Унда сенаторлар, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари масъуллари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ САФОЕВ ўз фикрларини билдирди:
“ОАВ – бугун халқ овози, тўртинчи ҳокимиятга айланиб бормоқда. Балки ҳали кўп чўққиларга етканимиз йўқдир, лекин силжишларни инкор қилиш мумкин эмас.
БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссиясининг эътирофи бўйича, сўз эркинлиги – инсон ривожланишининг ажралмас омили. Инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатлари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, унга демократиясиз, сўз ва матбуот эркинлигисиз эришиб бўлмайди.
Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги – демократиянинг қон айланиш тизимидир, усиз бу тушунчалар фаолият кўрсата олмайди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида қилинган ишлар боис халқимиз ўз ғурурини англаб бошлади. ОАВ, блогерларнинг хатти-ҳаракати ҳам ана шу ғурурни кўрсатмоқда.
Ўзбекистон – янги дунёда обрў орттирди. Бунда ОАВнинг ўрни ниҳоятда катта бўлди. Ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш, ахборот хилма-хиллигини барпо этиш ва ривожлантириш – бир томондан инсон ҳуқуқларига оид масала, айни вақтда миллий хавфсизликнинг манбаларидан бири ҳисобланади.
Сўз эркинлиги – инсон ҳуқуқларининг бошқа турлари учун пойдевор, замин”.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари:
– Машҳур америкалик ҳуқуқшунос Ралф Нейдер таъкидлаганидек, ахборот – демократиянинг асосий валютаси. Сўз эркинлигисиз демократия ҳам, инсон эркинлиги ҳам бўлмайди.
Сўз эркинлиги – авваламбор, ҳар бир фуқаронинг шахсий ҳуқуқи, ахборот эркинлиги – бу ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқидир.
Ҳозирги кунда инсон ҳуқуқлари глобал ҳуқуққа айланди. Биз матбуот эркинлигини 3 даражада кўришимиз керак: давлат даражасида (миллий), ҳар бир минтақа даражасида, глобал даражада (универсал).
Абдулазиз КОМИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири:
– Халқаро шериклар билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мулоқотнинг муҳим жиҳатига эътибор қаратмоқчиман. Бу – давлат хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги нисбат ҳамда уларнинг ўзаро боғлиқлик масаласидир.
Сўнгги 3-4 йилда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш жараёнида ушбу муаммони бартараф этиш учун жуда кўп ишлар қилинди.
Ўзбекистон давлат ҳокимиятини демократлаштириш, халқ ва ОАВ билан тўғридан-тўғри, шаффоф мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг фуқаролик ва жамоатчилик фаоллигини қўллаб-қувватлаш борасида ортга қайтмайдиган йўлда бормоқда.
Биз инсон ҳуқуқларига оид ҳар қандай нозик масалани миллий ва глобал даражада очиқ муҳокама қилмоқдамиз.
Асаджон ХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори:
– Инсоннинг ажралмас ҳуқуқи – сўз эркинлиги. Сўз ва матбуот эркинлиги – Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналиши деб белгиланган ва бу борада орқага қайтиш йўқ. Буни ҳаммамиз биламиз ва фаолиятимизни шунга монанд ташкил қилганмиз.
Бугунги кунда ахборотни яшириб бўлмайди. Бир жойда яширилган ахборот, албатта, бошқа жойларда чиқади. Ахборот бугун эркин айланяпти ва бу сўз эркинлиги билан бевосита боғлиқ.
Одамлар интернет орқали ўз фикрларини эркин билдирмоқда. Албатта, танқидий фикрлар ҳам бор. Бу танқидий фикрларни эса давлат органлари эшитиши керак. Ўз фаолиятини танқидлар орқали таҳлил қилиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриши лозим, мулоқотга ўрганиши керак. Шу орқали давлат органлари янги реалликда, янги Ўзбекистонда фаолиятини амалга оширяпти. Давлатимиз раҳбари ҳам матбуот кимгадир аччиқ гапирса, ёқиши ёки ёқмаслиги ҳам мумкин. Бироқ биз бу йўлдан қайтмаймиз, дея таъкидланган эди.
Барча давлат идораларида ахборот хизматининг ташкил этилиши катта ислоҳот деб биламан. Бу орқали ташкилотлар очиқлиги таъминланиши учун керак. Бугун мингдан зиёд ахборот хизматлари ишлаяпти, бироқ уларнинг фаолияти қай даражада? Бу йўналишни тегишли равишда баҳолаб боришимиз керак. Уларнинг малакасини ошириш ишларини босқичма-босқич амалга ошириб келяпмиз.
Пандемия шароити кўрсатдики, қабул қилинаётган ҳужжатлар аҳолига етказилишига катта эҳтиёж бор. Бу жараён рисоладагидек бўлмаса, текширилмаган ва нохолис ахборотларнинг айланишига олиб келади. Бунда журналистлар эмас, давлат ташкилотларининг очиқ эмаслиги, мулоқотнинг йўқлиги сабабчи. Улар мулоқотга тайёр бўлса, ортиқча миш-мишлар тарқалишига ўрин қолмайди.
Пандемия шароитида АОКА платформасида доимий равишда брифинг ва матбуот анжуманлари ўтказдик. Бу, албатта, осон бўлмади, бу жараёнда нодавлат телеканаллар, интернет сайтлари ва блогерлар ҳам фаол қатнашди.
Биз ноябрь ойидан бошлаб, 100 дан ортиқ брифинг ҳамда матбуот анжуманлари учун қўшимча платформалар ташкил этдик, айниқса, ҳудудларда ўтказиладиган тадбирлар режасини белгилаб олдик. Бу вилоятларда ахборот олиш эркинлигини таъминлашдаги муаммоларни маълум қадар ечишга ёрдам беради, деб ҳисоблаймиз.
Яна бир муҳим қадамлардан бири – Агентлик ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида «Диалог майдончаси» фаолияти йўлга қўйилаётганидир. Бу лойиҳа, ўз навбатида, ОАВ вакиллари ҳамда блогерларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ҳимоя қилиш, зарур ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ҳамда ёрдам кўрсатишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.