Тадбиркор маънавияти: янги давр талабларига жавоб бераяптими?

    “Тадбиркор маънавияти” тушунчаси нимани англатади? Аслида, алоҳида тадбиркор маънавияти ҳақида гапириш мумкинми? Жамият манфаатларига мос тадбиркор маънавиятини қандай шакллантириш мумкин?

    (Биринчи мақола)

    Бугунги кунда Президентимизнинг Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишидаги маърузаси асосида жамиятимиз маънавий ривожини янада юксалтиришга хизмат қиладиган тизимли фаолият дастурлари ишлаб чиқилиб, уларни бажариш йўллари белгилаб олинди.

    Маърузанинг “Маънавият ҳаётимизда янги куч, янги ҳаракатга айланиши керак” деб номлангани бежиз эмас, албатта. У жамиятимизда янги маънавий маконни яратиш, ғоявий баркамол авлодни вояга етказиш стратегиясининг нафақат жорий йил, балки келгуси йиллардаги фаолияти учун ҳам таянч ҳужжат вазифасини ўтайди.

    Илмий-назарий жиҳатдан ушбу маъруза ҳозирги янги босқичдаги кенг қамровли маънавий-маърифий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, жумладан, тадбиркорлар ва мулкдорлар қатламининг бутун жамият манфаатларига мос янги маънавий қиёфасини шакллантириш йўналишидаги ишларнинг муҳим дастуруламали эканлиги ҳам шубҳасиз.

    Маърузада кейинги йилларда маънавий ҳаётимизда эришилган марралар сарҳисобига доир келтирилган мисоллар ва далиллар кенг кўламли ислоҳотларнинг самарали амалиёти ва натижалари ҳақида аниқ-тиниқ тасаввур учун манба ҳисобланади, бу борадаги моддий асослар тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

    Айни пайтда, сўнгги 3–-4 йилда халқаро майдонда бўлаётган ўзгаришлар дунё иқтисодиёти, жумладан, миллий иқтисодиётимизга ва юртимиздаги тадбиркорлар фаолиятининг баъзи йўналишларига катта таъсир ўтказмоқда. Турли зиддиятлар туфайли логистика ва маҳсулот етказиб бериш занжирида узилишлар бўлаётгани, ҳамкор мамлакатлар валютасининг қадрсизлангани, глобал миқёсда инфляция даражаси юқори бўлиб қолаётгани, молиявий ресурсларнинг илгаригига нисабатан камайиб бораётгани ва қимматлашаётгани каби омиллар таъсирини соҳа вакиллари сезиб турибди.

    Бундай мураккаб шароитда муаммоларни бевосита бизнес вакилларининг ўзидан эшитиб, уларга биргаликда ечим топиш ва бу орқали тезкорлик билан қарор қабул қилиш энг тўғри йўлдир. Бундан уч йил олдин яхши бир тажриба – Тадбиркорлар куни арафасида Президентимизнинг соҳанинг энг илғор вакиллари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувлари, яъни тўпланиб қолган масалаларга биргаликда ечим топиш амалиёти йўлга қўйилгани ва ушбу анъана давом этаётгани бунга яққол далил.

    ТАДБИРКОРЛИК ОДИМЛАРИ

    Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларданоқ тадбиркорлик ва ишбилармонлик ҳаракатига кенг йўл очилиб, мулкчилик муносабатлари ўзгарди, тадбиркорлар ва мулкдорлар қатлами шакллана бошлади. Ўтган ўн йилликларда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва “Тадбиркор аёл” уюшмаси каби ташкилотларнинг пайдо бўлгани ана шу серқирра жараённинг натижасидир.

    Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги янги даврини бошлаб берган кейинги йилларда тадбиркорлик ва мулкдорлик билан боғлиқ масалаларга янада катта эътибор берилмоқда ва бу бежиз эмас. Негаки, жаҳон халқлари ва замонавий илғор мамлакатлар иқтисодиётининг натижадорлиги, ҳаракатчанлиги ва динамиклигини таъминлаш ва ривожлантиришда тадбиркорларнинг ўзига хос ўрни борлиги аллақачон исботланган. У бугунги тараққий этган мамлакатлар ҳаётининг асосий элементларидан ва бизнинг юртимиз иқтисодиёти учун ҳам энг муҳим омиллардан бири сифатида ўз самарадорлигини кўрсатмоқда.

    Алоҳида таъкидлаш жоизки, ишбилармон доиралар вакиллари бўлган тадбиркорлик ва мулкдорлик субъектлари учун 2023 йил алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Хусусан, ўтган йилнинг 18 август куни Ўзбекистон тарихида учинчи марта Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.

    Мазкур тадбирда белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва ушбу ҳужжат билан 42 та банддан иборат “йўл харитаси” тасдиқланди. Унда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича 57 та ташаббус илгари сурилган. Қарор билан 5 та йўналиш бўйича тасдиқланган “йўл харитаси”га асосан 11 та қонун, Президентимизнинг 1 та фармони, 15 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 10 та қарори, 10 та амалий чора-тадбир, 3 та чора-тадбир режаси ҳамда 1 та Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қабул қилиниши белгиланди.

    Ўтган бир йилда кичик тадбиркорлар сони 40 мингтага кўпайиб, 490 мингтага, ўрта тадбиркорлар сони 2 мингтага ошиб, 10 мингтага етди, йирик корхоналар сони эса бир йилда 400 тага кўпайиб, 1,5 мингта бўлди. Бу кўрсаткич Тошкент вилоятида 38 минг 876 тага, Самарқанд вилоятида 37 минг 680 тага, Фарғона вилоятида 36 минг 359 тага етди. Тадбиркорлик субъектларининг сони ҳар 1000 аҳолига 14,1 тани ташкил этяпти. Бу кўрсаткич Самарқанд вилоятида 11,8 та, Тошкент вилоятида 15,2 та, Фарғонада 11,9 та. 2023 йилнинг январ-сентябрь ойларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда кичик тадбиркорликнинг улуши 25,9 фоизни ташкил қилди.

    Буларнинг барчаси ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани, ислоҳотлар аниқ-тиниқ амалга оширилаётгани билан изоҳланади. Бунда қуйидаги йўналишлар ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда:

    Биринчидан, бизнес субъектлари микро, кичик, ўрта ва йирик тоифаларга бўлинди ва уларнинг ҳар бири билан алоҳида ёндашувлар асосида ишлаш тизими йўлга қўйилди. Шунингдек, туман ва шаҳарлар ҳам 5 тоифага ажратилди, 60 туманга алоҳида солиқ, кредит ва молиявий ёрдам режимлари жорий қилинди. Натижада бу туманлардаги тадбиркорлар қарийб 1 триллион сўм имтиёзлардан фойдаланди. Бунинг ҳисобидан 20 тумандаги тадбиркорларнинг даромади 1,5–2 баробар ошди.

    Иккинчидан, қўшилган қиймат солиғини қайтариш муддати қисқартирилиб, 2022 йил 1 августдан 2023 йил 1 августгача 6 мингта корхонага 20 триллион сўм қайтариб берилди. Айниқса, экспортдан валюта тушумини кутмасдан, қўшилган қиймат солиғини интизомли экспортчи корхоналарга қайтариб бериш тартиби жорий қилингани натижасида 2 мингдан зиёд тадбиркорнинг ҳисоб рақамига 7 триллион сўм келиб тушди. Энг муҳими, ушбу солиқ ставкасининг 12 фоизга туширилгани ҳисобидан қўшилган қиймат занжири иштирокчилари сони 26 мингтага кўпайиб, уларнинг фаолияти “соядан” чиқди. Қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 184 мингтага етди. Самарасиз солиқ механизмларини қўллаш оқибатида вужудга келган солиқ қарздорлигидан воз кечилгани ҳисобидан бизнес ихтиёрида 2 триллион сўм қолди.

    Учинчидан, кредит беришда айланмадаги товарлар, экспорт шартномалари, аккредитивлар ва келгуси тушумлардан ҳам гаров таъминоти сифатида фойдаланиш тизими яратилди. Бу имкониятдан фойдаланган тадбиркорларга 1 миллиард доллар кредитлар берилди. Шунингдек, микро-молия ташкилотларини очиш тартиби осонлашди. Натижада мамлакатимизда банкларга муқобил кредитлар бозори пайдо бўлди. Сўнгги бир йилда бундай ташкилотлар сони 1,5 баробар, улар ажратган кредит миқдори эса 3 баробар ошди. Бир йилда нобанк ташкилотлар 3 триллион сўм кредит берди.

    Божхона ҳудудида қайта ишлаш тизими соддалаштирилди ва ушбу режимдан фойдаланувчи тадбиркорлар сони 2 баробар кўпайди. Мисол учун, бир йил ичида шу имконият орқали 455 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди ва 110 миллион долларлик қўшилган қиймат яратилди.

    Тўртинчидан, илгари янги тадбиркорлар учун “кириш қийин бўлган” 119 та фаолият бўйича лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди ёки хабардор қилиш шаклига ўтказилди. Мамлакатимиз ҳудудида юкларни автомобилда ташиш фаолияти бўйича лицензияларни бекор қилиш ҳисобидан юк ташиш ҳажми 1,5 баробар ошди.

    Бешинчидан, тўғри ишлайдиган солиқ тўловчилар фаолиятида текширишлар кескин қисқаргани муҳим омил бўлди. Хусусан, 2023 йилнинг олти ойида текширишлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоиз ёки 104 мингтадан 64 мингтага камайган. Яъни, тадбиркорлар тўғри ишлаш “сояда” ишлашдан кўра афзал эканини тушуниб етмоқда. Шунинг учун ҳам солиқ ҳисоботларини топшириш ва камерал текшириш натижалари бўйича молиявий жарималар қўллаш бекор қилинди. Берилган енгилликлардан фойдаланган 155 корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллион доллардан ошди. Киритилган йиллик хорижий сармоялар ҳажми эса илк бор 10 миллиард долларга етди. Бу – 2017 йилга нисбатан 3 баробар кўп.

    Бўлиб ўтган очиқ мулоқотлардан кейин сўнгги икки йилда корхоналар томонидан 25 миллиард долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди ва аввал импорт қилинган 10 миллиард долларлик маҳсулотни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

    Бугунги кунда ана шундай натижаларга эришаётган, ишлаб чиқариш, сервис ва хўжалик юритишнинг бошқа соҳаларида ташаббус кўрсатаётган, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган фаол тадбиркорлар авлодини тарбиялаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган илғор тадбиркорларнинг фаолияти ҳам жамият ривожи учун муҳим омил ҳисобланади.

    Айтиб ўтиш жоизки, ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланишини рағбатлантирувчи бизнес муҳитини яратиш, мамлакат иқтисодиётида хусусий секторнинг улуши ва аҳамияти, тадбиркорларнинг касбий маҳорати ва билим даражасини ошириш учун зарур шарт-шароит яратиш алоҳида эътиборни талаб қилмоқда.

    Тадбиркорлар фаолиятидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни реклама қилиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларига кўмаклашиш, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ва ўз тенгдошларига ўрнак бўлаётган ёш тадбиркорларни рағбатлантириш бу борадаги асосий вазифалар сирасига киради.

    Ушбу масаланинг долзарблиги ишбилармонлар ва мулкдорларнинг маънавий қиёфасини янги кун талаблари даражасида шакллантириш зарурати билан боғлиқ, албатта. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман, ЎзЛиДеП, Савдо-саноат палатаси ва “Тадбиркор аёл” уюшмаси каби ташкилотларнинг фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.

    Масалан, биргина ЎзЛиДеП тизимида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши бўйича белгиланган вазифалар доирасида “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш” йўналишидаги 38–44 мақсадлар бўйича амалга оширилган ишлар таҳлили ҳам бу борадаги фаолият ниҳоятда муҳим паллага кирганидан далолат беради. Унга кўра, 2023 йилнинг сўнгги чораги давомида мамлакат миқёсида 120 дан ортиқ тадбир, танлов, давра суҳбати, китоблар тақдимоти, маънавият кунлари, музей, маданият ва санъат марказлари, муқаддас қадамжоларга ташрифлар ташкил этилди. Ҳудудларда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар учун 21 марта музейларга ва 17 марта муқаддас қадамжоларга саёҳатлар, “Янги Ўзбекистон – маърифатпарвар давлат” мавзусида республиканинг 14 ҳудудида 28 та давра суҳбати ташкил этилди.

    Бугунги амалиёт, бир томондан, мамлакатимизда тадбиркорлар сони ва фаолиятининг самараси ортиб ва қамрови тобора кенгайиб бораётгани, иккинчидан, ушбу соҳага эътибор кучайиб, давлат томонидан янада кенг имкониятлар яратилаётганидан далолатдир.

    Бу айни пайтда сафларига муттасил равишда янги авлод вакиллари кириб келаётган тадбиркорлар қатламининг маънавий қиёфасида ижобий хислатлар ва эзгуликка хизмат қиладиган хусусиятларни тизимли тарбиялаб боришни заруратга айлантирмоқда.

    МАЪНАВИЯТ МЕЗОНЛАРИ

    Инсон ўз маънавиятини шахс сифатида ўзини англаган ва камолотга етган йилларидан бошлаб умрининг охиригача шакллантириб, ривожлантириб боради. Кейинги йилларда юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва янги тадбиркорлар авлодини шакллантиришда ана шу жиҳатга алоҳида аҳамият қаратилаётгани бежиз эмас.

    Замонавий тадбиркорларга хос маънавий етуклик шартларидан бири инсоний сифатларнинг уйғунлигидир. Кишининг ички ва ташқи дунёси, соғлом фикри, оқилона сўзи билан амалий фаолияти, тили билан дили бирдай бўлиши етуклик мезони ҳисобланади.

    Шу жиҳатдан қараганда, “тадбиркор маънавияти” тушунчаси нимани англатади? Аслида, алоҳида тадбиркор маънавияти ҳақида гапириш мумкинми? Жамият манфаатларига мос тадбиркор маънавиятини қандай шакллантириш мумкин? Бу борада қандай самарали усуллар ва воситалардан фойдаланган маъқул? Мазкур саволлар ва уларнинг жавоблари мавзунинг мазмун-моҳиятини ҳамда унинг тадбиркорлик учун аҳамиятини акс эттиради, албатта. Афсуски, бу каби саволларга жўяли жавоблар олиш ва амалиётда фойдаланиш имкониятини берадиган тадқиқотлар кам. Бугунги кунда уларга эҳтиёж тобора ортиб бораётгани ҳам ҳақиқат.

    “Тадбиркор маънавияти” тушунчаси ҳар бир тадбиркорнинг ички дунёси ва руҳияти, ижтимоий масъулияти, адолатни разилликдан, яхшиликни ёмонликдан, оқилликни жоҳилликдан ажрата билиш қобилияти, ўз-ўзини англаши, дид-фаросати ва ақл-заковати ҳамда уларни амалга ошириш йўлида онгли фаолияти мажмуини ифодалайди.

    Юқоридаги талқинига кўра, тўғри шаклланган маънавият замонавий тадбиркорлардан ўзи туғилиб ўсган шу муқаддас замин учун фидойи бўлишни, эл-юрт ривожи ва халқ фаровонлиги учун доимо масъулият сезиб яшашни, аждодларимизнинг бебаҳо мероси, миллий қадрият ва анъаналаримизни асрашни, юксак фазилатли ва комил инсон сифатида янгиланиш ва яратувчилик ишларига фаол кўмаклашишни талаб қилади.

    Шу билан бирга, тадбиркорларнинг мустақил фикрлаш, мустақил қарор қабул қилиш ва масъулиятни ўз зиммасига олиш каби хислатларини ҳам тарбиялаш лозим. Бунинг учун қуйидагиларга алоҳида аҳамият қаратиш зарур:

    – ҳар бир тадбиркор ҳаётида турли вазиятларга тушиб қолганида унинг ҳаёт мобайнида тўплаган тажрибаси, инсоний фазилатлари етакчи рол ўйнайди;

    – тадбиркорларда муаммолар, воқеа-ҳодисаларни реал макон ва вақт чегараларида аниқ тасаввур қилиш ва ечимларини белгилай олишни ривожлантиришга диққатни қаратиш улкан ютуқлар омили бўлиши мумкин;

    – тадбиркорлар фаолиятида бир вақтнинг ўзида бир қанча муаммолар моҳиятини англаш орқали тафаккурни янги муаммолар ечимига йўналтириш ҳам фойдадан холи эмас.

    Буларнинг барчаси, ҳар бир тадбиркорнинг ўзини-ўзи бошқариш, ўз фаолиятини аниқ ва тўғри ташкил қилиш қобилияти, ҳар қандай ишга шахсан кириша билиш ва унинг бажарилишини назорат қилиш каби шахсий хусусиятларини шакллантиришга асосий эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эгалигидан далолат беради.

    Айни пайтда, бу соҳада олимлар ва мутахассисларнинг диққатини тортаётган ва дунёнинг қарийб барча мамлакатларига хос бир қатор муаммолар, яъни, мулкдорлик ва тадбиркорлик субъектларининг барқарор фаолиятини таъминлаш сиёсати самарали йўлга қўйилиши, тижорат фаолияти билан шуғулланувчилар ўртасида монополистик тенденциялар юзага келиш ҳолатларига барҳам бериш, бу соҳада адолатсиз рақобатнинг олдини олиш ва коррупция ҳолатларини бартараф этиш кабилар билан боғлиқ масалалар долзарб аҳамиятини сақлаб қолмоқда.

    Бу жиҳатдан, давлат органлари ва фуқаролик институтлари, ижтимоий субъктлар ва ташкилотлар фаолиятида амал қилиш зарур бўлган ва бугунги тадбиркорнинг миллий қадриятларга асосланган замонавий дунёқараши ва маънавий қиёфаси шаклланишига катта таъсир кўрсатадиган қуйидаги омиллар муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этиш лозим:

    – тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини самарали ва тизимли амалга ошириш тамойилларига оғишмай амал қилиш;

    – давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш, тадбиркорларга бу борада аниқ ва тизимли ёрдам бериш механизмини йўлга қўйиш;

    – тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш амалга оширилаётганда уларни ҳуқуқий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш. Бундай текширувларни мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувлари ўтказилишининг қонунийлигига қатъий амал қилиш;

    – тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилишини таъминлаш. Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятини бажаришга таъсири самарадорлигини оширишга кўмаклашиш;

    – тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш, уларни ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан самарали фаолиятни йўлга қўйиш. Ушбу жараёнга тадбиркорлик субъеклари ва уларнинг вакилларини кенг жалб этилишига эришиш.

    Шу билан бирга, ҳар бир тадбиркор ўз манфаатларини рўёбга чиқариш жараёнида нафақат моддий неъматлар, балки маънавий бойликлар, ташкилий-бошқарув тузилмалари, жамиятда мавжуд турли муносабатларни, яъни бутун ижтимоий-маънавий ҳаётни ҳам яратади. Бу жараёнда тадбиркорлик соҳасида аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган маънавий мезонлар ва қадриятларнинг кўпчилигига янги мазмун бағишлаб, баъзиларини қайта тиклашдан кўзланган мақсад ўтмишга сиғиниш эмас, балки маънавиятнинг миллий-этник асосларига суяниб, ундан фойдаланиб олға силжиш, тараққиётнинг янги босқичига чиқишдан иборатдир. Бугунги тадбиркорларимиз маънавиятига умуминсоний ва миллий қадриятларни ўзлаштириш, халқнинг маънавий тажрибаси ва анъаналарини билиб олиш ҳамда тадрижий давом эттириш, ривожлантириш нуқтаи назаридан ёндашиш зарурлиги давр талабига айланди.

    Глобаллашув жараёнида мафкуравий кураш ўзининг юқори нуқтасига чиқаётган бугунги кунда, турли маънавий таъсирлар, аввало, тадбиркорларнинг онгини заҳарлаш ва уларни ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш оқибатлари бизга шуни яна бир бор исботламоқдаки, мана шу қатлам орасида ғоявий тарбия ва тарғиботни кенг кўламда ёйиш, унинг моҳиятини очиб беришга хизмат қиладиган турли маърифий тадбирлар, таълим тизими ва хилма-хил тарғибот технологияларидан фойдаланиш кутилган натижаларни бериши мумкин.

    Буларнинг барчаси, бугунги кунда юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсадни изчил амалга оширишга қаратилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида тадбиркорлар маънавий қиёфасини юксалтириш учун тизимли фаолият олиб бориш ҳозирги давр талаби ва тақозоси, уни такомиллаштириш омиллари ва тамойилларини белгилайдиган фаолият мезонига айланаётганидан далолат беради.

    Президентимизнинг ушбу маърузаси эса ана шу йўналишдаги фаолиятнинг жорий йилдаги долзарб вазифалари аниқ-тиниқ белгилаб берилган ҳужжат сифатида ҳозирги кунлардаги ишларимизнинг самарали амалга ошишини таъминлаш мезони тарзида ниҳоятда катта назарий ва амалий аҳамиятга эгадир.

    Айни пайтда мазкур йўналишдаги дастурлар ва чора-тадбирларнинг мазмун-мундарижасини тубдан яхшилаш, ушбу соҳанинг мақсади ва моҳиятини белгилайдиган тизимли ишлар билан боғлиқ фаолият самардорлигини таъминлаш алоҳида эътиборни талаб қилмоқда.

    Шу билан бирга, бирор бир қатлам ёки соҳа вакилларига хос маънавият тамойиллари тўла-тўкис шаклланиши ва уларнинг етук, такомиллашган ҳолатга келиши учун кўп йиллар, баъзида бир неча ўн йил керак бўлиши ҳам маълум. Ўтган асрда қарийб 70 йил давомида инкор қилиб келинган ва истиқлол йилларида қайта бўй кўрсата бошлаган тадбиркорлик ҳаракати ва унинг вакилларига хос маънавий мезонлар ҳамда тамойиллар шаклланиши ҳам ана шундай тадрижий жараёндир.

    Ушбу жараённинг самарали амалга ошиши учун жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий-маънавий ҳаётида туб ўзгаришлар рўй бериши ва мазкур янгиланишлар тадбиркорлар қалби ва онгига сингиши ҳамда мустаҳкамланиши даркор. Ўз навбатида бу, тараққиётнинг янги босқичига ўтган Ўзбекистон жамиятида “тадбиркор маънавияти” тушунчасининг вужудга келиши ва мустаҳкамланиши жараёнини белгилайдиган таянч омиллар тизими янгиланишини тақазо қилади.

    Қиём НАЗАРОВ,

    фалсафа фанлари доктори, профессор

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates