиган механизмлардан фойдаланиш 30–40 фоиз камайиб, ёқилғи-мойлаш материаллари, сув насосларига кетадиган электр энергияси ҳам шунча миқдорда тежалади.

    Шолини кўчат усулида экиш ва парваришлаш

    Юртимизда барча шоли навларини кўчат усулида ўстириш мумкин. Уларнинг эртапишар, яъни 80–110 кунда пишадиган навларини кўчатхонада унгандан кейин 20–25 кунлигида далага олиб чиқса бўлади. Кечпишар навлари эса 30–35 кунлик парваришни талаб қилади.

    Шоли кўчатхоналари ҳажми аксар ҳолда 100 квадрат метрни ташкил этади. 15–20 сантиметр чуқурликда ҳайдалган майдонга маҳаллий ўғит солинади, сувни бир меъёрда ушлаб туриш учун текисланади.

    Томирига зиён етказмаслик учун кўчатлар экишдан олдин устки қисмидан 60 сантиметр узунликда қирқиб олиниб, махсус механизмларга жойланади ва меъёрига қараб экилади. 2-3 кундан кейин сувни 8-10 сантиметр кўтариш, 5-6 кундан сўнг йиллик азотли ўғит миқдорининг учдан бирини солиш зарур. Кейинги агротехнологиялар шоли етиштириш бўйича қўлланилаётган амалдаги тавсияномалар асосида бажарилади. Уларга амал қилган деҳқонлар йилига икки марта ҳосил олиши мумкин.

    Шолини ускуналар ёрдамида кўчат қилиб экишда Жанубий Кореядан келтирилган РА600D-Р ва RF-455 каби шоли экиш машиналаридан фойдаланиш самарали бўлади.

    Шолини такрорий экин сифатида кўчат қилиб қўлда экишда ер 18-20 сантиметр чуқурликда ҳайдалади ва 10–12 сантиметр сув бостирилиб, мола ёрдамида текисланади. Сўнг сув сатҳи 5–7 сантиметргача камайтирилади ва тайёрланган кўчатлар ҳар бир уяга 2–4 тадан қадалади. Бизнинг тупроқ ва иқлим шароитимизда 15х10 сантиметр услубида экилган ниҳоллар юқори ҳосил бериши илмий жиҳатдан асосланган.

    Ушбу технология бўйича томорқа ва ҳовли жойларда фойдаланилмай турган ер майдонларидан ҳам навларига қараб шолини кўчат қилиб экиб, 300–500 килограммгача ва ундан ортиқ миқдорда шоли дони олиш мумкин. Ундан ўртача 250 килограмм гуруч олинади. Бу эса 2-3 та оиланинг йиллик талабини қондиришга етади.

    Вьетнам технологияси

    Вьетнамнинг нам ва иссиқ иқлими шоли етиштиришга энг қулайдир ва ҳар йили 2-3 марта ҳосил олинади. Мамлакат шоли етиштириш бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Гуручларининг биокимёвий таснифига кўра, крахмал моддаси кам бўлгани боис, энг харидоргир ҳисобланади.

    Шолипояда шоли билан биргаликда балиқ етиштириш ҳозирги вақтда дунё бўйича қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда энг долзарб ва самарали масалалардан биридир. Бу жараёнда ҳосилдорлик гектарига 5-10 центнерга ошади ва 200 килограммдан ортиқ балиқ етиштириш мумкин. Буни мамлакатимиз иқлим шароитида ўтказилган илмий тадқиқотлар ва амалий тажрибалар ҳам кўрсатиб турибди.

    Балиқ боқилган шолипояларда зарарли ҳашаротлар йўқолади ҳамда уларнинг сузиб юриши ниҳолларнинг мақбул даражада унишини таъминлайди. Уларга бериладиган ем тайёр органик ўғит ҳисобланиб, тупроқ унумдорлиги ҳамда шоли ҳосилдорлигини оширишда муҳим агротехник омилдир.

    Албатта, инобатга олиш лозимки, шолипояда балиқ боқишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари бўлиб, уларга амал қилинмаса, балиқлар бошиданоқ нобуд бўлиб, сарфланган харажатларга куйиб қолиш мумкин. Бунда илмий асосланган қўлланма ва тавсияномаларни ишлаб чиқиб, кенг жорий қилиш, шоли экадиган фермер, деҳқон ва томорқа ер эгаларига ўқитиш яхши самара беради. Бу борада Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан қўлланмалар ­тайёрланмоқда.

    Ғиёсжон РАҲИМОВ,

    Илғор илм-фан, инновацион технологияларни жорий қилиш корхонаси раҳбари,

    қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби,

    “Меҳнат шуҳрати “ ордени соҳиби

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates