Бунда изчил ва тизимли ҳаракатлар натижаси юзага чиқса, таъсирчанлик янада кучаяди. Шу маънода, Ўзбекистон стол тенниси федерациясининг ўз “уйи”га эга бўлиши муносабати билан янги иншоотга журналист ва блогерларни таклиф этгани ҳам яхши янгилик бўлди.
Яшириб нима қилдик: шу вақтгача федерация пойтахтнинг турли ҳудудларида ижарада фаолият кўрсатиб келган. Муқим манзил, спортчи ва мураббийларга, мутахассис ва мутасаддиларга қулай шароит яратилган аниқ макон ҳақида гап ҳам бўлмаган. Фидойи тренер ва спортчилар эса теннис столларини ҳар хил жойларга ташиб мусобақаларни қўлидан келганча уюштиришган. Имкон даражасида оммавийликни оширишга ҳаракат қилишган.
Лекин вазият бугун тамомила ўзгарди. Солиқ қўмитаси ва бошқа ҳамкору ҳомийлар кўмагида ташландиқ ер обод қилиниб, енгил конструкцияли бино қад кўтарди. Ҳар қандай баҳсни ташкил этиш имконига эга каттагина спорт зали, кийим алмаштириш ва ювиниш, тиббиёт ва санитария хоналари, федерация маъмурияти офиси ва фитнес маркази кичик ракетка усталари ихтиёрига топширилди. Ташриф буюрувчилар учун қўриқланадиган бепул автотураргоҳ, асабларга дам беришга мўлжалланган сайр йўлагида райҳон ифори таралиб турганини айтмайсизми?!
Бунёдкорлик интилиши шу билан ниҳоясига етди, десангиз янглишасиз. Эндиликда бассейн қурилиши режага киритилди. Хорижий ҳамкорлар билан эришилган аҳдлашувларга асосан чет элдан келиб ишлайдиган мураббийлар яшайдиган ихчам меҳмонхонани замон талаблари даражасида таъмирлаш ишлари аллақачон “старт” олган. Хуллас, стол тенниси “уйи”да яхши янгиликлар бисёр.
– Интилганга толе ёр, деган нақл қанчалик ҳаётий эканини мана шу жараённинг ўзи кўрсатиб турибди, – дейди Ўзбекистон стол тенниси федерацияси бош котиби Гавҳархон Муқаддасова. – Мана шунча иш атиги бир йилда уддаланганига ҳамма ҳам ишонмаяпти. Аммо бу айни ҳақиқат. Энди бор эътиборимизни юксак маҳоратли спортчиларни тайёрлашга, мусобақаларни энг юқори даражада уюштиришга, стол тенниси бўйича Олимпия ўйинлари лицензиясини қўлга киритишга қаратамиз. Бугун сизлар гувоҳи бўлаётган “Про-Тур” мусобақасида ҳам яна бир янгиликни синовдан ўтказяпмиз. У ҳам бўлса, стол теннисига рақамли технологияларни муваффақиятли жорий этиш билан боғлиқ. Бошқача айтганда, қоғозбозлик ва вақтни беҳуда сарфлаш – узоқ масофадан келиб ҳужжатларни қўлма-қўл бериш, қатнашиш учун ёзма ариза топшириш жараёнларидан аста-секин воз кечяпмиз.
Йиғилган журналист ва блогерлар Г.Муқаддасова нима ҳақда сўз юритаётганини дарров англашди. Чунки бу ҳолат уларнинг кўз ўнгида рўй бераётганди. Гап шундаки, федерация баҳсларни биринчи марта электрон платформа, яъни онлайн рўйхатдан ўтиш тизими орқали ташкил этди. Ушбу янгилик юртимизда стол тенниси янги босқичга кўтарилганидан далолат беради.
“Про-Тур” мусобақасининг ўйинлар жадвали, гуруҳлар ва иштирокчилар тақсимотлари ҳам автоматик тарзда шакллантирилди. Ҳакамлик ҳам замонавий компьютерларда амалга оширилди. Инсон омили имкон қадар чекланди. Натижалар онлайн тарзда катта экранда намойиш этиб борилди. Қуръанинг электрон шаклда очиқ эълон қилиниши эса мусобақанинг шаффофлигини таъминлади.
Янгича тартибдаги турнирда ёшидан қатъи назар, профессионал спортчилар ва ҳаваскорлар (аёллар ва эркаклар алоҳида тоифаларда) қатнашиш имконига эга бўлишди. Ғолибларга катта миқдорда пул мукофотлари ажратилганига қарамай, мусобақада иштирок этиш мутлақо бепул амалга оширилди. Аслида бу ҳам стол теннисини оммалаштириш йўлидаги ажойиб янгиликдир.
Уч кун давом этган баҳсларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 353 нафар спортчи қатнашди. Шундан 53 нафари аёллар бўлиб, ўз кучларини синовдан ўтказишди.
Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 50 миллион сўмни ташкил этди. Энг иродали ва маҳоратли спортчилар ғолибликни қўлга киритишди. Биринчи ўринни эгаллаганлар (аёллар ва эркаклар алоҳида) 12 миллион 500 минг сўмдан, иккинчи ўрин соҳиблари 6 миллион 250 минг сўмдан, учинчи ўрин эгалари эса 3 миллион 125 минг сўмдан мукофотни қўлга киритишди. Бундан ташқари, ғолиб ва совриндорларга сертификатлар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Мухтасар хулоса қилиб айтганда, бу мусобақа орқали стол теннисида рақамли бошқарув тизими синовдан ўтказилди. Эндиликда рўйхатдан ўтиш, қуръа ташлаш, натижаларни эълон қилиш жараёнлари тўлиқ электрон шаклда амалга ошади. Бу тизим спортчиларга қулайлик, томошабинларга эса ишончли ва шаффоф натижаларни тақдим этади.
“Про-Тур” мусобақаси ўзининг ташкилий даражаси, электрон тизим имкониятлари билан кенг жамоатчиликнинг эътирофига сазовор бўлди. Ушбу муваффақиятли тажриба келгусидаги миллий ва халқаро мусобақаларни ташкил этишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.











