Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Сирдарё вилоятидаги ҳарбий қурол-яроғ сақланадиган омборлардан биридаги портлаш ҳақида маълумот бериб ўтди.
«Бундай техноген характердаги ҳодисалар ҳақида президентга зудлик билан хабар берилади. Ушбу вазиятда ҳам давлат раҳбарига тезликда ахборот берилди ва Президентимиз томонидан тегишли ташкилот ҳамда идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ҳодиса жойига юборилди.
Ишчи гуруҳ дарҳол талафотлар таҳлили билан шуғулланди. Бундан ташқари, Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ҳамда вилоят ҳокими бошчилигида махсус комиссия тузилиб, талафотлар оқибатини тезда бартараф этиш бўйича иш бошланди», деди Шерзод Асадов.
Шунингдек, Асадов якка портлаш иборасига аниқлик киритиб кетган. Якка портлаш — кейинчалик ҳеч қандай детонация бермайдиган портлашдир.
Техноген ҳодиса рўй берган омбор XX асрнинг 40 йилларида қурилган бўлиб, илгари техник қоидаларга кўра бундай омборларда катта қурол-яроғ сақланар эди. Аммо 2016 йилдан сўнг барча омборлар реконструкция қилинмоқда. Барчасининг атрофида жаҳон стандартларига кўра кичик омборлар қурилмоқда ва уларда кам миқдорда қурол-яроғ сақланмоқда.
Барча объектларда жаҳон стандартларига кўра қўйиладиган талаб асосида инженер-муҳандислик ишлари олиб борилмоқда. Натижада портлаш содир бўлган тақдирда ҳам имкон қадар зарар келтирувчи жисмларнинг атрофга сочилишининг олди олинади.
Сирдарё вилоятидаги портлаш ҳам шундай омборлардан бирида содир бўлган ва хавфсизлик талабларига амал қилингани туфайли катта талафот бўлмади. Асосий зарарланиш ҳам ён-атрофдаги биноларнинг том ва ойна қисмига тўғри келган. Яъни, портлаш тўлқини туфайли биноларга қисман зарар етса ҳам, турли жисмлар тарқашининг олди олинди.
Бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.