Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 11 апрелда математика фанидан халқаро фан олимпиадасида иштирок этувчи терма жамоага номзодларни саралашнинг II босқичида Сирдарё вилояти Гулистон тумани
23-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Набихонов Набихон Ёқубжон ўғли иштирок этиб, фахрли ўринни қўлга киритиб, саралашнинг III босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритган эди.
Жорий йил 30 апрель ҳамда 2 май кунлари ўтказилган саралашнинг
III босқичида Набихон мувофаққиятли иштирок этиб, ўз билимини намоён этган ҳолда фахрли 2-ўринни қўлга киритиб, республика терма жамоаси таркибига қабул қилинди.
Энди Набихонов Набихон Халқаро олимпиаданинг Ленинград шаҳрида бўлиб ўтадиган 4-якуний босқичида республика номидан иштирок этади.
Биз бутун сирдарёликлар номидан иқтидорли ўқувчимиз Набихонов Набихонга омад тилаймиз ва унга ишонч билдирамиз.
Набихон жорий йилда ўтказилган «Қўқон олимпиадаси»да фахрли ўринни қўлга киритиб, Қўқон давлат педагогика институтига грант асосида ўқишга қабул қилинган, бундан ташқари вилоят ҳокими стипендияси учун ўтказилган фан олимпиадасида ҳам ғолибликни қўлга киритган эди, деб хабар беради Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати.