Буюмларнинг ўзи маҳаллий лойдан кулол чархида қолипга солинган, мустаҳкам бўлиши учун лойга қамиш пахмоқлари — тузгак аралаштирилган.
Кейин қуритилган сопол маҳсулотлар оловга чидамли оқ лой — гил билан қопланган. Қуёшда қуритилган буюмлар суюқ қизил лой – қизил-кесак суви билан ювилган. Бу идишларга қизғиш фонни беради.
Қуритилган буюм юзасига чўп билан нақш чизилган. Бу харош чўп деб аталган. Шундан сўнг, идиш-товоқлар мўйқалам билан бўялган, сирланган ва пиширилган.
Устанинг таъкидлашича, 1910 йилларгача ишқорли сир қўлланилган. Ундан кейин қўрғошин сирдан фойдаланила бошлаган.