“Она замин, бир учайин, қўйиб юбор!”
Юрган дарё, дейди халқимиз. Инсон умри давомида қанча кўп сафар қилса, унинг дунёқараши шунча кенгаяди, билими шунча ошади. Шу нуқтаи назарни юракнинг бир четига тугиб, 2023 йил 13 май тонгида “Қорақалпоғистонга бўлаётган эко пресс-туримиз яхши ўтсин, хайрли бўлсин!” дея Тошкентдан Нукусга қараб учдик. Учоғимиз ердан узилганда юрак бир қалқиб олди. Шунда тупроқдан яралганимиз, она замин бизни қўйиб юборишни истамаётганини ва барибир ерники эканимизни ич-ичимдан ҳис қилдим-у, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг бундай сатрлари эсимда тушди:
Кўкка боқдим, ўт туташди жоним аро...
Қат-қат булут қатларида не сир-асрор!
Ҳайрат ичра ўлдиргуси мени само,
Она замин, бир учайин, қўйиб юбор!
Ҳа, она замин бизни қўйиб юборганди. Биз учдик. Учгандаям жуда баландда учдик. Юртимизнинг кенг сарҳадлари учоғимиз иллюминаторидан, булутлар орасидан гоҳ яшил, гоҳ сариқ тусда кўриниб борарди. Самолёт Қорақалпоғистон ҳудудига киргач, унинг соясини тасвирга олдим. Гўзал манзара эди. Хуллас, Тошкентдан учган учоқ Нукус халқаро аэропортига келиб қўнди. Очун бизни бағрига олган эди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамкорлигида ёзувчи-шоир, журналист-тасвирчи, блогер ва экофаоллар иштирокида ташкил этилган эко пресс-турнинг мақсади Қуйи Амударё давлат биосфера резерватининг фаолияти ва Оролбўйи минтақасида чўлланишнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан кенг жамоатчиликни таништиришдан иборат эди. Шунингдек, ижодкорларни табиатдан илҳомлантириш, янги-янги асарлар яратишга, янги-янги китоблар ёзишга туртки бериш эди муддао.
Биринчи кун ёки Судочье таассуротлари
Бизни аэропортда Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот котиби Улбўсин Мирзаназарова жамоаси билан самимий кутиб олди. Нонуштадан сўнг Суви дуччи – Судочье кўлига қараб йўл олдик. Олдинда бизни таассуротга бой 4 соатлик йўл кутарди.
Йўлда қуриб-қақшаб қолган Орол кенгликлари ястаниб ётарди. Сувсиз, сувга ташна соҳилларни кўриб, уни болалари урушдан қайтмагач, йиғлаб-йиғлаб кўзида ёши қолмаган кампирга ўхшатдим. Вазирлик ахборот хизмати ходими Низом Исломов бошқачароқ ўхшатиш айтди. Оролни болалари ташлаб кетган момога қиёслади. Иккинчи ўхшатиш менга кўпроқ маъқул бўлди. Шунда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг “Танҳо қайиқ” драмасидаги қаҳрамонлар эсимга тушди. Унда Орол қуригач, одамлар соҳил бўйини ташлаб, бирин-кетин шаҳарга кўчиб кетиб қолади. У ерда Орол бободан бошқа деярли ҳеч ким қолмайди.
Аввал қуриган Оролнинг кўксидан кесиб ўтган йўлдан юрдик, сўнг Устюрт кенгликларига чиқиб, Судочье кўлига кириб бордик.
Нукусдан соат 11:00 га яқин йўлга чиққан автомобиллар карвонимиз соат 15:00да бизни Судочье-Акпетки давлат буюртма қўриқхонасининг “Судочье кўлига саёҳат” туристик объектига етказиб келди. Икки ўтовдан иборат маскан кўлнинг шундоқ тепасида жойлашган эди. Кўз олдимизда кўл ястаниб ётарди.
Маскан ичида деворлари нураётган бино қолдиқлариям бор эди. Унинг нима эканини билан қизиқдим. Мактаб деворлари экан. Бугун харобага айланган мактаб қолдиқларини кўриб, қачонлардир бу ерда ўқувчилар ўқиганини тасаввур қилдим. Бугун болаларни бағрига чорлай олмаётган бечора мактаб. Аянчли манзара эди.
Бу ерда ташландиқ уйлар, ташландиқ бинолар кўп эди. Нураётган уйларда одамлар бахтли яшаган, сақловчи, музлатувчи омборхоналарда балиқ сақланган, заводда консерва тайёрланган. Буларнинг ҳаммасини кўриб, одамнинг юраги эзилади. Бугун бу ерда қўриқхона ходимларидан бошқа биров яшамайди.
Судочье сўзи “суви дуччи” деган маҳаллий сўздан олинган бўлиб, яъни “суви чучук” маъносини англатаркан.
XX асрнинг 60-70-йилларигача Судочье кўли соҳилидаги Урга қишлоғида 6000 киши яшаган. Улар балиқчилик билан шуғулланган, ондатра, нутрия, қора тулкини териси учун боққан. Бу ерда ҳатто телефон симигача тортилган. Бир сўз билан айтганда, бурун ҳудудда ҳаёт гуркираган, цивилизация бўлган.
1963 йили Орол денгизи суви илк бор чекинади. 1969 йили эса ёғингарчилик кўп бўлиб, денгиз суви кўпаяди. 70-йиллардан сўнг сув кескин қайтади. Ўша йиллари одамлар Ургани тарк эта бошлайди. Кейинги ўн йилликларда эса бу жойлар ташландиқ ҳудудга айланади.
2015 йили хорижий телеканалларидан бири Урга қишлоғи ҳақида кўрсатув тайёрлаш учун Судочье бўйларига келади. Шунда 1965–66 йиллари, болалик чоғларида Қозоғистонга кўчиб кетган қарийб 10 киши чақирилади. Улардан бири эгасиз харобалар орасидан ўз уйини топишга қийналади. Уйлардан бирига кириб “Зингер” тикув машинасини кўриб қолади-ю, бирдан йиғлаб юборади. Айнан мана шу хонадон бир пайтлар у ва оиласининг шодон кулгилари билан тўлган қадрдон ватани бўлганини ҳаяжон билан гапириб беради.
Маълумотларга кўра, илгари Судочьега Амударёнинг Равшан ва Примузяк каналлари орқали сув келиб, кўл Орол денгизи ҳавзаси билан боғланиб турган. Кўл майдони 350 км² га етган, энига ўртача 15 км, узунлиги ўртача 250 кмгача бўлган. Сув минерализацияси 0,6-1,7 оралиғида ўзгариб турган.
Мезбонлар бизни туғишганидай кутиб олди. Кўзим қисиқлигини кўриб, қорақалпоқ биродарлар қайси уруғдан эканим билан қизиқди. Қўнғиротнинг оқтамғалисиданман, дедим. Бегона эмас экансан, дейишди. Умумий тарих ва қўнғиротларнинг келиб чиқиши ҳақида соатлаб гурунглашдик. “Айдинлар” қўшиғини бирга куйладик.
1960 йилларда Орол денгизи сатҳи пасайиши ва дарё суви оқими тўхташи оқибатида Судочье қуриб кета бошлайди. 1968 йилда саёз кўл алоҳида сув омборларига айланди. Бироқ айни пайтда Судочье кўли коллектор-дренаж сувлари ҳисобига қайта тикланган, собиқ йирик кўл ўрнида 4 та сув омбори бор: Ақушпа, Катта Судочье, Қаратерен ва Бегдулла-Айдин. 2000-2001 йилларда сув танқислиги туфайли ҳатто Катта Судочьеда ҳам сув кескин камайиб кетибди.
– Орол қуригач, 40 йил давомида 80 минг гектар саксовул экилган, – дейди тарихчи Есимхон Қаноатов. – Аввал атиги 13 киши иккита трактор билан ишлаган. Кейинги 4 йил ичида 1 700 000 гектар майдонга саксовул экилди. Яна 4 йил ишланса, 3 600 000 гектар, яъни Оролнинг Ўзбекистон ҳудудидаги ҳамма жойи саксовулзор бўлади. Давлат томонидан бу ишларга 500 техника, 2500 одам, 4 самолёт жалб қилинди. Аввал экилган саксовулларнинг 100 фоиздан 30 фоизи кўкариб чиқса ҳам яхши натижа сифатида қабул қилинарди. Оролбўйи экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантирилди-ю, энди Оролнинг қуриган майдонида яшил қоплама барпо қилиш тадбирларига замонавий технология жалб қилинмоқда. Жумладан, ушбу майдонга экилаётган чўл ўсимликларини ўстириш учун гидрогелларни қўллаш натижасида кўкарувчанлик 80 фоизгача кўтарилмоқда. Фараз қилайлик, агар аввалги суръат билан ишлаганимизда, яъни ҳар йили 2-3 минг гектар жойга саксовул экиб юрганимизда 1000 йил давомида ҳам Оролқумни саксовулзорга айлантира олмасдик.
Яна бир яхши янгилик – Орол денгизининг қуриган майдони узра собиқ денгизнинг ҳозир суви сақланиб қолган жойигача бетонли канал қурилиши бошланди.
Междуречье кўлидан бошланиб, жами 123 километр узунликдаги каналнинг ишга туширилиши натижасида ҳудуднинг флора ва фауна дунёси ривожланиши кутилмоқда. Шунингдек, Мўйноқ туманидаги Шеге кўлида ҳам доимий сув билан таъминлаш имконияти яратилади. Ҳудудда чорвачилик, деҳқончилик ва балиқчилик каби соҳалар ривожига ижобий таъсир кўрсатади.
– 2021 йилгача бу ерда ҳеч нима йўқ эди, – дейди Судочье-Акпетки давлат буюртма қўриқхонаси директори Икром Жугинисов. – Шу йили Ўзбекистон Президентининг тешигли қарори чиқди. Сўнг қўриқхонани ташкил қилдик. Унинг умумий майдони 280 507 гектар. Акпетки кўли 195 805 гектар, 84702 гектар эса Судочье кўлига тегишли майдон. Бугунги кунда бу ерда 28 киши ишлайди. Сўнг Устюртдаги биринчи кўтарилиш тепалиги ҳудудида “Судочье кўли” экотуристик маскани барпо этдик. Ўтовлар қурдик. Ҳали меҳмонхоналар қуриш ниятимиз бор.
Қамишзорлардан иборат Судочье кўллар тизими ноёб табиати, рангдор, табиатда кам учрайдиган фламинго қушлар тўдаси билан бизни ўзига чорлади. Умумий майдони 50 минг гектардан ошадиган ушбу кўллар тизимида ҳозир 240 га яқин турдаги кўчманчи ва доимий яшовчи қушлар мавжуд.
Судочье кўли Сибирь ва тундрадан жанубга ва жануби-шарққа, иссиқ мамлакатларга ва орқага учадиган трансконтинентал мигрант қушларнинг Ғарбий Осиё миграцион йўлида, Қорақалпоғистоннинг шимоли-ғарбида жойлашган. Бу кўллар тизими уя қўювчи, учиб ўтувчи қушларнинг дам олиш, учиш олдидан озиқланиш ўрни сифатида хизмат қилади.
Судочье кўллар тизимида Ўзбекистон Қизил китобига кирган 40 турдаги қушларнинг 30 тури, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро ташкилотининг “Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги турларнинг қизил рўйхати”га киритилган 24 турдаги қушнинг 18 тури яшайди.
Кўлда қайиқда суздик. Дурбинда қизил ғозларни томоша қилдик. Ўтовда тушлик, кечлик қилдик, дам олдик. Гулхан ёқиб, атрофида шеъру қўшиқлар айтдик. Шоир Матназар Абдулҳакимнинг “Дарсдан сўнг” шеърини жўр бўлиб ижро этдик.
Тонг отди. Суви дуччи кўли томондан қуёш бош кўтарди. Кўл қирғоғида кечган бир кунимиз ажойиб ўтди. Антенна йўқ, интернет йўқ, чироқ йўқлигини ҳатто эсдан ҳам чиқаргандик.
Иккинчи кун ёки Сариқамиш мўъжизалари
Нонушта қилгач, Сариқамиш кўлига қараб йўл олдик. Ёқилғи қуйиш шохобчасида бир соат тўхтаб, телефон, фотоаппарат ва камераларимизни қувватлаб олдик. Чунки уларнинг қуввати бир сутка давомида тугаб қолганди-да. Соат 17:00 да Сариқамиш кўлига кириб бордик. 6 соатлик йўл чарчоғини кўл сувининг юзимизга урилган шовуридан сўнг эсдан чиқардик. Сариқамиш худди Орол денгизини эслатди бизга. Гарчи уни кўрмаган бўлсак-да, денгиз шундай бўлган, дея тасаввур этдик.
Бизга берилган маълумотларда ёзилишича, Сариқамиш кўли Қорақалпоғистон ва Туркманистон ҳудидаги Сариқамиш сойлигида жойлашган. Узунлигини 100–120 километр, энини 30–40 километр ва чуқурлиги 30–40 метр дейишди. Кўл шимолдан жануби-шарққа чўзилган ва ғарбий қирғоғи тик жойлашган. Кўлнинг сув сатҳи Хоразм воҳасини кесиб ўтадиган Кўллар бирлашмаси (Озёрний) коллекторидан келиб қуйиладиган сув миқдорига қараб ўзгариб тураркан. Кўл сувининг шўрлиги шарқида 6–7 фоиз, ғарбида 12 фоиз. Майдони шарқий қирғоқ ҳисобига кенгайиб, чуқурлиги ортиб бораётгани бизни хурсанд қилди.
Сариқамиш кўлига сайёҳлар келиши ортиб бораётгани айтилди. Кўл ҳажми ва унинг ҳудудидаги ноёб қушлар ҳақида маълумот берилди.
– Жанубий Устюрт миллий табиат боғи 2020 йили очилган бўлса, шундан бери бу ерни кўриш истагидан бўлганлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда, – дейди бош мутахассис Ренат Тожимуродов. – Сариқамишни кўриш учун маҳаллий сайёҳлар кўп келади, Германиядан, Россиядан ҳам меҳмонлар келганини биламан. Ўтган ҳафта Буюк Британиядан сайёҳлар келди. Улар 5-6 йил аввал ҳам бу ерда бўлган экан. Кўлни қайта кўриш учун яна келибди. Одамларнинг айтишича, кўлнинг суви тери касалликларини тузартаркан. Аммо бу ҳозирча илмий исботланмаган. Суви шўр, ичишга яроқсиз.
Кимлардир кўлда чўмилди. Биз эса қайиқда суздик. Тўлқин қайиғимизни роса силкитди. Кўл бўйида фото ва видеога тушганлар кўп бўлди, стенд-аплар ёзилди.
Маълумотларга кўра, Сариқамиш кўлида сазан, лаққа, илонбош ва бошқа турли балиқ кўп бўлиб, ҳудуд фауна ва флора дунёсига бой табиий объектдир. Қизил китобга киритилган ўсимлик турларидан қора саксовул, хива чораги, газзаннова қавули, систанҳе ва ҳайвон туларидан жайрон, туркман қулони, қушлардан чўл бургути, илонқор бургут, узун думли сув бургути, оқ думли сув бургути, жоржи, қизил ғоз, вишилдоқ оққуш, қорабош балиқчи, пушти соқақуш, қоравой каби турлар учрайди.
Кўл бўйида бир-бир ярим соат вақт ўтказдик. Кечлик вақтида тушлик қилиб яна ортга қайтдик. Олдинда бизни Нукусгача 6 соатлик йўл кутар эди. Бир сўз билан айтганда, эрталабдан кечгача йўл юрдик. Йўлнинг асосий қисми тупроқли эди. Ярим тунда Қўнғирот туманига кириб бордик. Кечлик қилиб, Нукусга йўл олдик.
Пресс-туримизнинг иккинчи куни ҳақиқий экстремал саёҳат бўлди. Бу машаққатли йўл ҳеч қачон эсимиздан чиқмаса керак.
Учинчи кун ёки Бухоро буғулари
Нонушта қилиб, Нукусдан икки соат узоқликдаги Қуйи Амударё давлат биосфера резерватига йўл олдик. Резерват 2011 йили Бадайтўқай қўриқхонаси ва қўшимча берилган ҳудудлар асосида ташкил этилган. У ерда табиат музейи билан танишдик. Бизни тўқай мушуги ва у ҳақдаги маълумотлар ўзига тортди. Тўқай мушуги сувда 1,5 чақиримгача сузаркан, ўлжасини тутиш учун соатига 32 чақирим тезлик билан сакраркан, дарахт кавакларидаги кемирувчиларни қидираркан, тик дарахтларга тезда чиқаркан. Мушуклар учун ғайриоддий бўлган ҳолат, яъни тўқай мушугининг мевалар билан озиқланиши бизни жуда ҳайратлантирди. Улар Ўзбекистонда учрайдиган рус зайтун меваларини озуқа сифатида еркан.
Сўнг биосфера резерватининг асосий ҳайвони – тўқай ёки бухоро буғусини томоша қилдик. Тўқайдаги ва махсус парваришхонадаги буғулар жудаям сезгир эди. Бизни илғаши билан дарров қочиб қоларди. Тасвирчилар уларнинг яқинроқ келишини узоқ вақт пойлашига тўғри келди.
Ёзилишича, илгари бухоро буғуси Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида яшаган. Шавқатсиз қириб ташланиши ва тўқай массивлари майдонининг қисқариши натижасида уларнинг популяциясига путар етган.
– Ҳозирги вақтда бу ерда Қизил китобга киритилган 1400 бошдан ошиқ бухоро буғуси яшайди, – дейди Қуйи Амударё давлат биосфера резервати директори Ойбек Маткаримов. – Шунинг учун бу жой бухоро буғусининг дунёдаги энг катта популяциясини сақловчи маскан саналади. Буғулар уч ёшдан ҳар йили март ойининг биринчи ўн кунлигида шох ташлашни бошлайди. Иккинчи ўн кунлигида деярли тугатади. Узоғи билан 25 санасигача боради. Августгача тўлиқ шох чиқариб бўлади. Августнинг охирларида буларда урчиш мавсуми бошланади. Буғулар 7-8 ёшда урчиш ёшига етади.
Маълумотларга кўра, биосфера резерватининг умумий ер майдони 68717,8 гектарни ташкил этиб, Беруний ва Амударё туманларида жойлашган. Шундан 11568,3 гектари қўриқхонадан иборат бўлиб, у қатъий режимдаги муҳофазаланадиган ҳудуд ҳисобланади. Ушбу ҳудуд табиат объектлари ва комплексларини тўлиқ сақлаб қолиш, илмий тадқиқотлар ва мониторинг олиб бориш учун мўлжалланган. Қўриқхона зонаси ерлари биосфера резерватига доимий фойдаланиш учун берилган. Биосфера резерватининг қўриқхона зонаси ҳудудида, қонун ҳужжатларига мувофиқ, давлат қўриқхоналари режими ўрнатилган ва ушбу ҳудудда ҳар қандай турдаги хўжалик фаолиятини юритиш тақиқланган.
Яна бир қизиқ маълумот. Қуйи Амударё давлат биосфера резервати 2021 йил 16 сентябрь куни ЮНEСКОнинг жаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғига киритилди. Қайд этиш лозимки, ҳозир мамлакатимизда ЮНЕСКОнинг иккита табиий объекти – Чотқол ва Aмударё захиралари мавжуд. Қуйи Aмударё биосфера резервати бой фауна ва флора дунёси билан Ўзбекистон табиатида муҳим аҳамиятга эга. Марказий Осиё ўрмонларининг 20 фоизи ва Ўзбекистон ўрмонларининг 74 фоизи мана шу ҳудудга тўғри келади.
Қўриқхонанинг умумий майдони 69 минг гектарга яқин. Резерватда мавжуд 419 турдаги ўсимликларнинг 2 тури, 36 турдаги ҳайвоннинг 1 таси, 43 балиқ турининг 12 таси ва қушларнинг 246 туридан 23 таси Қизил китобга кирган.
Бухоро буғулари томошасидан сўнг Амударёнинг кичик ўзанини бориб кўрдик. Ойбек аканинг айтишича, кейинги 20 йилликда Амударё суви сатҳи пасайиши кузатиляпти, авваллари ўрмонни ҳам табиий сув босган. Бугун биосфера резерватидаги асосий муаммо сувсизлик. Буни эшитиб хавотиримиз янада ошди.
Дарёни томоша қилаётганимизда бирдан ёмғир ёғиб юборди. Зора шу билан Амударёда оз бўлса-да сув кўпайса эди.
Кейинги манзил милодий IX-XI, XIII-XIV асрларга оида Жанпиққалъа бўлди. Харобалари қолган қадимги шаҳар Қоратов қўрғонидан 6 чақирим жануби-шарқда, Султонувайс тоғ тизмасининг жануби-ғарбий ён бағирларида жойлашган ва бу Амударё ўнг қирғоғидаги энг хушманзара ёдгорликлардан бири саналади.
Қалъа нафақат дарё ва тоғлар орасидаги йўлни ҳимоя қилган, балки дарё портини қуруқлик томондан ҳам қўриқлаган. Қазишмалар давомида ўрта аср дунёсининг Мисрдан то Скандинавиягача бўлган давлатларига тегишли топилмалар аниқланган. Бу эса жой жуда қадимий эканини англатади.
Борган манзилларимиз масофасининг узоқлиги ва вақт тиғизлиги сабаб режамиздаги Қоратош тарихий маскани, қозоқ чўпонлари қабрлари ва Игорь Савицкий номидаги музей билан танишишга улгурмадик. Бу масканларга боришни кейинги эко пресс-тур режасига киритиб қўйдик.
Фозил ФАРҲОД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси