Қисқа фурсатда, пахта-тўқимачилик кластери пахта хом ашёсини экишдан, етиштиришгача, етиштирилган хомашёни қайта ишлаб, ундан тайёр маҳсулот олишгача бўлган жараёнларни муваффақиятли амалга ошириб, юқори самарадорликка эришди. Иш, хизмат, қайта ишлаш жараёнлари режа асосда йўлга қўйилди.
Яқинда, мазкур пахта-тўқимачиликка ихтисослашган кластер жамоаси, яна битта янгиликка қўл ўрди. Улар ўзлари етиштираётган ярим тайёр хом ашёдан ёғ ва ёғ маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ёғ маҳсулоти нархини арзонлаштириш мақсадида «SAYXUN COLD OIL» корхонасини қуриб, уни ишга туширди. Ишлаб чиқариш технологияси Хитой ва бошқа қатор давлатлардан келтирилди.
— Корхонани қуриш, уни ишга тушириш жараёни бирдан, бир вақтни ўзида бўлмади, — дейди «SAYXUN COLD OIL» масъулияти чекланган жамият бош иқтисодчиси Эрмонқул Хусанбоев. — Уни ишга тушириш учун, «POLY TEX SIRDARYO» пахта-тўқимачилик кластери таъсисчилари томонидан 29 миллиард сўм миқдоридаги маблағ сарфланди. Пахтадан ажратиб олинган, техник чигит қайта ишланиб, ундан рафиналанган ёғ маҳсулотини ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Кунлик, ишлаб чиқариш қуввати, 85-90 тоннани ташкил этиб, қайта ишланган чигитдан 20 тонна рафиналанган ёғ, кунжара ва шулха маҳсулотларини ишлаб чиқаряпмиз. Аслида бу жараённи бошлаганимизга унча кўп бўлгани йўқ. Тайёргарлик, синов жараёнлари муваффақиятли тугатилгач кейинги босқичларни бошладик.
Ҳозир, мазкур корхонада ишлаб чиқарилаётган, кунлик ёғ маҳсулотларининг 15 тоннаси хитойдан келтирилган қадоқлаш ускунаси орқали 4,2 литрли бежирим идишларга қадоқланяпти. Қадоқланган, рафиналланган ёғ маҳсулотлари биржа савдоси орқали истеъмолчиларга етказиб берилаётган бўлса, яқинда ёғни 1 ва 3 литрли идишларга қадоқлаш, ёғ ишлаб чиқариш жараёнида, чигит таркибидан ажратиб олинган техник сопистокдан совун маҳсулотини ишлаб чиқаришни йўлга қўйилади.
Ишни бир маромда кетиши хомашёга боғлиқ. Корхонага техник чигит маҳсулотлари «POLY TEX SIRDARYO» пахта-тўқимачилик кластеридан, қолаверса, вилоятнинг Сирдарё, Гулистон туманидаги пахта-тўқимачилик кластерларидан келтириляпти. Яқинда қўшни Қозоғистондан писта (кунгабоқар) келтирилиши кутиляпти. Ҳамкорлик шартномаси муваффақиятли имзолангач, минг тоннадан зиёдроқ писта (кунгабоқар) келтирилади. Бу эса «SAYXUN COLD OIL» корхонасининг ички бозорга писта (кунгабоқар) ёғлари билан кириб бориш имконияти яратади.
Корхонанинг ишчи хизматчилар сони эса 75 та. Тўла қувват билан иш бошлагач, улар сони яна 100 тага ошади. Иш уч сменада олиб борилиб, дам олишлари ва ишлашлари учун барча шароитлар яратилган.
Ғулом ПРИМОВ,
журналист.