Стартаплар — инновацион тадбиркорлик сари йўл

    2019 йилдан Sturgeon Capital инвестиция фонди томонидан Ўзбекистондаги IT Park 3 та стартапи учун 4 миллион фунтлик венчур капитал киритилган.

    Бугун дунёда интеллектуал салоҳият маҳсули бўлган ғоя ва инновациялар бежиз қадрланмаяпти. Зеро, ҳар қандай илм-фан янгилиги бевосита мамлакат иқтисодий тараққиётига хизмат қилади. Жумладан, янги ёки такомиллаштирилган технологик жараён шаклида амалга ошириладиган ижодий меҳнат — стартапларга эътибор қаердаки катта бўлса, шу ерда тараққиёт янада юқори даражага кўтарилмоқда. Чунки ўзини оқлаган стартаплар ўша соҳани анъанавий бизнесга қараганда тезроқ ривожлантиради ва янги иш ўринлари яратади. Шунинг учун стартаплар ва уларни ярата оладиган янгича фикрловчи интеллектлар бугунги кунда ҳамма жамият учун зарур.

    Стартаплар нима ўзи?

    Унинг ўзига хослиги нимада? Ҳар қандай истиқболли уриниш бу атамага мос келадими? Уни шакллантириш ва ривожлантириш мамлакат иқтисодиётига қай даражада таъсир этади?

    Стартап — эндигина бошланаётган, ишга туширилаётган инновацион лойиҳа демакдир.

    Стартап муаллифи фаолияти ва мутахассислигига кўра, нафақат тадбиркор, ҳатто талаба, муҳандис ёки иқтисодчи ҳам бўлиши мумкин. Инновацион лойиҳани тўлақонли бизнесга айлантирадиганлар орасида тадбиркор ва илмий ходимлар учрайди. Лекин баъзида стартап бир киши томонидан яратилиб, ишлаб чиқариш билан ҳам, ўз маҳсулотини илгари суриш билан ҳам ўзи шуғулланади.

    Мухтасар айтганда, стартап — бу илгари мавжуд бўлмаган бизнес лойиҳаси.

    Ҳар қандай стартап ғояси янгилик, янги маҳсулот, янги технологиялар ва илгари амалиётга татбиқ этилмаган фаолиятга асосланади.

    Инновацион ғоя, ноанъанавий бизнес, юқори технологик ечимларга асосланганлик, бозордаги потенциал талаб, инвестицион жозибадорлик, ўсувчанлик, жамоавий қадриятлар — ҳар бир иштирокчи ўз ихтисослашуви доирасидан чиқиб, умумий иш учун ҳисса қўшишга тайёр бўлиши бунда асосий мезон ҳисобланади.

    Дунёда

    Index Ventures халқаро венчур капитал фирмаси томонидан тузилган рўйхатда AҚШ, Канада, Aвстралия, Франция, Буюк Британия, Португалия, Польша, Италия ва Швеция стартаплар учун шароитлар муттасил яхшиланаётган давлатлар қаторига киритилган.

    Айниқса, Буюк Британияда жаҳон миқёсида эътироф этилган ишбилармонлик муҳити мавжуд бўлиб, доимий равишда стартапларнинг ўсиши рағбатлантириб борилмоқда. Буюк Британиянинг стартап экотизими улкан бозор имкониятларини таклиф этади. Чунки мамлакат бозори ўзгаришларга тез мослашадиган технологияга асосланган тузилишга эга, бизнес қилиш осон.

    Кўпгина йирик халқаро компанияларнинг глобал ёки Европа бўйича қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган.

    Бундан ташқари, кўплаб технологик ва инновацион компаниялар Британияни афзал кўради. Мамлакатнинг аксарият шаҳарларида умумий ва ўзига хос кичик тармоқларда ихтисослаштирилган, ҳукумат кўмагида режалаштирилган технологик марказлар мавжуд.

    Британиянинг муваффақияти сири нимада?

    Буюк Британиянинг географик жойлашуви, қулай шароит каби қатор омиллар уни истеъдодлар ва имкониятлар учун идеал учрашув жойига айлантирган. 2010 йилдан буён Британия ҳукумати томонидан мамлакатда стартап экотизимини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича бир қанча чоралар амалга оширилди. Лондонда Tech City ташкил қилинди, тадбиркорлар ва инвесторлар учун катта солиқ имтиёзлари жорий этилди. Буюк Британия Европанинг технология ва инновация маркази сифатида шаклланиш учун 2012 йилда амалдаги даромад солиғи ставкасини 50 фоизгача, 2014 йилда корпоратив солиқ ставкасини 22 фоизгача камайтирди. Бунинг натижасида у дунё миқёсида иккинчи ва Европада стартап экотизими шаклланган етакчи мамлакатлардан бирига айланди. Лондон эса, технологик инвестицияларни Силикон водийсидан кейин энг кўп молиялаштирадиган инвестицион ҳудуд ва стартап экотизими ривожланган ТОП-5 шаҳарлар сирасига киради.

    Ушбу давлатда 250 дан ортиқ бизнес инкубатор ва 200 га яқин акселератор фаолият юритади. Мамлакатда умумий стартаплар сони 2015 йилда 608 110 та бўлган бўлса, 2021 йилга келиб, бу кўрсаткич қарийб 672 000 тага етган. Мавжуд стартапларнинг 19 фоизга яқини муваффақиятга эришган, 217 таси “юникорн” (unicorn (юникорн) — активларининг капиталлашуви 1 миллиард АҚШ долларига етган компания) даражасига етган. “Forbes” таҳлилий маълумотларига кўра, яна 126 та компания ана шундай юқори потенциалга эга бўлиши кутилмоқда.

    Буюк Британияда технология сектори мамлакат иқтисодиётидан 2,6 баробар тез ўсмоқда. Компаниялар ҳар йили миллиардлаб фунтлик венчур капитал қўйилмаларини олади. Биргина 2020 йилнинг ўзида Британиянинг инвестиция фондлари томонидан технологик компаниялар 11,2 миллиард фунт капитал билан молиялаштирилган. Шунингдек, 2019 йилдан Sturgeon Capital инвестиция фонди томонидан Ўзбекистондаги IT Park 3 та стартапи учун 4 миллион фунтлик венчур капитал киритилган.

    Ҳозиргача Буюк Британияда қиймати 92 миллиард долларлик стартаплар молиялаштирилган бўлиб, улар, асосан, молиявий технологиялар (Fintech) ва таълим технологиялари (Edtech) соҳаларига йўналтирилган.

    Ўзбекистонда

    Мамлакатимизда ёшларнинг иқтисодиётимизга наф келтирадиган ҳар қандай ғояси ва салоҳиятли янгилиги эътибордан четда эмас. Бу борада тизим мавжуд — Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси, Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Илғор технологиялар маркази, Ёшлар технопарклари, Ёшлар академияси, “Яшнабод” инновацион технопарки, шунингдек, “UzVC” миллий венчур фонди фаолият юритмоқда. Буларнинг бари стартапларни тижоратлаштириш учун инвестицияларни жалб этиш, молиялаш, ишланмаларни танлаш, халқаро кўргазмалар ташкил этиш сингари ва яна бир қанча вазифаларни амалга оширувчи тизимдир.

    — Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2019-2021 йилларда жами 90 та стартап лойиҳа танлов асосида молиялаштирилган, — дейди вазирликнинг Стартап экотизимини шакллантириш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Азиз Илҳомов. — Улар қаторида соғлиқни сақлаш соҳасида 18,7 миллиард сўмлик 20 та, ахборот технологиялари соҳасида 14,5 миллиард сўмлик 18 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 14,1 миллиард сўмлик 22 та, транспорт ва энергетика соҳасида 9,6 миллиард сўмлик 11 та, қурилиш соҳасида 4,5 миллиард сўмлик 7 та, озиқ-овқат соҳасида 3,3 миллиард cўмлик 5 та, машинасозлик, таълим ва бошқа соҳаларда 5,6 миллиард сўмлик 12 та стартап лойиҳа бор. Уларнинг умумий қиймати 70,3 миллиард сўмни ташкил этади. Ушбу лойиҳалар орқали ҳозиргача 674 та янги иш ўрни яратилди.

    Таъкидлаш жоизки, улар орасида нафақат маҳаллий бозорга мўлжалланган, балки экспортга йўналтирилаётган лойиҳалар ҳам кўп.

    — Топинамбурдан шифобахш биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш ва экспортга йўналтириш лойиҳасини ишлаб чиққанман, — дейди “PARADISE FLORA” масъулияти чекланган жамият директори Зилола Мўминжонова.

    — Лойиҳанинг асосий мақсади юртимизда етиштирилаётган ва табиий ҳолда ўсувчи 50 дан ортиқ турдаги доривор ўсимликлардан инсон организми учун зарур бўлган витаминлар, макро ва микроэлементлар асосида 14 та биологик фаол қўшимча ишлаб чиқаришдир. Тайёр маҳсулотнинг асосий қисмини экспортга йўналтириш ва қолган қисмини озиқ-овқат корхоналари, махсус даволовчи марказлар, санаторий, мурувват уйлари ҳамда фитобарларга талабнома асосида етказиб бериш мўлжалланган.

    Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун 1 миллиард 382 миллион 600 минг сўм талаб этилди. Бунинг 646 миллион 600 минг сўми Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилди, қолгани “PARADISE FLORA” корхонаси ҳисобидан қопланди. Корхонада 20 та доимий ва 30 дан ортиқ мавсумий иш ўрни яратилди.

    Ҳозир корхона маҳсулотлари Латвия ва Россияга экспорт қилинмоқда. Яқин кунларда улар қаторига Германия ҳам қўшилиши кутилмоқда.

    Айни пайтда корхонада саноат зоналари ишчилари ва уларга яқин жойлашган аҳоли учун зарарли таъсирларнинг салбий оқибатларини бартараф этишга кўмаклашувчи доривор ўсимликлар жамланмаларини тайёрлаш ва сотувга чиқариш устида иш олиб бориляпти.

    Стартап лойиҳаларнинг ҳар бири янги турдаги маҳсулот, дастур ёки хизмат кўрсатиш соҳасини ўз ичига олади. Туризм соҳасида “Ўзбекистон туристик шаҳарларининг 3D ва VR BOX моделларини яратиш”, “NazzaAR” стартап лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Тиббиёт соҳасида “ЛиПач” тери парвариши учун гигиеник-косметик воситаси клиник олди текширувлардан муваффақиятли ўтди, “Биоферрон” биологик фаол қўшимчаси, имплантация қилинадиган юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналарни инновацион ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

    Қишлоқ ҳўжалиги соҳасида агролоток, кўчатларни in-vitro усулида кўпайтириш лабораторияси ташкил этилмоқда. Озиқ-овқат соҳасида олма кукунидан қандолатчиликда кенг фойдаланиладиган пектин ишлаб чиқарувчи “Onsite” МЧЖ ташкил этилди. Яна бир истиқболли лойиҳа — биологик маҳсулотларни қуритиш механизмини такомиллаштирувчи электромагнит парчаловчи қурилма ишлаб чиқилмоқда. Мазкур тизим маҳсулот таннархига катта таъсир қилувчи якуний босқичда энергия сарфини қарийб 4-6 баробаргача қисқартириш имконини беради.

    Қандай натижаларга эришилмоқда

    “Medical manufacture center” МЧЖ раҳбари Абдурашид Ниғматжоновнинг имплантация қилинадиган юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналарни инновацион ишлаб чиқариш лойиҳаси учун 1,5 миллиард сўм ажратилганди. Айни пайтда корхонанинг йиллик даромади 1,7 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Келгусида бир йиллик даромад 10 миллиард сўмга етказилиши кўзда тутилган.

    Ўзбекистон туристик шаҳарларининг 3D ва VR BOX моделларини яратиш бўйича иш олиб борган Ҳакимбой Йўлдошевнинг ўтмишга виртуал саёҳат қилиш имконини тақдим этувчи лойиҳасига Инновацион ривожланиш вазирлиги Илм-фанни молиялаштириш ва инновация ларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 947 миллион сўм ажратилганди. Айни пайтда мазкур лойиҳани амалиётга жорий этган “Wolfsoft” хусусий корхонасининг йиллик даромади 5 миллиард сўмни ташкил этмоқда, 32 нафар мутахассиснинг бандлиги таъминланган.

    Муҳаммад Валиевнинг темир йўл линияларини назорат қилувчи ва сайёҳлар учун ишлаб чиққан машинаси кўпчиликнинг эътиборини тортди. 1 миллиард сўм бошланғич маблағ билан иш бошлаган ихтирочининг йиллик даромади айни пайтда шунча, яъни 1 миллиард сўмни ташкил этаётгани стартап лойиҳаларнинг истиқболли эканига яққол далилдир.

    Инвестиция бошланган лойиҳанинг амалга ошишида асосий компонентдир. Аммо...

    Стартап — бу бозорга кириб келаётган янги лойиҳагина эмас. Стартап деб аташ учун уни илгари сурилаётган инновацион ғояни бор куч ва ресурсларни беришга тайёр бўлган жамоа қўллаб-қувватлаши керак. Ишга тушириладиган лойиҳанинг яна бир асосий жиҳати инвесторларнинг ёрдамидир. Ҳатто энг яхши ғояни ҳам инвестициясиз амалга ошириб бўлмайди.

    — Ишлаб чиқаришга татбиқ этилаётган лойиҳалар сони кундан-кунга ошаётгани қувонарли, аммо бу борада ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп, — дейди пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки директорининг инновациялар бўйича ўринбосари Жаҳонгир Ражабов.

    — Стартапларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида муаммолар бор. Юртимиздаги бизнес доиралар ҳамма вақт ҳам янги лойиҳаларга қизиқиш билан қарайвермайди. Тадбиркорлар келажаги мавҳум лойиҳаларга пул тикишдан қўрқишади. Венчур капитал қўйилмалар ва бизнес фаришталари концепцияси ривожланиш босқичида ва етарлича машҳурликка эришмаган.

    Айрим соҳаларда стартаплар етишмайди, бошқаларида эса, ортиқча. Айниқса, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги стартаплар машҳур бўлиб бормоқда. Масалан, ижтимоий соҳадаги Open Data Challenge 2020 форумида NLS жамоасининг брайль алифбосини таниб олиш лойиҳаси ғолиб чиқди ва кўриш қобилияти заиф одамлар учун илова яратилишига замин яратди. Бу қувонарли, албатта. Аммо бундай стартап лойиҳалар қурилиш, банк ва саноат каби соҳалар вакиллари эътиборига муҳтожлигини ҳам инкор эта олмаймиз.

    Ўзбекистон ёшларида буюк ғоялар бор. Уларни амалга ошириш мақсадида IT парк бутун мамлакат бўйлаб IT марказлар очмоқда, шунингдек, IT академия курслари орқали иш берувчилар эҳтиёжини қондирадиган мутахассислар тайёрланмоқда.

    Бугунги кунда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан стартап экотизимини ривожлантириш, лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қанча танловлар эълон қилинган. Жумладан, ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириш учун устувор инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва стартап лойиҳалар танловлари шулар жумласидандир.

    Ягона стартаплар платформаси ҳақида

    Экотизим фаолиятини рақамлаштириш, мавжуд интеллектуал ресурслардан самарали фойдаланиш, соҳанинг тизимли ташкил этилишини таъминлаш ягона платформа ташкил этишни тақозо этмоқда. Платформа стартап экотизими субъектлари маълумотлари базаси (инвесторлар, стартаплар, коворкинг марказлар, инкубатор ва акселераторлар), стартап лойиҳаларни молиялаштириш ва мониторинг қилишни рақамлаштириш асосида ташкил этилади.

    Мамлакатимиздаги инновацион фаолиятда туб ижобий бурилишлар халқаро ташкилотлар томонидан мунтазам тарзда эътироф этиб келинмоқда. Жорий йил Ўзбекистон глобал инновация тенденцияларини баҳолаб борувчи Глобал инновацион индекс рейтингида 7 поғона юқорилаб, 132 давлат орасида 86-ўринни эгаллади.

    Илм-фан соҳасига ажратилган маблағ — бу инновация ютуқлари сари ташланган қадам, келажакка киритилган инвестициядир.

    Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Халқимиз дунёқарашида инновация муҳитини яратиш энг муҳим вазифамиздир. Инновация бўлмас экан, ҳеч бир соҳада рақобат, ривожланиш бўлмайди. Бу соҳадаги ўзгаришларни халқимизга кенг тарғиб қилмасак, одамларда кўникма пайдо қилмасак, бугунги давр шиддати, фан-техниканинг мислсиз ютуқлари билан ҳамқадам бўлолмаймиз”.

    Рисолат Мадиева,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири.