Сўз гавҳарининг шарафи

    Инсон аввало сўзда яхши ёки ёмонлигини изҳор этади. Умуман олганда, сўз – одамнинг шарафи, сўз – фазилат, сўз – ахлоқий камолот воситаси. Шунинг учун уни шу йўлда сарфлаш лозим. Буюк шоирларнинг хулосаси – ана шу.

    Миллатнинг биринчи рамзи унинг тилидир. Шунинг учун ҳар қандай давлат ўзининг маданий мероси ва она тилини алоҳида эъзозлаб, ҳурмат қилади. Зеро, улуғ аждодларимиз тарихи, миллий ва маънавий қадриятларимиз бизга она тилимиз ёрдамида мерос бўлиб қолади. “Тил яшаса, миллат барҳаёт”, деган пурмаъно сўз ҳам бежизга айтилмаган.

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, филология фанлари доктори, профессор Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ билан суҳбатимиз ўзбек тилининг Давлат тили сифатидаги аҳамияти, тил орқали миллий ўзлигимизни англаш, миллат руҳини сақлаб қолиш, ёруғ ва ёрқин келажагимизни таъминлашдаги ўрни хусусида кечди.

    - Устоз, сиз Шарқ ва ўзбек адабиёти тарихи бўйича етук мутахассис, адабиёт илмига катта ҳисса қўшиб келаётган атоқли олимсиз. Миллат тақдири, келажаги ҳақида сўз юритилса, давлат тили мавзуси устувор масала бўлиб кўринади. Шу ҳақида соҳа фидойиси сифатида қандай фикрдасиз?

    - Давлат тили – миллатнинг умрбоқийлиги, жамият мафкураси, қадриятлар барқарорлиги асоси ва миллатнинг маънавий бойлигидир. Тил нафақат муомала воситаси, балки халқнинг маданияти, урф-одати, турмуш тарзи ҳамда тарихи экани, тилни асраш, ривожлантириш, давлат сиёсати даражасидаги муҳим масала эканини англаб олиш унчалик ҳам қийин эмас. Ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши ҳам унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради. Зеро, “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Аслида ҳам тил – миллатнинг фахри, ғурури, кўзгусидир.

    Ҳусайн Бойқаро таърифи билан айтганда “Турк тилининг ўлган жасадиға Масиҳ анфоси бирла ҳулла ва ҳарир кийдирган” Алишер Навоий барҳаёт анъаналар таъсирида касби камолга етган бўлса-да, туркий тилни қудрати ва ҳашамати билан қаддини ростлади. Шоир дунёни қалам билан забт этганини кўп такрорлаймиз, аммо Навоий Шарқ мумтоз анъаналарини айнан туркий тилдаги ижоди билан бойитди ва янгилади. Аниқки, бутун дунё ўзбек миллатининг даҳо шоирига, адабиётига маҳлиё бўлди.

    Балки, бугун ҳам давлат тили Миллат тилига айланиши учун ўзбек адабиётининг қалами ўткир бўлиши лозим. Адабиёт тилнинг қуввати ва залворининг асосидир. Агар буюк адабиёт бўлмаса, давлат тили фақат иш юритувчи тилга айланиб қолади. Миллат контенти даражасидаги салоҳиятни белгилаши учун ўзбек тилида яратилган кучли ўзбек адабиёти керак.

    Адабиётнинг идеали – бу комил инсон. Инсон камолоти эса унинг ўзликни ва ҳақиқатни англаш маърифатини қалб фитратида кашф этиши билан боғлиқ бир туғёндир. Инсоннинг ахлоқий фазилатлари ҳамиша Шарқ шоирларнинг диққат марказида бўлиб келган. Адабиёт сўзининг “адаб” сўзидан пайдо бўлгани ҳам буни кўрсатиб турибди. Мусулмон Шарқида етишган қайси бир шоир ижодини олиб кўрманг, унда панд-насиҳат оҳангидаги асарларга дуч келамиз. Қадимги адибларимиз адабиётни тарбия воситаси деб қарашган. Хоҳ соф лирик асар, хоҳ воқеа-ҳодисалар, афсона-саргузаштлардан иборат эпик асар бўлсин, уларда “мавъиза”, яъни ўгит-насиҳатлар характеридаги қисмлар бўлган. Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий “Бадоеъул бидоя” девонига ёзган сўзбошисида одатда ғазал ошиқона мавзуга бағишланиб, ошиқлик дардининг пўртаналари китобхонни ҳаяжонга солишига ишора қилади. Лекин ишқнинг муқаддаслигини англатишда аввало насиҳатомуз байтлар келтирилса, ўқувчи ишқ тўлқинлари билан бирга муҳим тарбиявий ҳикматлардан баҳраманд бўлиши муҳимлигини эътироф этади. Шунинг учун, шоир асарларини ҳамд-наътлардан бошлаб, ошиқона ғазалларда ҳам мавъиза, дидактик маъноли байтларни киритади.

    Демак, адабиёт инсонпарварликни англаш, уни ўзбек тили ва адабиёти орқали тадбиқ этиш муҳим ижтимоий воқеликдир...

    Албатта, тил, инсон қиёфаси ва ички гўзаллигини намоён этадиган гўзал туйғу. Одамнинг мартабаси унинг ақли, шахсий қобилият ҳиммати – ҳамияти ўз тилини қанчалик эъзозлаши, асарб-авайлаши билан ҳам ўлчанади. Яхшиликнинг, одамийликнинг мезони бу халқ манфаати учун ишлаш, халқ ғам-ташвиши билан яшаш, миллат ғурури бўлган ўз она тилини асрашдир. Маълумки, инсон аллақандай мавҳум тушунча эмас. Инсон ўз касбу кори, жамиятда эгаллаган мавқеи билан конкрет шахсдир. Демак, инсоннинг ақли-ю билими ўз манфаатларини халқ, жамият манфаати ва бахти йўлида сафарбар этиш дақиқлигида кўринади ва бу билан келажак бахти учун тамал тоши бўлиб хизмат қилади. Саъдийдан нақл қилинади, инсонлар барчаси бир тананинг аъзолари, аммо уларнинг бир-бирининг дарду ғамига бефарқликлари инсонни одамгарчиликдан чиқаради.

    Навоийнинг назарида инсонни ҳайвондан ажратиб турган сифатлардан бири – бу унинг тафаккурига бўйсинган нутқи, тили. Аммо шоир сўзни кенг маънода олиб қараган: сўз – алоқа воситаси бўлмиш тил, сўз – дунёни англаш воситаси, ақлнинг иродаси, сўз – маънавий-бадиий етуклик, фаросат, заковат белгиси. Инсоннинг тили мўъжизалар яратишга қодир, у барча бунёдкорликлар, ижод ва истеъдоднинг калити.

    --Дарҳақиқат, биз ўзлигимиз, тилимиз буюклигини Навоий тимсолида тасаввур этамиз. Навоий ижодида сўз қудрати ҳақида мушоҳада юритганми ёки бу масаланинг буюклиги унинг асарлари мисолида гавдаландими?

    – Алишер Навоийнинг фикрича, “Сўз гавҳарининг шарафи” баландлигига сабаб унинг бутун олам қудрати тарафидан туҳфа этилганидир. У “тўрт садаф гавҳарнинг дуржи” – яъни тўрт унсур (сув, ҳаво, ўт, тупроқ) дан ҳосил бўлган инсон зотиниг бош хусусиятини белгилайди, инсон нутқи билан инсон, нутқ уни барчадан афзал этади. Сўз, нутқ – руҳ, қолип ичидаги жон, ҳаёт, ҳаракат демак, тил фақат алоқа қуроли, инсонни мумтоз этган неъматгина эмас, балки инсон учун азоб-изтироблар келтирадиган нарса ҳам, зеро тил – киши бошига кўп фалокатлар келтиради, “руҳни ҳалок этади”. Навоийнинг масалага қанчалик чуқур қараганини ҳис этиш қийин эмас.

    Ўзбек шоири фикрини давом эттириб ёзадики, сўзнинг кучи бениҳоя улуғ, “каломи фасеҳ” (гўзал сўз) ўлганни тирилтириши ҳам мумкин. Сўз масъулияти қанчалик баланд эканини, одамлар тақдири, кишиларнинг ҳаёти бир сўз билан ҳал этилиши – ё бахтга муяссар, ё абадул-абад бадбахт бўлишини, сўз одамларини жонфидоликка, улуғ мақсадлар сари курашга сафарбар этишини қайд этган. Навоий, айни вақтда сўзнинг эстетик таъсир кучини кўрсатишни унутмаган.

    Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги тилга бағишланган бобларда асосан, сўзнинг фалсафий-ижтимоий моҳияти, функциялари ва бадиий адабиёт сифатидаги жозибаси, сўз санъатининг буюк таъсири, тарбиявий-маънавий аҳамияти кўрсатилган. Аммо ўзбек шоири бошқа жойда – ўнинчи мақолатда ростгўйлик фазилати ва ёлғон гапиришнинг зарари ҳақида алоҳида тўхтаган. Навоий ростлик, ростқавлликка жуда катта аҳамият берган. Буни одмийлик, инсонийликнинг муҳим белгиси сифатида олиб қараган.

    Сўз гуҳариға эрур анча шараф,

    Ким бўла олмас анга гавҳар садаф.

    Тўрт садаф гавҳарининг дуржи yл,

    Emти фалак ахтарининг буржи ул.

    Навоий сўзнинг фалсафий моҳиятига катта аҳамият бериб, олам бошида сўз туради, яъни аввал сўз бўлган, сўнг борлиқ вужудга келган, дейди. Шу боис инсоннинг асосий сифати ҳам сўз – нутқдир. Инсон аввало сўзда яхши ёки ёмонлигини изҳор этади. Умуман олганда, сўз – одамнинг шарафи, сўз – фазилат, сўз – ахлоқий камолот воситаси. Шунинг учун уни шу йўлда сарфлаш лозим. Буюк шоирларнинг хулосаси – ана шу.

    - Устоз, тилнинг буюклигини мустаҳкамлайдиган адабиёт хусусида қандай мулоҳазаларни тавсия этасиз?

    – Бадиий сўзни маънодон, нуқтадон одамга айтса дуруст, ҳар кимса ҳам яхши сўзнинг қадрига етмайди, фаҳмига етиб, ундан лаззат топмайди. Нозик кўнгилли, сўздаги маъноларни қилни қирқ ёргандай фарқлайдиган одамнинг суҳбати ҳузур-ҳаловат бағишлайди. Суҳбатда ҳар нарсани айтавериш одобдан эмас, ундан кўра жим ўтириш афзал. Алдов, ёлғон каби ёмон ниятларга сўзни сарфлаш гуноҳ. Ҳолбуки, бу одамлар орасида анча кенг тарқалган.

    Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида устозлари – Аттор, Румий, Ҳофиз, Жомий, Хусрав ҳақида, уларнинг баланд қадрли шеърияти ҳақида тўхтаб, кейин “адно табақаси” (паст табақа) шоирларни тилга олиб ўтади. Уларнинг на шоирлиги, на ошиқлиги тақсинга лойиқ эмаслигини қайд этади. Навоий бундай “шоирталаб” сўзи ёлғон ўзи кибру ҳаволи кишилардан безорлигини “Ҳайрат ул-аброр” достонининг сўз маъносига бағишланган бобида ҳам қайд этган. “Турфа буким, – деб нолийди улуғ шоир, – улар менинг ўзимнинг шеъримни рангу руйини ўзгартириб, тўғрироғи, уни бузиб, яна олдимга олиб келадилар, “шеър”нинг ҳолига йиғлагинг келади:

    Зоҳир этиб йиғлагудек ҳол анга,

    Кийдурубон эски қаро шол анга.

    Турфа буким шеър қўюб отиши,

    Еткурбон кўкка мубоҳотини”.

    Бундай “тақлидчилар”, “билдирмасдан” ўзиники қилиб олувчилар Навоий замонида ҳам кўп бўлган. Улар ҳозир ҳам бор. Ҳозир ҳам истеъдодли шоирларнинг ғоя ва иборалари, образларини ўзлаштирувчи ва Навоий айтганидек, уялмай эълон қилдирувчи, тағин таҳсин қутадиган, натижада шеър ва шуур ҳароратига ғафлат ва совуққонлик билан хиёнат қиладиган шоирнамолар кам дейсизми?

    Алишер Навоий сўз муаммоси атрофида сўз юритиб, адабиёт ҳақида, сўз санъати, сўз қадри ҳақида мана шундай муҳим фикрларни олға сурган. Шоирлар яратган асарларнинг замонавийлиги, ғоялар, фикрлар, бадиий-ҳиссий талқинлар долзарблиги, айниқса инсоннинг ахлоқига бўлган қарашларда, инсонни ижтимоий муҳит билан боғлаб тасвирлашда аниқроқ сезилади. Миллий адабиётимиз башарият устунларидан бўлган ўзбек миллати тақдири, қайғуси, камолоти йўлида хизмат қиладиган сўз ва нутқнинг ҳассос кашфиётчиси бўлиши лозим.

    Она тилимизни ва тил орқали миллий ўзлигимиз моҳиятини ёшлар онгига сингдиришда, тилимизга гард теккизмаслик, софлигини бузмаслик ва асраб-авайлашда қандай усуллардан фойдаланиш ва нималар қилиш керак деб ҳисоблайсиз?

    - Тил салтанатининг беназир султони Алишер Навоийнинг “Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин”, “Тилга эътиборсиз – элга ихтиёрсиз” каби ҳикматларида одам боласи учун тилга эҳтиромли муносабатнинг азалий ва абадий эҳтиёжи, инсонликнинг бош белгиси тил эканлиги, тил ва эл ҳурмати таносибининг таранглиги гўзал шамойилларда ифода топган. Умуман, ҳар қандай тилга, хусусан, она тилига, нописандлик ёки камситиш билан қараш инсон ва эл қадрига ҳурматсизлик, инсон ва халқ ҳамиятига дахл қилиш тарзида англаниши, кишилар кўнглини, юмшоқроқ таъбир билан айтганда, оғритиши каби ҳолатларга, табиийки, биз яқин ўтмишда гувоҳ бўлганмиз.

    Бугунги ёшларга келсак, улар жуда зукко, салоҳиятли ва дунёларни забт этишга қодир шижоати бор. Кўриб ҳавасинг келади. Давлатимиз томонидан келажак авлодга барча соҳаларда энг яхши, энг зўр, бекам шароитлар яратиб берилаётир. Ўқиши, изланиши, ўз устида ихтиролар олиб боришига имкониятлар мўл. Шундай экан, бу ёшлар қаерда бўлмасин, қайси давлатда ўқиб ёки фаолият юритмасин ўз тилини унутмаслиги, сўзлашув маданиятига риоя қилиши, она тилини асраб, ҳар жойда тарғиб қилиши лозим.

    Президентимизнинг “Мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва аҳамиятини ошириш, уни замон талаблари асосида ривожлантириш масаласини биз миллий ўзлигимизни англаш, миллат руҳини сақлаб қолиш, ёруғ келажагимизни таъминлашнинг энг муҳим омили, деб биламиз. Шу эзгу мақсад йўлидаги амалий ҳаракатларимиз туфайли жамиятимиз ҳаётида давлат тилининг қўлланиш доираси тобора кенгайиб, у халқ дилининг чинакам кўзгусига айланмоқда”, деган сўзлари тилимиз, миллатнинг фахри, ғурури, кўзгуси эканлигини яна бир бор теранроқ кўрсатиб беради.

    Миллатларни ажратиб турувчи асосий белгилардан бири бу тил ва ҳар бир фуқаро ўз она тилини билиши, улуғлаши шарт. Зеро, миллатнинг ва миллий адабиётнинг мавжудлик шарти бўлган она тилимиз тақдири учун куйиниш, унинг равнақи учун барча имкониятларни сафарбар этиш, нафақат ёшларнинг балки барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА суҳбатлашди

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates