Ёшлар билан ишлашда янгича ёндашувлар, ўзгаришлар ва ислоҳотлар жараёни кечмоқда. Боиси, ватанимизнинг эртаси, истиқболи ёшлар билими, таълим-тарбияси ва эгаллаётган касб-ҳунарига боғлиқ.
Олий таълим тизимини такомиллаштириш бўйича қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. ОТМларга қабул квотаси сезиларли даражада оширилди. Таълим сифати учун жуда муҳим бўлган ўқишга қабул жараёни такомиллаштирилди ва шаффофлашди. Натижада билимли, талабчан, иқтидорли ва қобилиятли ёшларни ўқишга танлаб олишнинг мукаммал тизими яратилди.
Таълим сифатини ошириш, илм-фанни ривожлантириш, педагог ходимлар ва олимлар фаолияти учун шарт-шароитлар яратиш, айниқса, олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича истиқболли вазифалар белгиланган.
Кейинги йилларда янги, шу билан бирга, қатор хорижий олий таълим муассасалари очилди. Мавжудларида эса янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқув жараёни ташкил этилди. Талаб ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда янги йўналишлар очилгани ҳам соҳадаги туб бурилишлардан бири бўлди.
Олийгоҳларнинг халқаро рейтинглардаги кўрсаткичи йилдан йилга яхшиланяпти. Натижада нуфузли хорижий ОТМлар билан таълим ва илмий соҳада ҳамкорлик кучаймоқда. Соғлом рақобат муҳитини қарор топтириш учун профессор-ўқитувчиларнинг илмий даражаси, ишланмалари, илмий мақолаларидан келиб чиқиб, фаолиятига ҳақ тўлаш тизими шакллантирилди. Энг асосий кўрсаткичлардан бири бўлган ўқитувчилар мавқеи ва ОТМлар обрўси оширилди.
Шу билан бирга, ёшлар бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этишга ҳам жуда катта эътибор қаратилмоқда. Бу билан барча соҳага малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда иқтидорини намоён қилиш баробарида ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим бўладиган янгиликлар таклиф этилмоқда.
Бизнинг ОТМдаги таълим йўналиши асосан, ахборот технологиялари билан боғлиқлиги боис, талабаларимиз янгиликлар билан ҳамқадам яшайди, мунтазам ихтиролар қилишга интилади. Турли стартап лойиҳаларни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Натижада талабаларимиз вилоят ҳамда республика миқёсида ўтказилган қатор муҳим танловларда қатнашиб, ишланмалари билан фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Таълимдаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун Рақамли технологиялар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда ҳудудий филиаллари, ахборот технологиялари компаниялари, шунингдек, соҳага тегишли корхоналар билан ҳамкорликда “TUIT Bright Future Week” ҳафталиги бўлиб ўтди. Талабалар ва докторантларнинг ўқув, илмий ва инновацион фаолиятини ривожлантиришга қаратилган ҳафталик Тошкент ахборот технологиялари университетида ташкил этилди. Соврин жамғармаси 1,2 миллиард сўм.
Ҳафталик доирасида ёшлар учун фойдали танловлар ўтказилди. Унда ТАТУ Қарши филиали талабалари ҳам фаол иштирок этиб, Digital Education йўналиши бўйича “IT Start qizlar” жамоаси 1-ўринни эгаллаб, умумий миқдори 7 миллион сўмлик ваучерни қўлга киритди.
Ёшлар иқтидорининг юзага чиқишида турли тадбирлар, танловлар мунтазам ўтказилиши самара беради. Бундан ташқари, ёш олимларнинг илмий изланишлари, илм-фан тараққиёти учун интилишларини рағбатлантириб бориш соҳага янги ғоялар кириб келишига туртки бўлади.
Олийгоҳимизда ахборот технологияларини янада ривожлантириш, бунга ҳамоҳанг тарзда турли янгиликлар яратиш борасида ўқитувчи ва талабалар учун кенг имкониятлар яратилган. “Ёш ихтирочилар”, “Стартап лойиҳачилар”, “Ёш технологлар” каби қатор тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Бунда соҳага қизиқувчи ёшлар назарий билимларини амалиётда мунтазам қўлламоқда. Вилоятдаги йирик корхона ва заводлар билан ҳамкорлик шартномалари тузилган. Талабалар таълимдан ажралмаган ҳолда амалий жараёнларда иштирок этиб, тажриба оширмоқда. Амалиёт ўталадиган корхоналар сонини янада ошириш кўзда тутилган.
Хорижий университетлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш орқали талабаларга яна бир имконият тақдим этмоқчимиз. Бундан кўзланган мақсад ўзаро малака алмашиш, эришилаётган натижаларни ўртоқлашиб бориш, соҳа янгиликларини бирга таҳлил қилишдан иборат. Бу, аввало, шу йўналишда таълим олаётган ёшларга янгича куч беради. Иқтидорини юзага чиқаришга имкондир. Ёшларнинг ўзаро фикр алмашуви, янги ғоялар устида ишлашига туртки бўлади. Филиал маъмурияти ташаббуси билан олийгоҳ ҳамда маҳалла ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида маҳаллаларда талаба ёшларнинг “Заковат” ва бошқа интеллектуал ўйинлари ўтказиб келинмоқда.
Шиддат билан ривожланаётган мамлакатимизда уйғоқ қалбли, илму маърифатли, маънавиятли, яратувчан талабаларимиз илмий ишланмалари, лойиҳалари, стартаплари билан ёшларга намуна бўлмоқда. Биргина мисол: жорий йил январь-июнь ойларида жамоамиз аъзолари 10 дан ортиқ илмий ишланма, 20 дан ортиқ муаллифлик гувоҳномасига эга бўлди. Буларнинг бари ислоҳотлардан кўзланган мақсадга эришилаётгани исботи. Ҳали олдимизда вазифалар, режалар кўп. Ёшларни халқаро майдонда талабгир, етук мутахассис этиб тайёрлаш орқали юртимиз иқтисодий, ижтимоий фаровонлигини таъминлашга бел боғлаганмиз.
Акбар НОРМУРОДОВ,
техника фанлари доктори, доцент
Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 148-сонида (2024 йил 25 июль) чоп этилган.