Шу муносабат билан ташкил этилган ҳашарда вазирлик марказий аппарати, тизимдаги республика ташкилотлари, Тошкент ва Жиззах вилоятларидан ишчи-ходимлар қатнашди. Ҳашарчилар бир куннинг ўзида 5 минг туп бодом кўчатларини қадашди. Хафта охиригача режадаги кўчатлар экиб бўлинади.
Албатта, тоғолди ҳудудида, лалми жойда дарахт ўстиришнинг ўзи бўлмайди. Сувчилар бунинг ҳисобини олишган. Пастдан оқиб ўтувчи сойдан насос орқали сув чиқарилиб, ҳовуз қурилади ва кўчатларни томчилатиб суғориш йўлга қўйилади.
— Ҳамма дарахтни сувга яқин жойга экишни истайди. Сувсиз кўчат унмайди. Сув хўжалиги тизимида эса дарахт кўкартириш учун имкониятлар бисёр, — дейди вазирлик бошқарма бошлиғи Хуршид Лапасов. — Барча ҳудудларда сув хўжалиги ташкилотлари тасарруфида канал, ариқ, зовурлар бўлиб, уларнинг ёқалари, ҳимоя минтақаларида кўчат экишга шароит бор. Шу боис, аслида ушбу мавсумда 1,5 млн. туп кўчат экиш топшириғини олишган бўлса-да, сувчилар 15 млн. туп мевали ва манзаралари дарахт кўчатлари, қаламчалар экиш ташаббуси билан чиқишди. Бугунга қадар ресублика бўйича сув хўжалиги ташкилотлари ходимлари томонидан экилган кўчатлар сони 4,1 млн. тупдан ошиб кетди.
Яна бир жиҳатни эътиборга олиш керак. Сувчилар азалдан сув бўйларига кўчат экиб келишган. Бунинг учун улар кўчатни сотиб олмасдан, ўзлари кўпайтиришган. Деярли барча сув хўжалиги ташкилотларида кўчатхоналар бор. Айрим ташкилотлар ёрдамчи хўжалигида дарахт кўчатларини кўпайтириб, даромад қилишнинг ҳадисини олишган. Шу сабабли, “Яшил макон” дастури доирасида сувчилар ички имкониятни ишга солишмоқда.
Қилинган меҳнатлар ҳеч қачон бесамар кетмайди. Бугун бошланган ишлар, албатта, натижасини беради. Бир-икки йил ўтиб, сув бўйларида яшил майдонлар пайдо бўлиб, дарахтлар гуллаб-яшнайди.
Шуҳрат СУЮНОВ,
Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи









