Лого Лого-пв-уз

    “Сув ёқалаб” кечаётган умр изтироблари ёхуд қаҳрамонларимиз тарбияни бузиш учун эмас, ибрат учун яратилиши лозим

    Суҳбат 2 август 2023 641

    Нима учун ҳаёт зарбалари юрагимизга хавф солганида отамизни соғинамиз? Эҳтимол, оталарнинг руҳи ҳам фарзандларини ҳимоя қилишга ҳамиша шай турса керак... Шундай кезларда эгарни маҳкам тортиб, узангига оёғини илаётган Болта мардон каби қалбимизни мушоҳадага чорлагувчи изтироблар тўлқини оралаб, “Сув ёқалаб” хаёлга толгимиз келади.

    Йўл-йўлакай этаклари қирларга туташ қишлоқнинг самимий ва беғубор одамлари ҳаётини кузатиб, оғриқли саволларимизга жавоб топишга ҳаракат қиламиз. Энг муҳими, бу одамлар ҳар қандай ёмонлик ва зулмга қарши фақат ва фақат эзгулик чироғини тутадилар. Режиссёр илинган ҳикмат эса кўзлари ожиз бўлса-да, ҳаётни биздан-да теран тушунадиган оқсоқол Ҳамро бова тилидан янграйди: “Сув келтиргану сувни кўрганнинг йўли ойдин бўлади...”

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли режиссёр Жаҳонгир ҚОСИМОВ фильмларини ҳар сафар томоша қилганимизда қадриятларимиз ва анъаналаримизга туташ янги бир чизгилар, оҳанглар, ҳикматлар сабоғини туямиз. Бунинг сири нимада экан? Биз соғинган миллий кино аслида қандай мезонларни талаб қилади? Аслида жаҳон киносаноатидаги энг машҳур киноасарлар қандай пойдевор асосида яратилади? Ўтган олти йил ичида суратга олинган бадиий ва тарихий фильмлар зукко томошабин кўнглини тўлдиряптими?

    Айни суҳбатимиз киносевар қалбларнинг хира тортиб бораётган ишонч довонларини ёритса, умид шамларига учқун бағишласа, ажаб эмас.

    “ – Бу дейман... сувлар ҳам энди бир-бирига қўшилиб аралашиб кетгандир-а, Болтабой...

    – Бу нима деганингиз, Ҳамро бова?

    – Баҳри уммонга қўшилмайдиган, аралашмайдиган жаннат сувларини айтаман-да, раис. Орада ҳарирдек бир нимаси бўлармиш. Қўшилмоққа, айнимоққа қўймасмиш. Агар аралашса, билингки, рўзи қиёмат яқин...”

    “Сув ёқалаб” фильмидан.

    – Жаҳонгир ака, сиз аввалги суҳбатларингиздан бирида “Агар дунёдаги жами урф-одатлар бозорга олиб чиқилган тақдирда ҳам, ҳар бир миллат вакили айланиб-айланиб, барибир ўзининг урф-одатларини сотиб оларди, деган фикрга қўшиламан. Нега? Биринчидан, танглайи шу урф-одатлар билан кўтарилган, бошқасига кўниколмайди. Иккинчидан, географик жиҳатдан мана шу жойга айнан ўзингнинг урф-одатларинг асқотади. Чунки бу тушунчалар асрлар давомида йиғилган”, деган эдингиз. “Сув ёқалаб” фильми ана шу фикрларингиз исботи сифатида дунёга келган, миллий фильмларимиз фондидан муносиб ўрин эгаллаган, десак адашмаган бўламиз. Ушбу фильм яралишида сизда кечган руҳий тайёргарлик ва хулосалар бизни қизиқтиради...

    – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам қаламига мансуб “Сув ёқалаб” фильми сценарийсини дастлаб ўқиганимдаёқ яхши кўриб қолганман. “Эркин ака, менга сценарингиз ёқди, фильм қилмоқчиман”, дедим ўша заҳоти. “Сизга айнан нимаси ёқди бу сценарийнинг?”, деб сўради ўсмоқчилаб... Муаллифга таассуротларимни айтяпману хаёлимда суратга олинадиган лавҳалар ва образларни яратадиган актёрлар жонланяпти-да... Энг аввало, Болта мардоннинг таърифини ўқишим билан кўз ўнгимда отам гавланганини айтдим. Салобатли гавдаси, дўпписини бошига қўндиришлари, устундаги қозиқдан белбоғини олиб маҳкам боғлаганларигача жонланиб кетса бўладими... Қолаверса, ўзингиз биласиз, у пайтлари колхоз раиси ўша қишлоқнинг отаси ўрнида бўлган. Гарчи фильмда Болта мардон ишдан кетган пайт тасвирланган бўлса-да, қаҳрамонимиздаги ўша виқор, салобат, эл дардига ҳамдардлик, жонкуярлик сақланиб қолган. Бу ўзига хос маданият, маънавият дегани. Мансаб билан боғлиқ эмас-да... Бу миллий тарбия билан, асл маънавий тарбия билан боғлиқ жараён. Ахир миллий характер, образ дегани шунчаки либоси билан ажралиб турадиган хусусият эмас. Ва бу образга ҳеч иккиланмай Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комиловни танладим. Шу ўринда бир мулоҳазамни айтиб ўтай. Биз нега ўзлигимиздан узоқлашиб кетяпмиз, фильмларимизда ҳам фарзандларимиз ибрат олиши керак бўладиган, уларни тарбиялаши зарур бўлган образлар камая бошлади. Аксинча, руҳиятни, маънавий муҳитни бузадиган образлар кўпайиб кетди.

    Нима учун кўпчилик Болта мардон қиёфасида ўз отасини кўради? Чунки бу ота қиёфасида ўзбек халқининг тантилиги, чапанилиги, кўнгилчанлиги, ғамхўрлиги ва шу билан бирга, қаттиққўллиги акс этган. Ёзувчи бежиз уч ўғил образини киритмаган сценарийга. Бир ўғли бойвачча, бир ўғли орзуларига эришолмай қишлоқда қолиб аросатда юрибди, учинчиси отаси орзу қилган барча довонларни босиб ўтмоқда. “Ота дегани пайғамбар бўптими? Мен каби армонда қолмагин дейман-да... Уйлансанг шундай аёлни топиб уйлангинки, ҳеч қачон ундан кўнглинг қолмасин. Онанг жуда яхши аёл, менга ёмонлик қилмаган. Қолаверса, сенлардек паҳлавон ўғилларни туғиб берди. Лекин кўнгил қурғур тўлмаса қийин экан-да...”, дейди кенжа ўғлига насиҳат қилиб.

    Уччала ўғлида ҳам Болта мардон ўзини кўрмоқчи бўлади. Катта ўғлида бодилигини, кибрга берилган пайтларини, ўртанчасида кўнглида қолган муҳаббати изтиробини кўради. Кенжа ўғлида эса барча армонлари рўёбга чиқишини хоҳлайди. Агар ўзингиз яхши кўрган асарни сараланган ижодий жамоа билан маза қилиб суратга олсангиз, бир умр қилган ишингиздан уялмай яшайсиз.

    “Сув ёқалаб” фильмидаги қалбимни оғритган, шу билан бирга, овунтирган яна бир жойи ота қизининг уйига келган лавҳа. Болта мардон қизига зарур бўлган дориларни олиб уйига кириб келганида қизи, “Дадажон, пулим йўқлиги учун шу дориларни ололмай юрганидим”, деб айтолмайди. “Дадажон, қаранг, қўлимни ари чақиб олди”, дейди-ю, отасини мақкам қучоқлаб йиғлаб юборади. Эҳ, тарбиянинг гўзаллигини қаранг! Ота қизини авайлаб, “Мени кечир, қизим, сени яхшироқ жойга узатишим керак эди”, дейди. Қизи эса отасини авайлайди: “Дадажон, қиз бола палахмон тоши. Сиз отдингиз, мен шу жойга тушдим. Буни тақдир дейдилар. Ўзингизни айбламанг!”

    Сценарийдаги шу жойларини ўқиётганимдаёқ актриса Зулхумор Мўминова кўз ўнгимга келди. Ичи йиғлаб туриб куладиган, дардини яшира оладиган кучли аёл қисмати-да бу... Ана шу дард бор бўйи билан намоён бўлмагунича қайта-қайта суратга олавердик. Барча суратга олиш жараёни тугаганидан сўнг ҳам бошқатдан бориб Сижжак қишлоғида съёмка қилиб келдик шу лавҳани. Бошида Зулхумор “Мен ўйнайдиган образ йўқ ҳисоби-ку”, деди норози бўлиб... Съёмкамизнинг охиги нуқталарида эса, “Шу биргина кичик лавҳадан кўп нарсани ўрганса бўларкан аёлларимиз”, деди.

    Биласизми, агар режиссёр ўзи ўйлаган образни қайси бир актёрда кўра олса, юрагига теккан дардни ўша актёр кўрсатиб бера олишига ишонса – бу фильмнинг энг катта ютуғи.

    – Тоғай Мурод “Барча экран асарларининг ортида, ҳатто рекламанинг таг замирида ҳам адабиёт ётиши керак”, деган эди. Яқин тарихимизда Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Пиримқул Қодиров каби адибларнинг ижод намуналари асосида ўлмас кино асарлари ишланди. Ҳозирги кунда бизда мана шу анъана йўқолиб бормаяптими?...

    – “Чангак”, “Шайтанат”, “Назира”, “Сув ёқалаб...”, “18-квадрат”, “Ибрат”... Санъатдаги йўлимга назар ташласак, Асқад Мухтор, Хайриддин Султон, Эркин Аъзам, Тоҳир Малик, Мурод Муҳаммад Дўст ва Фахриёрлар билан бўлган ижодий ҳамкорлигимиз намоён бўлади. Умуман барча фильмларни яхши бадиий асарлар, сценарийлар асосида суратга олишга ҳаракат қилганмиз. Менимча, бу анъанани ёш режисссёрларимиз ҳам давом эттиришмоқда.

    Гап шундаки, илгари фильмларни суратга олиш жараёни ўзбек режиссёрлари томонидан белгиланмаган. Шу боис, миллий адабиётимиздан узоқлашиб кетилган. Мустақилликнинг илк йилларида Темурмалик Юнусов “Ўзбеккино”га раҳбар эди. У киши фаолиятининг илк дамлариданоқ бошқалар билан ҳисоблашмай, таниқли ўзбек ёзувчиларини кино соҳасини ривожлантиришда ҳамкор бўлишга чорлади. Эркин Аъзам, Олим Отахон, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султон кабиларнинг сценарийлари юзага чиқди. Керак бўлса таниқли ижодокорларга сценарийлар ҳам буюртма қилинди. Шу тариқа Темурмалик Юнусов ўзбек ёзувчилари билан режиссёрларининг бошини қовуштирди, ҳамкорликни кучайтирди. “Чантраморе”ни, “Галатепалик авлиё”ни ёки “Оқ бино оқшомлари”ни олинг. Ўша даврдан бошлаб яна ўзбек киносида миллий характер кучайди. Илгари аксарият фильмлар рус тилида олинган бўлса, ўша пайтларда бирданига дадиллик билан ўзбек тилида олина бошланди.

    Мана ҳозирги кунда ҳам ёш режиссёрлар Ёлқин Тўйчиев, Айюб Шаҳобиддиновлар сараланган сценарийлар асосида фильмлар суратга олишаётганидан қувонаман. Шу боис, бу ижодкорларнинг ҳар бир фильми томошабинлар томонидан катта олқишларга сазовор бўлмоқда. Халқаро танловларда эътироф этилмоқда.

    2017 йил 3 августда давлатимиз раҳбари таниқли ижодкорлар билан учрашган ва ўша йиғилишда оламшумул кинолойиҳалар ҳақида сўз борган эди. Ўтган вақт давомида ана шу лойиҳалар асосидаги ишлардан кўнглингиз қанчалар тўлди?

    Бу тарихий учрашув маданият ва санъат соҳасида жуда катта ўзгаришлар даврини бошлаб берди, десак адашмаган бўламиз. Президентимиз ўша мулоқотда биз ижодкорлар олдига катта вазифалар қўйди, бизга ишонди, бадиий фильмларда миллийликни, миллий мафкурани кучайтиришга эътибор беришимизни талаб қилди. Учрашувда зиёлиларнинг ҳозирги фаолияти халқимизни қониқтирмаётгани, уларда янги-янги ижодий ғоя ва ташаббуслар билан яшаш, изланиш руҳи етишмаётгани, ижодий муҳит қандайдир турғунликка тушиб, бир жойда депсиниб тургандай, аксарият ижодкорлар ўз ташвиш ва муаммолари билан ўралашиб қолгандай таассурот пайдо бўлгани таъкидланиб, адабий ва маданий соҳадаги жиддий муаммоларнинг сабаблари ва илдизлари очиб берилди.

    Ўзи охирги йилларда тузуроқ фильм суратга олинмаётган эди. Аслида тарихий фильмни суратга олиш осон эмас. Тарихий фильмларни суратга олиш учун катта маблағ сарфлашга тўғри келади.

    “Авлоний”, “Қўқон шамоли”, “Илҳақ”, “Исломхўжа”, “Элпарвар” каби фильмлар ҳам шундай харажат ва катта меҳнат билан суратга олинган. Уларни ҳар сафар томоша қилганимда кўнглим ёришиб кетади. Чунки ижодий жамоанинг руҳияти, кайфияти ва мақсадларини, уларга берилган эътибор қай даражада эканлигини ҳис қилиб тураман.

    “Ибрат” фильмини суратга олишни бошлаган кезларингизда “Бугунги ўзбек киноси тарихий фильмларни суратга олишда қотиб қолган қатъий қоидалардан воз кечиши зарур”, деган фикрни ўртага ташлаган эдингиз. Сиз ушбу фильмни яратиш жараёнида ўша қоидалардан воз кеча олдингизми?

    • Менимча, ҳаммасидан воз кеча олмаган бўлсам керак. Чунки янги йўлдан юриш ҳамиша қийин бўлади Лекин сиз барибир кимдандир ўрнак олишингиз ҳам керак. Масалан, мен ўша чет элда бўлган съёмкалардан кўп нарсани ўргандим. Уларнинг ишга бўлган муносабатини кузатдим. Ҳамма ижодкорларда аслида суратга олиш жараёни бир хил кечади. “Мотор!”, “Бошладик!” дейсиз, “Тўхтадик!” дея буйруқ берасиз. Лекин хориждаги ҳамкасбларимизнинг суратга олиш майдонидаги муҳити бошқача ташкил этилар экан. Уларда жамоанинг ҳар бир ишчиси “Бугун нима бўларкин, съёмка бўлармикан, қайси артистни чақиришаркин”, деб ўтиришмас экан. Бир ой олдин қайси кунлари қайси соатларда съёмка олинишини режалаштириб, ана шу жадвал асосида қатъий интизом билан ишлашар экан. Афсуски, кўп ҳолларда бизда кеча кечқурун съёмка олинган бўлса, бугун нима иш бўлишини ҳеч ким билмайди. Бундай ёмон иш муҳитидан воз кечишимиз керак. Айрим режиссёр ва актёрларимиз тайин бир иш режаси асосида ишлашни билишмайди. Ҳар доим ҳаммаси режиссёрга боғлиқ деб ўйламаслик керак. Аслида бутун бир жамоа масъулият билан ишлаши талаб этилади.

    Энди ижодий жараёндаги янги услублар ҳақида гапирадиган бўлсам, тарихий фильмларимиз аксарият ҳолларда давр ва шахсни тўлалигича ёритиб беришга эмас, мавжуд тузум имкониятларини мадҳ этиш билан овора бўлиб қолар эди. “Ибрат” фильмида эса олим ва зиёли шахснинг изтиробларини бор-бўй басти билан беришга интилдик.

    Сиз бу мақсадингизни амалга ошириш учун ҳатто сезиларли даражада импровизация ҳам қилдингиз. Тўғрими?

    Шу ҳаракатимни сезганингиздан хурсандман. Саидкомил Умаровнинг терговда актёр Карим Мирҳодиев билан бўлган саҳнасини айтяпсиз-да... Яъни, Ибратнинг китоблари ёқиладиган саҳна... Бу саҳна ўзи чиндан ҳам сценарийда йўқ эди. Сценарийга кўра Ибрат турмада ўтирганида китобларини ташқарида ёқишади. У ёнаётган китобларини ойнадан томоша қилиши керак эди. Операторимиз “Жаҳонгир ака, китобларни шу хонага печка олиб кириб кўзининг ўнгида ёқсак бўлмайдими”, деб қолди. Совуқ кунлар эди, февраль ойи... Бу таклиф менга жуда маъқул келди. Ахир олим одамнинг китобларини кўз ўнгида ёқиш бу даҳшат-ку! Биргаликда саҳнани ўйлаб кўрдик... Буни қарангки, менинг юрагимга теккан жойи шу саҳна бўлди. Энди шу саҳнага китоблар ёқилаётган пайтда Ибрат айтадиган энг таъсирли сўзларни топиш керак эди. Ибратнинг ёзганларини варақладим. Кейин ўйлаб қолдим, ахир у 20 та тилни билади-ку... Ва ўша машҳур Генрих Гейненинг китоблар ҳақидаги иқтибосини танладик. Бу иқтибос менинг юрагимдаги дардларга мос келди жуда. Ёши катта зиёли одам нега китобларимни ёқяпсан деб жанжал қилмайди-ку... Қолаверса, қаҳрамонимиз ҳаётга бошқача кўз билан қарайдиган, тасаввуфни ҳам яхши биладиган авлиёсифат одам бўлган. Ёнаётган китобларга қараб немисчалаб тушуниб бўлмайдиган сўзларни айтади. Шунда адвокат “Нима дедингиз?” деб сўрайди. У оғир-босиқлик билан: “Бугун китоб ёқаётган миллат эртага одамларни ҳам ёқа бошлайди”, дейди. Актёрлар барибир эҳтирос билан ўйнагиси келади-да... Саидкомил ака бу сўзларни баланд овозда бор нафратини намоён қилиб айтгиси келди. Мен эса “Яхшироқ таъсир қилиши учун сиз бу сўзларни секин ва босиқлик билан айтишингиз керак”, дедим. Ва Саидкомил ака бу вазифани уддалади.

    Шу ўринда бир воқеани айтиб берай. Салвини деган итальян актёри “Отелло” спектаклида роль ижро этиш учун Россияга келади. Ўша пайтда Станиславский ёш актёр бўлади. Спектаклдан сўнг бир амаллаб гримхонага киради. Салвинининг қўлларини ушлаб “Сиз буюксиз! Ҳозир шундай зўр роль ижро этдингиз, мен жуда қойил қолдим. Қандай қилиб инсон шу даражада маҳорат билан ўйнаши мумкин? Айниқса, сизнинг : “Қон! Яго! Қон!” деб бақирганингизни эшитиб, ойна тугул деворлар ҳам зириллаб кетди”, дейди. Шунда Салвини “Худди ўша “Қон! Яго! Қон!” деган жойини мен пичирлаб айтдим”, дейди. Шунда Станиславский ёзадики, агарки, биз эҳтиросли саҳнани қанчалик паст овозда айтсак, унинг таъсир кучи шунчалик кўп бўлар экан, менга Салвини шуни англатди”, дейди. Худди шу нарса одам психологиясида ҳам бор. Бекорга халқимиз “Ургандан туртган ёмон”, демаган. “Туртган ёмон-да. Ундан кўра тутволиб урмайдими”, дейди ўзининг камситилганини сезган одам.

    — Ҳозир сиз хорижий тажриба, иш услуби бизга ҳам, ёшларимизга ҳам керак, деб таъкидлаб ўтдингиз. 2021 йил 28 августда Президентимизнинг “Тошкент шаҳрида “С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти” федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Мазкур институтдаги таълим жараёни бевосита таниқли режиссёр ва актёрлар билан ҳамкорликда йўлга қўйилиши табиий. Бу жараёндаги қандай яхши ўзгаришлар ва ютуқларни айтиб ўтишни истаган бўлардингиз. Сиз нималарни орзу қиласиз? Мана шу жараёнда қандай сабоқлар йўлга қўйилиши керак? Кино соҳасида қилиниши зарур бўалдган яна қандай ишлар бор?

    Бу машҳур таълим даргоҳида Сергей Бондарчук, Андрей Тарковский, Владимир Меньшов, Сергей Соловьёв каби машҳур режиссёрлар дарс берган. Шу брендга мос талабалар етишиб чиқса қандай яхши! Ушбу олий таълим маскани катта мақсад ва режалар асосида ташкил қилинган. Шунга яраша ўз меваларини берса яхши бўларди. 2021–2022 ўқув йилида ўзбекистонлик талабалар учун нафақат россиялик кинематографлар, балки 70 га яқин давлатлардан келган кино усталари билан турли мавзуларда маърузалар ва маҳорат дарслари, хорижий мутахассислар билан ижодий учрашувлар ташкил этилгани мени қувонтиради. Шунингдек, франциялик кинорежиссёр Люк Бессон, англиялик инвестор Мартин Смит, польшалик кинорежиссёр Кшиштоф Занусси, германиялик актёр Маттиас Хьюз, ҳинд кинорежиссёри Фарук Кабир, япониялик актриса Минами, кореялик продюсер, IOVASIA директори Мун Хён Сук, англиялик профессор, Ижодий ва маданий тадбиркорлик институти директори Жеральд Лидстоун, Тожикистон халқ артисти Муҳаммад-Али Махмадов, Даниянинг “Danmon Group” ва Германиянинг “Arri Group” компанияси мутахассислари иштирокида ҳам маҳорат дарслари бўлиб ўтди. Ёшларимиз бу имкониятлардан тўла фойдлаланиши керак. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Мен ҳамиша ёшларга айтаманки, энг аввало, ижодкорнинг базаси, пойдевори миллий бўлиши керак! Сиз қанча ҳаракат қилиб хорижда фаолият юритсангиз ҳам нозик сезгиларингиз, ҳиссиётларингиз миллий кўҳна илдизлардан сув ичади. Қайси давлатда фаолият юритманг, сиз энг аввало, ўзбек режиссёри сифатида ном таратасиз. Ва аввало, шу номни оқлашингизга тўғри келади. Мана, масалан, Голливудда қанча зўр режиссёрлар бор: Милаш Фоман, Патрик Адамс, Жеймс Айвори, Клер Маккарти... Уларнинг бири Италиядан, бири Франциядан, бири Австралиядан... Улар суратга олган фильмларни кўрсангиз, дарров қайси юртдан эканини сезасиз...

    Айни пайтда ёш режиссёрларимиз билан суҳбатлашиб қолсангиз, аввало гапни Станиславскийдан бошлашади. Лекин ўзимизнинг ўлмас киноларимизни суратга олган устоз режиссёрларимизнинг ўзига хос қандай анъаналари бўлгани ҳақида сўрасангиз, батафсил жавоб бера олмайди...

    Тўппа-тўғри, ҳатто уларнинг аксарияти Шукур Бурҳонов, Олим Хўжаев, Етим Бобожонов, Наби Ғаниевлар кимлигини билишмайди. Устоз режиссёрларимиз аввал Ҳамза театрида миллий спекталлармизда образ яратиб Ҳамза, Фитрат, Беҳбудий асарларини саҳналаштириб, кейин Кинематография институтида (ВГИК), хорижий институтларда малака оширишган. Озарбайжонда, Туркияда, Грузияда ўқишган. Масалан, “Ғариблар” спектаклини эсланг. Уларни ким айтади миллати ўзбек деб... бошқа миллат руҳиятини маромига етказиб очиб беришган. Биздан катта авлод ўзимизнинг театрларга ҳам “Отелло”га тўполон билан зўрға киришган. Бўлмаса, Отелло қаердаю, Ўзбекистон қаерда...

    Шу кунларда мен ҳам бир орзу билан изланиб юрибман. Яхши бир пьесани саҳналаштириш истагидаман. Ёшлигимда бу борада кўп таклифлар бўлган, лекин хоҳишим бўлмаган эди. Айни пайтда эса юрагимни жизиллатадиган пьеса излаяпман. Биласизми, ўзингиз хоҳлаган ижодий асар ҳам сизга ҳамдард бўлиши керак. Масалан, бир пайтлар Рустам Бойтўранинг “Рўмол” номли ҳикоясини “Ёшлик” журналида ўқиб қолганимда дардкаш бир яқин инсонимни топгандай қувониб кетганман. Муаллиф ўз асарида оддийгина бир ўзбек оиласидаги психологик муҳитни жуда самимий ва ишонарли тарзда очиб берган. Беихтиёр болалигимда бобомнинг ҳовлисида кечган онларим кино тасмасидай кўз ўнгимдан ўта бошлаган. Ўша ҳикоя асосида ишлаган фильмимни дўстим Зулфиқор Мусоқов “Яраланган қуш ҳамон учмоқда” деб номлаб берган эди.

    Ёшларга тилагим шуки, сиз ўзингизни таниб олмагунингизча атрофдагиларни англай олмайсиз. Аввал ўзингизни тафтиш қилинг, ота-бобонгизни, тарихингизни, етти авлодингизни ўрганинг! Устоз ижодкорлар архивларини ўрганинг, фильмларини қайта-қайта томоша қилиб, “сув қилиб ичиб юборинг”! Ўшанда юрагингиз тубидаги асл дард қалқиб чиқади. Ва сиз миллатимиз, халқимиз, давлатимиз олдидаги асл вазифангиз нима эканини англайсиз! Федерико Феллини айтганидек, “Фильмларингиз номлари ҳар хил бўлса-да, уларнинг барчаси сизнинг асл дардингиз, мақсадингиз, қалбингиз қудратидан сўзлайди!”

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА

    суҳбатлашди.

    No date selected
    декабр, 2023
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates