Сирдарё вилоят ҳокимлиги расмлари
Сирдарё вилоятининг 1959 нафар фермер хўжалиги ғаллакорлари 85,0 минг гектар майдонга ғалла уруғи экиб, барча агротехник тадбирларни ўз вақтида пухта амалга оширдилар. Уюшқоқлик билан бажарилган зарбдорона меҳнатлари ўз самарасини берди. Яъни, 25 иш кунида зафар марраси шараф билан эгалланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, фермер хўжаликларига минерал ўғитлар, ёқилғи мойлаш материаллари ва зарур моддий ёрдам билан ўз вақтида таъмин этилганлиги катта самара берди. Шунингдек, харид нархлари маблағи ғалла ҳосилдорлигига қараб тўланиши ҳам давлат шартномавий режаларининг шараф билан уддаланишида муҳим аҳамият касб этди.
Ғалла ҳосилини етиштириш ва давлатга дон сотиш бўйича Мирзаобод, Боёвут ва Сайхунобод туманлари деҳқонлари карвонбошиликни қўлдан бермадилар. Натижада шартномавий режани биринчилардан бўлиб адо этдилар.
Вилоят бўйича жорий йил 30 июнгача давлатимиз ғалла хирмонига 153 978 тонна ўрнига 154 028 тонна товар дон етказиб берилиб, ғалла топшириш бўйича шартномавий режа 100,3 фоизга бажарилди.
Етиштирилган ҳосилни нес - нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш учун вилоятдаги мавжуд 340 та комбайндан, 151 та жанговар отряд шакллантирилди. Бу отрядларга туман ҳокимликлари, ички ишлар бўлими, миллий гвардия ходимлари ва бошқа тегишли ташкилотлардан 1 540 нафар масъуллар ҳамда 1 247 та юк автомобиллари, 151 та ҳайдов техникалари, 90 та кўчма устахоналар, 98 та ёнилғи ташиш воситалари бириктирилди, деб хабар беради Сирдарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.