Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2025 йил 30 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини ошириш, янги захира ва имкониятларни ишга солишга доир бир қатор топшириқлар берилди.
Мазкур вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитасининг навбатдан ташқари Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда иссиқхоналар фаолиятини ўрганиш ва уларда табиий газдан самарали фойдаланишни таҳлил қилиш бўйича махсус Республика Ишчи штаби ташкил этилди.
Штаб доирасида амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар белгиланиб, 4 та ишчи гуруҳи тузилди. Улар қуйидаги йўналишларда фаолият юритади:
- Иссиқхоналарни махсус саволномалар асосида тўлиқ хатловдан ўтказиш, улар билан жонли мулоқотлар ташкил этиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш;
- Ер майдони, ишлаб чиқараётган маҳсулот, истеъмол қилинаётган ёқилғи миқдори ва электрон газ ҳисоблагичлар маълумотларини қамраб олган ягона электрон дашборд яратиш;
- Табиий газ сарфининг соҳалар кесимида самарадорлигини баҳолаш;
- Солиқ мажбуриятларини бажаришда иссиқхоналарга кўмаклашиш, хусусан, молиявий жарималарни ижро муддатини ўзгартириш орқали уларнинг банк ҳисоб рақамларини барқарор фаолиятга қайтариш;
- Иссиқхоналардаги муаммоларни ҳал этиш мақсадида зарур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш.
Солиқ қўмитаси Раиси ва ўринбосарлари бошчилигидаги ишчи гуруҳлар 2025 йил 31 июлдан бошлаб ҳудудларда бевосита иш олиб боришни бошлайди.









