Суюрлитепа ёдгорлигидан илк ўрта асрларга оид монументал иншоотнинг ўрни аниқланди

    Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази ва Тарих институти ходимлари томонидан Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани ҳудудида жойлашган Суюрлитепа ёдгорлигида олиб борилган қазишма ишлари натижасида илк ўрта асрларга оид монументал иншоотнинг ўрни аниқланди.

    Суюрлитепа ёдгорлиги Оҳангарон дарёсининг чап соҳилида, Қурама тоғларининг шимолий этагида, бугунги Санам қишлоғидан 2 км шарқда, Олмалиқ шаҳрини Ангрен шаҳри билан боғловчи автомобиль йўли ёқасида жойлашган.

    Қазишмалар Вағнзе мулкининг жануби-шарқий қисмидаги нисбатан баландроқ тепаликни очиб ўрганишдан бошланди. Қазишма 20х20 метр ўлчамли майдонда амалга оширилди.

    Аниқланган иншоот қурилишида пахса ва хом ғиштлардан фойдаланилган. Бино 3 қаватли пахса блокларидан иборат платформанинг уст қисмида кўтарилган. Унинг том қисми аркасимон қилиб ёпилганлиги қазишмалар жараёнида аниқланди. Иншоотнинг айнан қандай вазифани бажарганлиги ҳақида тугал хулосага келингани йўқ. Тадқиқотлар якунида якуний хулосалар берилади.

    Тадқиқотлар натижасида ривожланган ўрта асрларга келганда бинодан бошқа мақсадларда фойдаланганлиги қайд этилди. Иншоот марказий хона ва унга туташтирилган ёрдамчи хоналардан иборат қилиб қурилганлиги ҳамда унга яна бир қанча хўжалик хоналари кейинги даврларда қўшилганлиги ёдгорликнинг режасида акс этган. Қазишма майдонида жами 10 га яқин хоналар очиб ўрганилди.

    Археологик қазишмалар натижасида бу ердан Турк хоқонлиги, Сомонийлар, Қорахонийлар ва Мўғуллар босқини даврига оид бой ашёлар, тангалар, сопол идишлар, камон ўқининг учлари, шиша идишлар, турли хил тақинчоқлар, суякдан қилинган тароқлар ва бошқа кўплаб тарихий буюмлар топилди.

    Хоналардан пахса блокли платформани ўйиб очилган жами 5 та хўжалик ўралари аниқланди. Ўралардан биттаси тўғри тўртбурчак, қолганлари эса айлана шаклга эга. Улардан 20 турдаги шиша идишлар, хусусан, шиша лаганлар, вазалар, жомлар ва табиблар томонидан гиёҳ солиш учун ишлатилганлиги талқин қилинаётган кичик, нозик кўринишга эга шиша идишлар ва ҳоказолар топилди. Бундай турли-туман шиша идишларнинг топилиши бу ҳудудларда бир вақтлар шишасозлик юксак даражага етганлигини тасдиқлайди.

    Ўралардан бирида Сомонийлар даврида оид (Х аср) ноёб лаганлар ҳам топилди. Уларнинг сиртига оқ ранг берилиб, сирланган. Лаганлардан бирида араб алифбосининг куфий хатида العمر .البركة لصاحبه كل сўзлари ёзилган. Ёзувлар ўнг томондан ўқилганда алъумру (умр), ал-баракату (барака), ли соохибихи (эгаси учун, эгасига) сўзлари битилган. Лаганлардан бирида ҳумо қушига ўхшаб кетадиган қуш тасвирланган бўлиб, у тумшуғида гул тутиб олган. Иккала лаган ҳам Сомонийлар даврининг нодир намуналаридан ҳисобланади.

    Шаҳарнинг ички йўлларини аниқлаш мақсадида 7 та нуқтада траншеялар (эни 1 м, узунлиги 5-14 метрли чуқурлар) ташланди ва шаҳарнинг баъзи ички йўлларининг ўрнига аниқлик киритилди.

    Ёдгорликнинг жануби-шарқий қисмидаги кенг майдонларда қават-қават қилиб тармоқланган ариқлар ўрни яққол кўзга ташланади. Қадимий мажмуа ҳудуди жуда кенглиги боис унинг катта қисми ўз сир-асрорларининг очилишини кутиб турибди. Ёдгорликда археологик тадқиқотлар давом эттирилмоқда

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates